Автор: Суғд Ҳақиқати Категория: ЖАМИЯТ
Дата публикации Просмотров: 4141
Печать

Яқинда Истиқлол шаҳар давлат ҳокимияти ижроия органи мажлислар залида шаҳар раиси Худойназар Амонзода раҳбарлигида ноҳия ҳукуматининг 2017 йилдаги фаолияти якунига бағишланган матбуот конференцияси бӯлиб ӯтди. Аввало, Худойназар Амонзода йиғилиш қатнашчилари ва журналистларни Истиқлол шаҳрига ташриф буюрганлари учун миннатдорчилик билдириб, уларнинг масъулиятли ишларида муваффақиятлар тилади.

Шаҳар раиси 2017 йил Истиқлол шаҳри аҳолиси учун самарали йил бӯлганини таъкидлади. Шаҳарда Миллий Бирлик кунининг 20 йиллиги ва Тожикистон Жумҳурияти Олий Кенгаши тақдирсоз ХVI сессиясининг 25 йиллиги нишонланган йилда Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси-Миллат пешвоси, мамлакат Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон иштирокида улкан металлургия корхонаси иш бошлади. Ушбу корхонада биринчи босқичда маъданни қайта ишлаб, қӯрғошин ишлаб чиқариш йӯлга қӯйилган. Тожикистон-Хитой тоғ-саноат ширкатига қарашли бу корхона бир йилда 50 минг тонна қӯрғошинни қайта ишлаш қувватига эга. Бу ерда 600 киши доимий иш билан таъминланган. Ишчиларнинг кӯпчилигини маҳаллий аҳоли ташкил қилади.

 

Айтиш жоизки, ишчилар умумий сонининг 10 фоизи аёллардир. Бу корхона ишлаб чиқариш иқтидори ва илғор технология билан таъминланганлиги жиҳатидан Марказий Осиёда ягона ҳисобланиб, бу ерда ишлаб чиқариладиган маҳсулот халқаро андазаларга жавоб бера олади. Айни пайтда корхонанинг айрим цехларида пайвандлаш ишлари олиб борилмоқда. Корхона бутун қуввати билан ишлай бошласа, бу ерда фаолият юритаётган мутахассис ишчиларнинг 70 фоизи маҳаллий кадрлар бӯлиши кӯзда тутилган. Бунинг учун Бӯстон шаҳрида жойлашган Тожикистон Тоғ-металлургия институти билан шартнома имзоланган бӯлиб, бу олийгоҳда билим олиб, етук мутахассис бӯлган ёшлар Истиқлол шаҳридаги корхоналарда иш билан таъминланади. Шунингдек, Истиқлол шаҳрининг ӯзида саноат корхоналари учун мутахассис кадрларни етиштирадиган лицей очилиши режалаштирилган. Лицей иш бошласа, шаҳардаги барча саноат корхоналари учун малакали кадрлар тайёрлаб беради.

Ҳисобот даврида маҳаллий бюджет даромад қисми 148,8 фоизга бажарилиб, 5 миллион 805 минг сомоний ӯрнига бюджетга 8 миллион 638 минг сомоний маблағ киритилди. Бюджетнинг бойиши шаҳардаги мавжуд муаммоларнинг бартараф этилишини таъминлайди. Бюджет маблағларининг маълум қисми аҳолининг яшаш шароитини яхшилашга йӯналтирилади. Шаҳарда аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш масаласи бирмунча ижобий ҳал этилган. Бу йӯналишда ишлар давом эттирилади.

Истиқлол шаҳри марказидаги Маданият ва дам олиш боғи 15-20 йилдан бери эътибордан четда қолганди. Жорий йилда шу боғни ободонлаштириш ва халқнинг кӯркам дам олиш жойига айлантириш режага олинган. Аҳоли яшайдиган кӯпқаватли бинолар ҳовлисида ва маҳаллаларда болалар учун ӯнта спорт майдончаси қуриб, фойдаланишга топширилади. Шаҳардаги стадион ҳам таъмирланиб, ёшларнинг спорт билан шуғулланишлари, турли спорт мусобақалар ӯтказилиши учун шароит яратилади. Халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йӯлида ҳам кӯзга кӯринарли ишлар амалга оширилади. Истиқлол шаҳри аҳолиси азалдан қӯлда гилам тӯқиш, турли рӯзғор буюмларини ясаш бобида ибрат олса арзийдиган кишилардир. Уларнинг ишини янада ривожлантириш учун қулай шароит яратиб бериляпти. Айни пайтда уларни қӯллаб-қувватлаш ва янада кӯпроқ қиз-жувонларни қӯлда гилам тӯқиш ишларига жалб этишга ҳаракат қилинмоқда. Бу ишга бир киши вазифадор этилган бӯлиб, у халқ ҳунарларини ёшларга ӯргатиш ва шу асосда ишсизларни доимий иш билан таъминлашни мақсад қилган.

Тожикистон-Хитой тоғ-саноат ширкати қӯллаб-қувватлаши билан янги болалар боғчаси ва мактаб қуриш режалаштирилган.

Шаҳар раисининг айтишича, шаҳар ижтимоий-иқтисодий кӯрсаткичларини ошириш мақсадида, маҳаллий соҳибкорликка кенг йӯл очилган. Шу пайтгача, ҳатто, шаҳар аҳолисининг кундалик эҳтиёжини таъминлаш учун зарур бӯлган нон маҳсулотлари ҳам Хужанддан келтириларди. Нон пиширадиган цехлар ӯз фаолиятини бошлагандан кейин, аҳолининг нонга бӯлган эҳтиёжи тӯлиқ қопланди. Бу аҳолига нисбатан арзон нархда маҳсулот етиштириб бериш учун асос бӯлди. Худди шу каби бошқа цехлар ҳам иш бошласа, озиқ-овқат маҳсулотларини ташиб келтириш ҳолатлари камаяди. Шунинг учун ҳам ишбилармонларни шаҳарга имкон қадар кӯпроқ жалб этиш, маҳсулот ишлаб чиқарувчи цех ва корхоналар сонини кӯпайтириш, улар учун яхши иш ва яшаш шароитини яратиб бериш йӯлида кӯзга кӯринарли ишлар амалга оширилмоқда.

Истиқлол шаҳрида улкан саноат корхоналари фаолият юритар экан, албатта, мамлакат ичкариси ва ташқаридан меҳмонлар келиши, табиий. Шаҳар раиси ташриф буюрган меҳмонлар эътибори тушадиган масканларни ободонлаштириш, улар учун олий даражада хизмат кӯрсата оладиган меҳмонхона қуриш, сайёҳларни жалб эта оладиган шароит яратиш йӯлида ҳам қатор тадбирлар белгиланганини айтди.

Шунингдек, яратилаётган қулай шароит туфайли шаҳар аҳолиси йилдан-йилга ошиб бораётгани, муҳожирликка бориш ҳолати анча камайгани, заҳарли моддалар ташланган махсус жойлар доимий равишда кӯмилиб, радиация даражаси пасайтирилгани ва у доимо экология хизматининг диққат марказида эканлиги, маданий-оқартув ишлари яхши олиб борилаётгани ҳақида сӯз юритилди.

Ойдин СУЛАЙМОНОВА

СУРОҒА

Маҳаллаи 20, бинои Кохи матбуот, 6 ошёна

E-mail: Этот адрес электронной почты защищен от спам-ботов. У вас должен быть включен JavaScript для просмотра.

Телефон: