Газетамизнинг ӯтган сонида эслатиб ӯтганимиздек, Тожикистон Жумҳурияти Президентининг 2011 йил 15 сентябрдаги «Давлат органларида матбуот анжуманларини ташкил қилиш ва ӯтказиш тӯғрисида»ги Амри асосида Гулистон шаҳрида жойлашган «Баҳористон» санаторийсининг мажлислар залида Суғд вилояти давлат ҳокимияти ижроия органининг 2017 йилдаги ижтимоий ва иқтисодий фаолиятига бағишланган матбуот анжумани бӯлиб ӯтди.
Матбуот анжуманида Суғд вилояти Раиси вазифасини бажарувчи Ражаббой Аҳмадзода, вилоят Раисининг ӯринбосарлари, бӯлим ва бошқарма раҳбарлари ва оммавий ахборот воситаларидан 80 вакил қатнашди.
Вилоят Раиси дастгоҳининг ахборот-таҳлил бӯлими бошлиғи Музаффар Юнусов анжуманни кириш сӯзи билан очиб, сӯз навбатини вилоят Раиси вазифасини бажарувчи Ражаббой Аҳмадзодага берди.
Ражаббой Аҳмадзода 2017 йилда Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси-Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг Суғд вилоятига ташрифи давомида бир қатор муҳим аҳамиятга эга иншоотларнинг фойдаланишга топширилганлигини қайд этди. Шунингдек, бу даврда Тожикистон Жумҳурияти Ҳукуматининг Қарорлари ва мамлакат Президентнинг кӯрсатма ва топшириқларини бажариш мақсадида арзирли ишлар амалга оширилганлигини айтди.
Шунингдек, Ражаббой Аҳмадзода 2017 йилда вилоят халқ хӯжалигининг барча соҳаларда бажарилган ишларга тӯхталди.
Ӯтган йили вилоятнинг шарафли халқи Тожикистон Жумҳурияти давлат Мустақиллигининг 26 йиллиги ва Тожикистон Жумҳурияти Олий Кенгаши тақдирсоз ХVI сессиясининг 25 йиллигини ӯзига хос тарзда арзирли меҳнат ютуқлари билан нишонлади. Бу даврда Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси-Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон вилоятнинг шаҳар ва ноҳияларида иш сафарида бӯлиб, аҳоли билан мулоқот қилди ҳамда бир қатор муҳим иншоотлар, жумладан, Бобожон Ғафуров ноҳиясидаги 14-умумтаълим мактаби, 9 қаватли яшаш уйи ва хизмат кӯрсатиш савдо маркази, «Оши палов» маркази мажмуаси ҳамда Хужанд шаҳрининг Темурмалик маҳалласидаги янги мактаб биноси, «Баракат Исфара» масъулияти чекланган жамиятининг мевани қайта ишлаш ва қадоқлаш корхонаси, «Зумрад» ОТҲЖнинг 4-биноси, Сайфи Исфарангий номидаги маданият дам олиш боғи ва шоирнинг ҳайкали, Истиқлол шаҳридаги металлургия комбинати фойдаланишга топширилди.
Суғд вилояти давлат ҳокимияти ижроия органи 2017 йилда ижтимоий ва иқтисодий соҳаларни янада ривожлантириш мақсадида аниқ тадбирларни амалга оширди. Шунинг учун ҳам бу даврда бюджет маблағи режада белгилангандан ҳам ортиғи билан бажарилди. Вилоят бюджетининг даромад қисми 109,1 фоизга таъминланиб, бюджетга 1,8 миллиард сомоний киритилди. Бу кӯрсаткич 2016 йилга қараганда, 345,6 миллион сомоний кӯпдир.
Вилоят давлат ҳокимияти ижроия органи Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси-Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш, ички бозорларни маҳаллий маҳсулотлар билан тӯлиқ таъмин этиш, экспорт ҳажмини ошириш тӯғрисидаги кӯрсатма ва топшириқлари асосида вилоятнинг барча шаҳар ва ноҳияларида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар қуриш масаласига жиддий эътибор қаратиб келмоқда. Шунинг учун ҳам йилдан-йилга кӯплаб саноат корхоналари фойдаланишга топ-ширилмоқда. Бу эса ҳукуматимизнинг аҳолини иш жойи билан таъмин этиш борасидаги муаммосини ҳам ҳал этмоқда.
2016 йилнинг шу даврига кӯра, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 131,5 фоизни ташкил этиб, 9,9 миллиард сомонийга тенгдир.
Бу даврда 593 саноат корхонасидан 379 корхона ӯтган йилга нисбатан маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини 64,0 фоизга оширган.
Ӯтган йили вилоятнинг турли шаҳар ва ноҳияларида 84та саноат корхонаси қурилди ва натижада, 1479 янги иш жойлари вужудга келди.
Ӯтган йили вилоят саноат корхоналарида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни бошқа давлатларга экспорт қилиш масалаларида ҳам самарали ишлар қилинди. Айниқса, экспорт қилинган саноат маҳсулотларидан цемент ва маъдан 2016 йилга нисбатан анча ошган.
Вилоят давлат ҳокимияти ижроия органи бу даврда йӯллар таъмирига ҳам жиддий эътибор қаратди. Жумладан, 59 километр ички йӯллар таъмири учун вилоят бюджетидан 32 миллион сомоний ажратилган.
Матбуот анжуманида вилоят Раиси вазифасини бажарувчи Ражаббой Аҳмадзода мамлакатнинг муҳим соҳаларидан бири-маориф соҳасини янада тараққий эттириш, Миллат пешвосининг бу тӯғридаги кӯрсатма ва топшириқларини ӯз вақтида бажариш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинаётганлигига тӯхталди. Вилоятдаги барча таълим муассасаларини компютерлаштириш, лаборатория синфхоналарини замонавий ускуналар билан таъминлаш масаласида амалга ошириладиган ишлар тӯғрисида ҳам ҳисобот берди. Айниқса, Тожикистон Жумҳурияти Ҳукуматининг ижтимоий ва иқтисодий муассасаларнинг қиш мавсумини самарали ӯтказиш тӯғрисидаги 177-Қарорини бажариш учун вилоятдаги барча таълим муассасаларида сифатли кӯмир ва ӯтин ӯз вақтида захира қилинганлигини қайд этди.
Шунингдек, вилоят Раиси вазифасини бажарувчи Ражаббой Аҳмадзода вилоятнинг барча шаҳар ва ноҳияларида мактабгача таълим муассасаларини кӯпайтириш, болаларни мактабга тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилиши, барча болалар мактабгача таълим муассасаларига жалб этилиши зарурлигини қӯшимча қилди.
Умуман, 2017 йилда маориф соҳаси тараққиёти учун 700 миллион сомонийдан ортиқ маблағ йӯналтирилган. Йиғилишда Ражаббой Аҳмадзода бундан кейин ҳам соҳа тараққиётига алоҳида эътибор қаратилиши, турли олимпиадаларда ӯқувчиларнинг фаоллигини янада ошириш ҳақида гапириб, вилоят ҳукумати ӯқитувчиларни доимо қӯллаб-қувватлашини билдирди.
2017-йил жумҳуриятимизда эълон қилинган «Ёшлар йили» муносабати билан вилоятда амалга оширилган ишлар мақтовга лойиқдир. Ӯтган йилда 8,2 миллион сомонийлик 63 спорт ва соғломлаштириш иншоотлари қурилиб фойдаланишга топширилди.
Матбуот анжумани давомида вилоят Раиси вазифасини бажарувчи Ражаббой Аҳмадзода соғлиқни сақлаш соҳасига ҳам тӯхталиб, бу борада 2017 йилда амалга оширилган ишлар тӯғрисида гапириб ӯтди.
Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси-Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг топшириқлари асосида, аҳолига сифатли тиббий хизмат кӯрсатишни яхши йӯлга қӯйиш, тиббиёт муассасаларини замон талабларига мос равишда жиҳозлаш, Тожикистон Жумҳурияти Ҳукумати томонидан тасдиқланган қарор ва соғлиқни сақлашга доир дастурларнинг ижроси йӯлида арзирли ишлар амалга оширилмоқда.
Юртимизда тиббиёт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, инсон саломатлигига қаратилаётган эътибор туфайли халқимиз турмуш даражаси тобора фаровонлашмоқда. Айниқса, даволаш ва биринчи тиббий-санитарий ёрдам кӯрсатиш муассасаларининг замонавий технологиялар билан жиҳозланиши натижасида ӯткир юқумли касалликлар сони камайишига эришилди.
Бу даврда соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш учун вилоят давлат ҳокимияти ижроия органи томонидан 356 миллион сомоний маблағ йӯналтирилган.
Халқимиз қадимдан ҳунармандчилик билан мунтазам шуғулланиб келган. Тинчлик ва миллий бирлик асос-чиси-Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон мамлакат Олий Мажлисига йӯллаган Пайёмида миллий ҳунармандчиликни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида тӯхталганди.
Шунинг учун ҳам халқ ҳунармандчилигини тараққий эттириш, уй бекаларини иш билан таъминлаш мақсадида вилоятнинг барча шаҳар ва ноҳияларида 262та ишлаб чиқариш таълим марказлари ишга туширилиб, 1028та тӯқувчилик ускуналари етказиб берилди. Ишбилармон ва ҳунарманд аёлларни қӯллаб-қувватлаш мақсадида вилоят давлат ҳокимияти ижроия органи томонидан умумий маблағи 305 минг сомоний бӯлган грантлар ажратилди.
Суғд вилояти юртимизнинг аграр ҳудудлардан бири ҳисобланиб, минтақанинг деярли барча шаҳар ва ноҳияларида янги ерларни ӯзлаштириш, мӯл ҳосилни қӯлга киритиш, такрорий экин майдонини кӯпайтириш, янги боғлар бунёд этиш ишлари яхши йӯлга қӯйилди.
Ӯтган йиллар давомида деҳқон хӯжаликларида етиштирилаётган пахта, ғалла, мева, полиз ва сабзавот маҳсулотлари, шунингдек, паррандачилик, чорвачилик, балиқчилик ва асаларичилик маҳсулотларини йилдан-йилга кӯпайтиришнинг интенсив ривожланиш йӯли жорий этилди.
Айниқса, интенсив боғлар барпо этиш сари дадил қадамлар ташланмоқда. Янги боғлар ӯзининг дастлабки ҳосилини бера бошлади.
Мева-сабзавот маҳсулотларини қиш ва баҳор ойларида ҳам сифатли сақлаш учун кӯп сиғимли замонавий технологиялар билан жиҳозланган омборхоналар ишга туширилди ва янгиларини қуриш ишлари режалаштирилмоқда. Натижада ташкил этилган оилавий хӯжаликларда етиштирилган маҳсулотлар йилнинг тӯрт фаслида ҳам эл дастурхонини тӯкин қилиб, аҳоли турмуш фаровонлигини янада яхшилашда муҳим омил бӯлмоқда. Буларнинг барчаси аграр соҳани янада ривожлантириш, бӯш ётган ерларни боғзорларга айлантириш, ерларнинг ҳосилдорлик даражасининг янада ошиши, аҳоли турмушининг фаровон бӯлишига замин яратади.
Вилоят қишлоқ хӯжалиги ходимлари бу даврда 7,1 миллиард сомоний маҳсулот етиштирган бӯлиб, бу 2016 йилдаги натижаларга қараганда, 107 фоизга ошганлигини кӯриш мумкин.
2017 йилда вилоятнинг Мастчоҳ, Зафаробод, Ашт ноҳияларидаги сув тортиш насосларини мавсумга тӯлиқ тайёрлаш ва Хожабоқирғон каналини таъмирлаш учун 2 миллион сомоний маблағ йӯналтирилди.
Матбуот анжуманида вилоят Раиси вазифасини бажарувчи Ражаббой Аҳмадзода вилоят халқ хӯжалигининг бошқа соҳаларида ҳам ӯтган йилда амалга оширилган ишлар тӯғрисида оммавий ахборот воситалари вакилларига ҳисобот берди.
Шундан сӯнг журналистлар Ражаббой Аҳмадзодага саволлар билан мурожаат қилишди.
ЖовидиАштий-«Ҷумҳурият» газетасинингвилоятдагивакили:
-Саноат корхоналарига янги технологияларни киритиш ва вилоятимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг экспорт кӯламини ошириш масаласида амалга оширилган ишлар ва янги режалар ҳақида гапирсангиз.
Ражаббой Аҳмадзода:
-Айни шу масала юзасидан ҳам вилоятнинг шаҳар ва ноҳияларида бӯлиб, иш йиғилишлари ӯтказдим. Вилоят ҳудудидаги танлов асосида сотилган барча катта-кичик саноат корхоналари фаолияти тӯлиқ ӯрганиб чиқиш ва мулк эгалари билан учрашиб, замонавий технологияларни киритиш, шунинг билан бирга маҳсулот сифатини яхшилаш ҳамда экспорт кӯламини ошириш учун топшириқлар бердим. Бугунги кунда бундай ишларни амалга ошириш учун барча қулай шароитлар мавжуддир. Гулистон шаҳридаги гилам ишлаб чиқариш корхонаси яқинда 34 миллион сомонийга замонавий ускуна олган бӯлиб, Миллий Бирлик куни арафасида Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон иштирокида фойдаланишга топширилди. Айни пайтда корхона уч сменада ишлаб, энг чиройли ва сифатли гилам ишлаб чиқармоқда. Шунингдек бугунги кунда ишлаб чиқараётган маҳсулотни бошқа давлатларга экспорт қилиш ҳажми ҳам ошиб бормоқда. Бундан ташқари, ёғочни қайта ишловчи «Арча» корхонаси ҳам ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш билан бирга экспортни кӯламини юксалтирмоқда. Айни пайтда мазкур корхона Қирғизистон Жумҳуриятида ӯзининг савдо марказини очган бӯлиб, ӯндан ортиқ давлатга маҳсулотларини сотмоқда. Албатта, бу борада вилоят давлат ҳокимияти ижроия органи турли чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда. Мамлакат Президентининг мевани қайта ишлаш ва турли мева шарбатлари, ичимликларни ӯзимизда тайёрлаш тӯғрисидаги топшириғига кӯра, шундай корхоналарни босқичма-босқич бунёд этиш ва чет мамлакатларга ҳам экспорт қилиш юзасидан маълум ишлар қилинмоқда. Вилоят қишлоқ хӯжалиги ходимларига ҳам иссиқхоналарни кӯпайтириш масаласи бӯйича топшириқлар берилган бӯлиб, келажакда бозорларимизга четдан бодринг, помидор ва цитрус каби мевалар киришини камайтирамиз.
ФарҳодЖӯраев-«Суғдҳақиқати» газетасибошмуҳаррири:
-Муҳтарам Раис, жорий йилнинг бошидан қӯшни Ӯзбекистон Республикаси билан ҳар томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш йӯлида бир қатор ишлар бажарилди. Жумладан, Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси-Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон билан Ӯзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов учрашиб, бир нечта келишув шартномаларини имзоланди.
Суғд вилояти географик жойлашуви жиҳатидан қӯшни Ӯзбекистоннинг бир қатор вилоятлари билан чегарадошдир. Миллат пешвоси олиб бораётган оқилона сиёсатни ҳаётга татбиқ этиш йӯналишида вилоят ҳукуматининг қандай режалари бор?
Ражаббой Аҳмадзода:
-Жуда ӯринли савол бӯлди. Албатта, Миллат пешвосининг оқилона сиёсати туфайли икки томонлама ҳамкорликлар яхши йӯлга қӯйилди. Зарафшон водийсининг Панжакент шаҳри шоҳ йӯли Ӯзбекистон чегараси ҳудудигача тӯлиқ асфалт қилинди. Бу томондан ҳам чегараолди ҳудудларида амалий ишлар қилинмоқда. Самарқанд ва Бухородан келган сайёҳлар учун йӯллар очилади, бунинг натижасида, туризм янада ривожланади. Ӯзбекистон Республикаси учун керакли маҳсулотлар вилоятимизда ишлаб чиқарилмоқда. Айниқса, бизда баъзи қишлоқ хӯжалиги маҳсулотлари эрта тайёр бӯлади. Уларни қӯшни давлатга ҳам етказиб бериш режага олинган бӯлиб, бу ҳамкорлик ҳар икки томон учун фойдалидир. Энг асосийси, вилоят экспортига ижобий таъсир қилади. Ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш йӯлида вилоят давлат ҳокимияти ижроия органи бир қатор режаларни амалга ошириб келмоқда.
АфзалБосолиев-«Азия» телевидениесиходими:
-Келажакда қайси соҳаларга эътибор кучаяди ва қандай янги режаларингиз бор?
Ражаббой Аҳмадзода:
-Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон Олий Мажлисга йӯллаган навбатдаги Паёмида халқ хӯжалигининг барча соҳаларида амалга ошириладиган ишларга доир муҳим масалаларни белгилаб берди.
Агар Миллат пешвосининг Паёмини ӯзимизга дастур қилиб олсак, барча соҳалар, жумладан, маориф, соғлиқни сақлаш, спорт, транспорт, қишлоқ хӯжалиги, ободончилик ва бошқа соҳаларда ҳам кӯнгилдагидек ишларни бажарамиз. Асосий мақсадимиз йӯллар таъмирини янада яхшилаш, баъзи минтақалар аҳолисининг тоза ичимлик ва полиз сувига бӯлган эҳтиёжини қондириш ва вилоят умумтаълим муассасалари ҳолатини яхшилаш масалаларига эътибор қаратишдир. Айни пайтда вилоятда 13 мактаб авария ҳолатида ва 63 мактаб таъмирга муҳтождир. Келажакда давлат бюджети ва ишбилармонларнинг ёрдами билан босқичма-босқич равишда мактабгача таълим муассасаларини кӯпайтириш режаларимиз бор.
Мен вилоят Раиси ӯринбосарлари, шаҳар ва ноҳия раисларига саноат корхоналарини кӯпайтириш мақсадида алоҳида саноат минтақалари учун жой ажратилиши тӯғрисида топшириқ бердим. 2018 йил жумҳуриятимизда Сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йили, деб эълон қилинди. Шу муносабат билан ҳунармандчиликни ривожлантириш ҳамда сайёҳларни жалб этувчи масканларни янада обод қилиш, улар учун қулай шароитларни муҳайё этиш масаласига ҳам жиддий эътибор берилади.
ЖамшедМаърупов-«Пайванд» радиосимуҳаррири:
-Муҳтарам Раис, Хужанд шаҳридаги шайх Муслиҳиддин жомеъ масжиди ёнида қурилиши режалаштрилган автомобиллар қӯйиш ерости иншооти бунёди жараёни қай аҳволда?
Ушбу саволга вилоят Раиси ӯринбосари Анвар Яъқубий қуйидагича жавоб берди:
-Бу иншоот қурилиши марказий Пайшанбе бозори атрофидаги тартибсизликлар ва шайх Муслиҳиддин мажмуаси зиёратига келувчи сайёҳлар учун мушкулликлар туғдираётганлиги сабабли амалга оширилиши кӯзда тутилган бӯлиб, иншоот қурилиши лойиҳаси тайёрланган. Бу борада ишлар боряпти. Ӯша ҳудудда жойлашган Планетарий биноси бошқа жойга кӯчирилиши давом этмоқда. Қурилиш ишлари Планетарий тӯлиқ кӯчирилгандан сӯнг бошланади.
МирзоаъзамМақсудов-«Садоимардум» газетасиходими:
-Муҳтарам Раис, қишлоқ хӯжалиги соҳаси тараққиётига эришиш учун полиз суви таъмини муҳим аҳамият касб этади. Вилоятнинг Зафаробод, Ашт ва Мастчоҳ ноҳиялари ерларини сув билан таъминлаш ва сув тортиш насослари ҳолати қай аҳволда?
-Яқинда Зафаробод, Ашт ва Мастчоҳ ноҳиялари раислари ва вилоят Раиси ӯринбосари Ориф Хожазода билан юқорида тилга олинган муаммони бартараф этиш мақсадида учрашдик. Бу ноҳиялар хӯжаликларини ӯз вақтида сув билан таъминлаш ва сув тортиш насосларини қайта таъмирдан чиқариш учун вилоят давлат ҳокимияти ижроия органи бир ярим миллион сомоний маблағ ажратди. Келажакда инвестицион лойиҳалар режага олинган бӯлиб, биз, босқичма-босқич сув таъминотига бӯлган эҳтиёжни тӯлиқ бартараф этамиз. Айниқса, Зафоробод ноҳиясидаги сув тортиш иншооти ниҳоят қудратли бӯлиб, ушбу станцияни тӯлиқ таъмирлаш учун катта маблағ талаб этилади. Биз албатта, ушбу масала юзасидан Тожикистон Жумҳурияти Ҳукумати ва жумҳурият Ер ҳолатини яхшилаш ва сув билан таъминлаш агентлигига мурожаат қилганмиз. Яқин вақт ичида бу каби муаммолар ӯз ечимини топишига ишончим комил.
Шунингдек, қиш фаслида обу ҳаво қуруқ келганини инобатга олиб, ерларни сувга тӯйинтириш ишлари, жумладан, шӯр ювиш, яхоб бериш амаллари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Бу тӯғрида вилоятда яхоб бериш штаби ташкил этилган. Мутахассисларнинг фикрича, бундай ишларни айни пайтда амалга ошириш мақсадга мувофиқ бӯлиб, у ҳосилдорликни оширишда муҳим омил бӯлади.
Матбуот анжуманида вилоят Раиси вазифасини бажарувчи Ражаббой Аҳмадзодага Дадахон Эгамзод, Толиби Озарахш, Сайфулло Маҳкамов, Шоҳин Облоқулзода ва бошқа журналистлар турли саволлар билан мурожаат қилишди.
Йиғилиш сӯнгида Ражаббой Аҳмадзода вилоят давлат ҳокимияти ижроия органи журналистлар билан ҳамкорликка доимо тайёр эканлигини айтди.
Фарҳод ЖӮРАЕВ,
Облоқул МУСОЕВ
Маҳаллаи 20, бинои Кохи матбуот, 6 ошёна
E-mail: Этот адрес электронной почты защищен от спам-ботов. У вас должен быть включен JavaScript для просмотра.
Телефон: