Азиз онажонлар ва опа-сингиллар!
Онанинг улуғворлиги, салобати, обрӯ-эътибори, меҳри ва самимияти барчамизни бирлаштирган ушбу лаҳзаларда вилоятдаги барча муҳтарам аёлларни қутлуғ миллий байрамимиз-Оналар куни билан самимий табриклаб, уларга тансиҳатлик, бахтиёрлик, эзгу иқбол, юксак толе, обод ва осуда ҳаёт тилайман.
Онага эҳтиром кӯрсатиш, унинг қадр-қимматини англаш ӯзини таниган ҳар бир кишининг инсоний вазифаси бӯлиб, айнан Онанинг ҳаётбахш жозибаси, ибо-ҳаёли опа-сингилларимизнинг меҳру муҳаббати ва доимий ғамхӯрлиги ҳаётга ӯзгача нур ва зиё бағишлайди.
Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси-Миллат пешвоси, Тожикистон Жумҳурияти Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон аёлнинг юксак ҳурмати ҳақида шундай деганлар:
“Она бешик ва оламни тебратади. У авлодларни улғайтиришдек заҳматли вазифани елкага олиб, ӯзининг пок тийнати билан фарзанди, хонадон ободлиги ва жамият осойишталиги учун жон куйдиради”.
Ҳақиқатдан ҳам, Она ер юзидаги энг азиз зотдир. Унинг қайноқ ва сеҳрли нафаси борлиқнинг ибтидосидир. Аёл-Она садоқат ва вафо манбаи, гӯзаллик ва эзгулик рамзи, одам наслининг биринчи мураббийи ва муаллимидир. Зеро, бу муқаддас зотнинг табиати чинакам меҳр ва пок садоқатдан иборатдир.
Айнан Она ёш авлод масъулиятли, меҳнаткаш, инсонпарвар ва юртсевар бӯлиб ӯсиши учун фарзандлар қалбига меҳр-муҳаббат, дӯстлик ва рафоқат, яхшилик ва эзгулик уруғини қадайди.
Мустақиллик даври аёлга янгича яратувчанлик иштиёқини бахш этди. Аёлга эътибор, унинг жамиятдаги ролини юксалтириш масаласи давлат сиёсатининг муҳим рукнига айланди. Давлат аёл ҳимояси ва аёл давлат суянчиғи бӯлди. Жамиятда аёллар мавқеини юксалтиришга доир давлат дастур ва стратегияларининг қабул қилиниши, эркаклар ва аёлларнинг тенгҳуқуқли бӯлиши, оила ва жамиятдаги демографик масалаларнинг тартибга солиниши катта ӯзгаришларга олиб келди.
Ишончим комилки, азиз онажонларимиз ва аёлларимиз Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси-Миллат пешвоси, Тожикистон Жумҳурияти Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг ғамхӯрликларига жавобан ӯзларининг ижтимоий бурчларини аниқ-тиниқ англаб етиб, соғлом оилани ташкил қилиш, зийрак, одобли, маърифатли ва билимли фарзандларни вояга етказиш, обод ва озод жамиятни шакллантиришга ӯзларининг қимматли ҳиссаларини қӯшадилар.
Ана шундай яхши ниятлар билан яна бир карра Сизларни ва Сизнинг сиймонгизда барча хотин-қизларни, вилоят аёлларини Оналар куни муносабати билан самимий қутлаб, барчаларингизга узоқ умр, саодатли турмуш, обод уй, хотиржамлик, солиҳ ва ӯзлигини англаган фарзандлар таълим-тарбиясида муваффақиятлар тилайман.
Байрам муборак, азиз оналар ва опа-сингиллар!
Вилоят Раиси
вазифасини бажарувчи Ражаббой АҲМАДЗОДА
Маҳаллаи 20, бинои Кохи матбуот, 6 ошёна
E-mail: Этот адрес электронной почты защищен от спам-ботов. У вас должен быть включен JavaScript для просмотра.
Телефон: