Автор: Суғд Ҳақиқати Категория: ВИЛОЯТ ЯНГИЛИКЛАРИ
Дата публикации Просмотров: 3008
Печать

Хужанд шаҳридаги «Тожикистон Истиқлолиятининг 20 йиллиги» номли Спорт қасрида «Суғд-2018» бешинчи Халқаро савдо ярмаркаси иштирокчиларини карнай ва сурнай садолари остида кутиб олишди. Анъанага айланиб улгурган ушбу тадбирнинг очилиш маросимида узоқ ва яқин чет давлатлар вакиллари, ҳамкорлик бӯйича Тожикистоннинг шериклари, иштирокчи давлатларнинг минтақалардаги вакиллари, дипломатик ва савдо корпуслар вакиллари ҳамда халқаро ташкилотлар иштирок этдилар. «Суғд-2018» савдо ярмаркасининг очилиш маросимида вилоят Раиси Ражаббой Аҳмадзода иштирокчилар ва тадбир меҳмонларига вилоят раҳбарияти номидан ташриф буюрганликлари учун миннатдорчилик билдириб, ярмарка доираси бу йил янада кенгайганини айтиб ӯтди.

 

Суғд вилояти Раиси бу ярмарка аллақачон давлатлар орасида нуфузга эга бӯлгани, борган сайин анъанавий тус олиб бораётгани, нафақат Суғд вилоятининг, балки бутун мамлакат иқтисодий ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб бораётганини таъкидлади. Бу йилги савдо ярмаркасида ҳам Суғд вилояти ва бошқа минтақалар иш доиралари фаол иштирок этишади.

Суғд вилояти давлат ҳокимияти ижроия органининг ташаббуси билан халқаро савдо тараққиётини қӯллаб-қувватлаш, экспорт қудратини ошириш, яқин ва узоқ чет эл мамлакатлари билан фойдали ҳамкорликларни йӯлга қӯйиш, сармояни жалб этиш, замонавий технологияларни киритиш, сархил мева ва сабзавотлар, қуритилган мевалар, турли саноат маҳсулотлари намуналари ва халқ ҳунарлари маҳсулини намойишга қӯйиш мақсадида, беш йилдан бери ӯтказилаётган мазкур ярмаркада турли давлатлардан кӯплаб соҳибкорлар, тижоратчилар иштирок этишаётгани бу тадбирнинг нуфузи ошиб бораётганидан далолат беради.

Халқаро савдо ярмаркасини ташкил этишдан мақсад, Суғд вилояти иқтисодий имкониятлари ва қобилиятлари ҳамда узоқ-яқин чет эл мамлакатларининг илғор тажрибаларини кӯрсатиш учун имконият яратиш орқали чет давлатларнинг савдо ширкатлари, сармоя ӯтказувчилар ва тадбиркорлик доиралари билан узоқ муддатли савдони ва Тожикистоннинг Суғд вилояти ҳамда бошқа минтақалари тадбиркорлик жамиятлари ӯртасидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашдир.

Шунингдек, вилоят Раиси Ражаббой Аҳмадзода «Суғд-имкониятлар водийси 2018» халқаро савдо ярмаркасининг очилишида иштирок этган меҳмонларнинг ташрифидан мамнун эканлигини айтди. Вилоят Раиси чет давлатлардан, Хатлон ва Тоғли Бадахшон мухтор вилоятлари, жумҳурият бӯйсунишидаги ноҳиялар, Душанбе шаҳридан келган тадбиркорларнинг бу анъанавий халқаро савдо ярмаркасида иштирок этишлари ҳамкорликнинг икки томонлама фойдали қирралари очилишида муҳим ӯрин тутишини таъкидлади.

–«Суғд-2018» бешинчи халқаро савдо ярмаркасида Россия Федерацияси, Белоруссия, Қозоғистон, Ӯзбекистон, Қирғизистон, Хитой Халқ Жумҳурияти, Корея, Бирлашган Араб Амирликлари давлатлари ва жумҳуриятимизнинг турли минтақаларидан тадбиркорларнинг иштирок этаётгани қувонарлидир. Бу тадбирда иштирок этувчилар сони йилдан-йига ортиб бормоқда. Бу йил 320дан ортиқ меҳмонлар ташриф буюришгани ушбу халқаро савдо ярмаркасининг нуфузи ва самарадорлиги ошиб бораётганининг ёрқин исботидир. Муносиб фурсатдан фойдаланиб, ушбу савдо ярмаркасини ташкил этишда ҳамкорлик қилган тараққиёт шерикларимизга миннатдорчилигимни билдираман. Шунингдек, воқеликни ҳаққонийлик билан ёритиш ва ахборот тарқатишда ӯзларининг улкан ҳиссаларини қӯшаётган маҳаллий ва чет эл оммавий ахборот воситалари ходимларига ҳам раҳмат айтмоқчиман,-дея таъкидлади вилоят Раиси Ражаббой Аҳмадзода.

Ҳаммага маълумки, қадимдан Суғд маданият ва тижорат маркази бӯлган. Буюк ипак йӯли бир неча асрлар давомида қадимий Суғд водийсидан ӯтган. Азалдан маданиятли бӯлган тожик халқи ӯзининг меҳмоннавозлиги, маърифатлилиги, ҳунармандчилиги билан машҳур бӯлган. Тупроғидан зар унувчи юртимизнинг шириндан-шакар мевалари, болдан лазиз қовун-тарвузлари, ширин сувлари ва ажойиб табиати барчанинг диққатини ӯзига тортиши шубҳасиздир.

Виляот Раиси сӯзида давом этиб, шундай деди:

–Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси-Миллат пешвоси, Тожикистон Жумҳурияти Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг саъй-ҳаракатлари билан бутун мамлакатимизда барча соҳаларда бирдек илгарилаш юз бериб, халқ турмуш тарзи борган сари яхшиланиб боряпти. Шунингдек, вилоят ижтимоий-иқтисодий соҳасида ҳам ютуқларга эришилмоқда. Айниқса, саноат ва қишлоқ хӯжалиги йилдан-йилга ривожланиб бормоқда. Ҳар йили ӯнлаб саноат корхоналарининг ишга туширилаётгани аҳолининг кундалик эҳтиёж молларига бӯлган талабини қондириш билан бирга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг ошиб боришига ҳам сабаб бӯлмоқда.

Масалан, кейинги уч йил ичида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми икки мартага ортиб, 2017 йилда Суғд вилоятида 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган.

Шунингдек, вилоят Раиси тадбиркорлик фаолиятига эътибор қаратиб, вилоятнинг импорт имкониятлари ва сайёҳлик имкониятлари ҳақида гапирди. Айни пайтда ӯтказилаётган «Суғд-2018» бешинчи халқаро савдо ярмаркаси халқаро савдо тараққиёти, имкониятлардан самарали фойдаланиш, мол-маҳсулот айирбошлаш, жаҳон ва минтақа давлатлари билан фойдали ҳамкорликларни йӯлга қӯйилиши учун ёрдам беришига умид билдирилди.

«Суғд-2018» халқаро савдо ярмаркасида, шунингдек, Россия Федерациясининг Савдо ва саноат палатаси қошидаги Тожикистон билан ҳамкорликка доир кенгаш раиси Сергей Ключарев, Ӯзбекистон Жумҳурияти Савдо ва саноат палатаси Тошкент бӯлими бошлиғи Дилшод Менглиев, Европа Иттифоқининг Тожикистондаги вакиллиги лойиҳалар менеджери Зулфия Давлатбекова, Европа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти дафтарининг Тожикистондаги иқтисод масалаларига доир маслаҳатчиси Эдвард Сафарян, Тселл ширкати бош директори Озодхон Давлатшоевлар сӯзга чиқиб, халқаро даражадаги бундай тадбирнинг ташкил этилиши ва умуман олганда, мамлакатнинг турли соҳалари ривожи, ҳаммадан аввал, Тожикистон давлати Сарвари ва Тожикистон Жумҳурияти Ҳукуматининг оқилона сиёсатига боғлиқ эканлигини таъкидлашди.

Сӯзга чиққанлар халқаро ярмаркага иштирок этадиган минтақа ва давлатлар сони ошиб бораётгани бу тадбирнинг қатнашчилари фаолиятидаги фаоллик, унинг ӯтказилишидаги яхши самара, қатнашчилар учун яратилган қулай шароит ва айниқса, давлатлар орасида икки томонлама бӯлганидек, кӯп томонлама савдо-иқтисодий ва маданий алоқаларнинг мустаҳкамланиши учун берилган қулай имконият туфайли эканлигини айтдилар.

«Тожикистон мамлакат Президенти Эмомали Раҳмоннинг оқилона сиёсати туфайли йил сайин ӯзининг жаҳон ҳамжамиятидаги мавқеини мустаҳкамлаб бораётгани ҳаммага маълум. Шу сиёсатнинг самараси ӯлароқ, мамлакат аҳли иқтисодий-ижтимоий йӯналишда кӯзга кӯринарли ютуқларни қӯлга киритишяпти, шунингдек, Тожикистон жуда муҳим халқаро лойиҳа ва дастурларнинг ташаббускори эканлиги тожикистонликларнинг фахрланишига арзийди»,-дея қайд этишди келгусида Тожикистон ва Суғд вилояти билан турли ҳамкорликларни кенгайтириш мақсадида бӯлган иштирокчилар.

Ярмарка иштирокчилари, аввало, Тожикистон Жумҳурияти ишлаб чиқариш ширкатлари, тижоратчилар ва соҳибкорлар билан икки томонлама ҳамкорликларнинг самарали йӯлларини топиб, бу ҳамкорликлар доирасини келгусида янада кенгайтириш ниятидалар.

Шунингдек, ярмаркада енгил саноат ва тӯқувчилик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш корхоналари вакиллари, савдо ширкатлари, банклар, молиявий ташкилотлар, маслаҳат бериш хизмати, лизинг, транспорт ва мамлакатнинг турли минтақалари миллий ҳунармандлари вакиллари иштирок этиб, ӯзларининг энг охирги ютуқларини кӯргазмага қӯйишди.

Вилоят Раиси ӯринбосари Анвар Яъқубий Суғд вилоятида ӯтказилаётган мазкур тадбирнинг аҳамиятли томонига тӯхталиб, кейинги пайтда анъана тусига кирган бу халқаро савдо ярмаркасининг фаолияти йилдан-йилга ривожланаётгани ва давлатнинг иқтисодий ҳамкорлиги йӯлида фойдали учрашув ҳамда мулоқотлар учун мамлакатнинг етакчи минбарларидан бирига айланаётганини айтди. Турли давлат вакиллари бӯлган соҳибкорлар тожикларнинг анъанавий меҳмондӯстлигига яна бир карра амин бӯлиб, ҳар томонама фойдали ҳамкорликлар йӯлида янги шериклар топишларига умид билдиришди.

Суғд вилояти Истиқлолият йилларида Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси-Миллат пешвоси, Тожикистон Жумҳурияти Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг узоқни кӯзлаб юритган оқилона сиёсати туфайли иқтисодий тараққиёт ва аҳоли турмуш тарзининг юксалишида улкан ютуқларни қӯлга киритди. Кейинги йилларда Суғд вилояти тараққиёт йӯлида илдам қадам ташламоқда. Дунёда юз бераётган иқтисодий инқирозга қарамай, аҳоли турмуш тарзи яхшиланиб боряпти. Мамлакат Сарвари Эмомали Раҳмоннинг кӯрсатмалари билан мамлакатда, жумладан, Суғд вилоятида ҳам иқтисодий ӯсиш кӯрсаткичларини пасайтирмаслик, маҳсулот ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш учун тегишли тадбирлар белгиланган. Шунингдек, маданият янада ривожлантирилиб, тарихий-маданий қимматга эга бӯлган иншоотлар қайта тикланди. Бугунги кунда қадимий Суғд эшиклари сайёҳлар учун очиқ ҳамда замонавий сайёҳлик инфратузилма барпо этилиб, олий даражада хизмат кӯрсатиш йӯлга қӯйилган.

Шундан сӯнг, вилоят Раиси Ражаббой Аҳмадзода бошчилигида меҳмонлар ва иштирокчилар кӯргазмага қӯйилган маҳсулотларни кӯздан кечиришди. Халқаро савдо ярмаркасида ӯз маҳсулотлари билан иштирок этаётган саноат корхоналари раҳбарлари ва қишлоқ хӯжалиги ходимларига ишларни янада яхшилаш учун тегишли топшириқлар берилди.

Ойдин СУЛАЙМОНОВА

СУРОҒА

Маҳаллаи 20, бинои Кохи матбуот, 6 ошёна

E-mail: Этот адрес электронной почты защищен от спам-ботов. У вас должен быть включен JavaScript для просмотра.

Телефон: