Автор: Суғд Ҳақиқати Категория: ЖАМИЯТ
Дата публикации Просмотров: 3167
Печать

Тожикистон Жумҳурияти давлат Мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан эълон қилинган 1300 зарбдор меҳнат куни доирасида Суғд вилоятининг бошқа шаҳар ва ноҳияларида бӯлганидек, Жаббор Расулов ноҳиясида ҳам турли иншоотлар қурилиши давом этмоқда.

Куни кеча Суғд вилояти Раиси Ражаббой Аҳмадзода иш сафари билан Жаббор Расулов ноҳиясида бӯлиб, ободончилик ва яратувчанлик ишлари жараёни билан танишди. Тадбиркор Бобожон Шамсиев буюртмаси билан янги ва замонавий болалар боғчаси қурилмоқда. Пудрат ишларини «Ватан» МЧЖ ӯз зиммасига олган. 240 болага мӯлжалланган уч қаватли боғча биноси иш кабинетлари, ошхона, турли тадбирларни ӯтказишга мослашган кенг ва шинам зал, пешайвон ва болалар ӯйнаш жойига эга бӯлади. Бугунги кунгача қурилиш ишларининг асосий қисми бажариб бӯлинган. Бино ягона иситиш системасига уланган.

 

Вилоят Раиси танишув асносида маҳаллий тадбиркор ташаббусини олқишлаб, ишларни юқори сифатда охирига етказиш, бино ичкарисини мавжуд меъёрларга мос равишда жиҳозлаш, атрофни ободонлаштириш борасида маслаҳатлар берди.

Сӯнгра вилоят Раиси давлат байроғи ӯрнатиладиган майдонни кӯздан кечириб, ишларни кенг йӯлга қӯйиш, сифатли қурилиш материалларини танлаш ва атрофни кӯкаламзорлаштириш тӯғрисида бинокорларга аниқ кӯрсатма ва топшириқлар берди. Ноҳия давлат ҳокимияти ижроия органи биноси яқинида вилоят давлат ҳокимияти ижроия органининг маблағ ӯтказиши билан давлат байроғи ва маданият истироҳат боғи бунёд этилади. Лойиҳага кӯра, давлат байроғи тикиладиган устуннинг баландлиги 50 метрни ташкил этади. Шунингдек, бу ерда турли фавворалар, замонавий ӯриндиқлар қурилади. Майдон ҳудуди ёритилади.

Тиббий хизмат кӯрсатиш сифати ва даражасини янада яхшилаш мақсадида ноҳиянинг Меҳробод шаҳарча жамоатида саломатлик маркази қурилмоқда. Мазкур бино Тожикистон Жумҳурияти Ҳукуматининг қӯллаб-қувватлаши ва Жаҳон банкининг маблағ ӯтказиши билан «Тиббий хизмат кӯрсатишни яхшилаш» лойиҳаси доирасида қад ростламоқда. Икки қаватли саломатлик маркази биноси 21та ҳужрага эга бӯлади. Бу ерда 32 киши доимий иш билан таъминланади. Бинода хатна қилиш учун махсус хона ташкил қилинади.

Вилоят Раиси саломатлик маркази билан танишар экан, янги бино фойдаланишга топширилиши ортидан минтақада тиббий хизмат кӯрсатиш сифати ва даражаси яхшиланишини таъкидлади.

Вилоят Раиси иш сафари давомида Ғӯлакандоз қишлоқ жамоатида гилам тӯқиш цехи қурилиши билан танишиб, ишларни сифатли бажариш, гиламларни истеъмол бозори талабидан келиб чиқиб ӯзига хос безак билан тайёрлаш борасида фойдали маслаҳатлар берди. Мазкур цех маҳаллий тадбиркор Исмоил Самадов томонидан бунёд этилмоқда. Ускуналар Германиядан олиб келиб ӯрнатилган. Мазкур цех бир кеча-кундузда 180 метр квадратгача гилам ишлаб чиқариш имконига эга. Келгусида бу ерда 20 киши иш жойи билан таъминланади.

 Суғд вилояти Раиси матбуот хизмати

СУРОҒА

Маҳаллаи 20, бинои Кохи матбуот, 6 ошёна

E-mail: Этот адрес электронной почты защищен от спам-ботов. У вас должен быть включен JavaScript для просмотра.

Телефон: