Автор: Суғд Ҳақиқати Категория: ЖАМИЯТ
Дата публикации Просмотров: 4842
Печать

Тандир ясаш, асосан, Марказий Осиё ва қисман Кавказ халқлари орасида учрайди. Замонавий технологиялар асосида нон тайёрлаш усуллари кириб келаётган ва шу асосда хилма-хил нонлар тайёрланаётганига қарамай, тандирга бӯлган эҳтиёж бутунлай сӯнгани йӯқ. Хужанднинг оби нони, Мастчоҳнинг лочираси, Бобожон Ғафуров ноҳиясининг патири, қолаверса, бекаларимиз тайёрлаган тандир нону кулчаларининг таъми гӯзал диёримизга ташриф буюрган меҳмонларнинг ёдида бир умрга қолади. Бироқ далада буғдой-ғалла ундириб, уни тегирмонда тортиб, оппоқ ундан хамир қориб, нон, кулча, патир ясаб, олов-оташ бӯлиб қизиган тандирга ярим белигача кириб нонни ёпиштириб, иссиққина нон пиширгунча бӯлган жараёнда ғаллакор деҳқон, тегирмончи, нонвой ва пазанда бекаларнинг фидойи меҳнати мужассам.

 

Қӯшиқда айтилганидек:

"Хирмон тӯлиб тӯкилди дон, тӯкилди дон, момо,

Тандир тӯлиб ёпилди нон, ёпилди нон, момо!"

Халқимиз ризқ-насибасини яратаётган инсонлар қаторида тандирсозларнинг алоҳида ӯрни бор. Овчиқалъача жамоатининг Хужанд маҳалласида истиқомат қилувчи Бурҳонбой ота Бобожоновнинг бутун авлоди кулоллар сулоласига мансуб. Бобоси Бобожон уста бир умр кулолчилик билан шуғулланган. Отаси Дадобой қишлоқнинг Куйбишев колхозида ва пахта заводида ҳайдовчилик қилиш билан бирга, уйда ота касбини давом эттирган ва бу касбни фарзандларига ҳам ӯргатган.

Тандирсозлик-мавсумий иш. Бир йилда 6-7 ой ишлаб, сӯнг дам олишади. Бир ойда 20та, мавсумда 200 тагача тандир ясаш мумкин. Бурҳонбой аканинг хонадони саранжом-саришта. Қиш мавсуми бӯлгани учун тандирсозлик ишларига «танаффус эълон қилинган». Оғир, камгап Бурҳонбой ака шошилмай сӯзлайди:

–Тандирларимизга нафақат ноҳиямиздан, балки вилоятимизнинг бошқа ноҳияларидан ҳам харидорлар топилаяпти. Бизнинг тандирда ҳам нон, ҳам сомса, ҳам тандир кабоб пишириш мумкин.

–Тандирсозлик унутилиб кетмаслиги учун шогирдлар тайёрлаяпсизми?

–Миллат пешвоси, Президентимиз Эмомали Раҳмоннинг 2018 йилни сайёҳлик ва ҳунармандчиликни ривожлантириш йили деб эълон қилишларида гап катта. Бу йил ҳунарманчилик янада ривожланади, янги иш ӯринлари кӯпаяди. Чунки халқимиз “Ҳунарли киши хор бӯлмас” деб бежиз айтмаган. Ҳунарли киши ҳеч қачон оч қолмайди. Меҳнат қилган инсон кам бӯлмайди. Лекин тандирсозликнинг ӯзига яраша машаққати бор. Негадир ёшларда бунга қизиқиш кам, сабрсизлик қилишади. Уларга иш зерикарли туюлади. Бу ишга ҳам меҳр, ҳам қунт керак. Лекин фарзандларим Низомжон, Дадобой, Боймуродлар бу касбни пухта ӯзлаштиришган. Яна бир ӯғлим Наимжон ҳам қӯли гул ҳунарманд эди. Афсуски, умр вафо қилмади. Аллоҳ уни раҳматига олган бӯлсин...

Азалдан тандир ясовчи ҳунармандлар эл-халқ эътиборида бӯлган Чунки тандир ясаш анча мураккаб жараён ҳисобланган. Аввало, махсус тупроқ, лой зарур бӯлган. Олиб келинган тупроқ бир неча бор элакдан ӯтказилган. Бу маҳсулотнинг тиниқлик ва пишиқлигини таъминлаган. Қорилган лойга яхшилаб тозаланган, сӯнгра саваб қӯй ёки эчки жуни солинган.

Тандирсозлар жун қӯшилган лой янада пишгач, унга шӯрсув сепиб, устини эски тӯшак ёки шолча билан ӯраб қӯйишади. Тайёр бӯлган хом ашё 7-12 кунгача офтобда қуритилади.

Бурҳон Бобожонов тандир учун тупроқни қӯшни Қирғизистон Жумҳуриятига қарашли Эскиовчи қишлоғи ва Жаббор Расулов ноҳиясининг Қӯрғонча қишлоғидан олиб келади. У киши лойга жундан ташқари, гулбӯта ҳам қӯшади. Турли ӯлчамдаги тандир ӯрнатилгач, уни қиздиришда ҳам гап катта. Тандир ем-хашак, ӯтинлар турадиган жойдан узоқроққа ӯрнатилгач, дастлаб 4 соат паст оловда, кейин 16 соат ӯртача оловда, сӯнгги 4 соат баланд оловда қиздирилади. Тандир оқаргач, унга намакоб сепилиб, ундан сӯнг ёғ суртилади ва тандир ичини артиб чиқиш керак бӯлади. Ана шуларга ҳам риоя қилинса, тандир узоқ йиллар хизмат қилади ва унда бекаларимиз ёпган нонлар хонадонларингиз дастурхони кӯрки бӯлади.

Бихалича АҲМЕДОВА

СУРОҒА

Маҳаллаи 20, бинои Кохи матбуот, 6 ошёна

E-mail: Этот адрес электронной почты защищен от спам-ботов. У вас должен быть включен JavaScript для просмотра.

Телефон: