Шу йилнинг 10 июл кунидан бошлаб, Суғд вилоятида йӯлкира нархининг 30 фоиз ошгани аҳоли орасида катта баҳсларга сабаб бӯлмоқда. Ӯз-ӯзидан савол туғилади. Бунинг асосий сабаби нимада? Газ нархининг кескин кӯтарилиши йӯлкира нархининг ошишига сабаб бӯлдими? Жумҳуриятимизнинг бошқа минтақаларида ҳам йӯлкира нархи кӯтарилдими ёки фақат Суғд вилоятидами?
Масалага ойдинлик киритишдан аввал Тожикистонда охирги марта йӯлкира нархи қачон кӯтарилгани ҳақида маълумот берамиз. Тожикистонда охирги марта Транспорт Вазирлиги қарори асосида 2011 йили йӯлкира нархи кӯтарилган эди. Орадан 7 йил ӯтиб, Тожикистон Жумҳурияти Транспорт Вазирлигининг жорий йил 16 январидаги №19 фармони асосида, йӯлкира нархи шаҳар ичида қатнайдиган йӯловчи ташиш транспорти учун 30 фоиз, шаҳар яқинига қатнайдиган йӯловчи ташиш транспорти учун 20 фоизга кӯтарилди. Агар аввал сиз шаҳар ичида бир нуқтадан бошқа нуқтага бориш учун аввал 1 сомоний тӯлаган бӯлсангиз, энди бу хизмат кӯрсатиш тури учун 30 фоиз қӯшимча тӯлайсиз. Хужанд-Исфара 14 сомоний 20 дирам (аввал - 13 сомоний), Хужанд-Конибодом 9 сомоний 10 дирам (аввал - 7 сомоний), Хужанд-Ғафуров - 2 сомоний 60 дирам (аввал - 2 сомоний), Хужанд-Гулистон 3 сомоний 25 дирам (аввал - 2 сомоний 50 дирам), Хужанд-Истаравшан 13 сомоний (аввал - 9 сомоний 25 дирам) тарзида ӯзгартирилган.
Хӯш, бунинг асосий сабаби нимада? Асосий сабаблардан бири, автомашина ёқилғиларининг қимматлашуви ҳисобланади. Агар 2011 йили 1 литр газ 2 сомоний нархда сотилган бӯлса, ҳозир бу нарх 5 сомоний атрофидадир. Шунингдек, ӯша пайтда дизел ёқилғиси 4 сомоний нархда бӯлса, унинг ҳозирги нархи 7 сомоний 70 дирамни ташкил этади.
Айтиш жоизки, Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида йӯловчи ташиш транспортларида йӯлкира нархи ушбу фармонга асосланиб, жорий йилнинг 1 мартидан кӯтарилган эди.
Бундан ташқари, Тожикистон жаҳон ҳамжамиятининг ажралмас қисми бӯлгани учун оламда юз бераётган ижтимоий-иқтисодий ӯзгаришлардан четда қолмайди. Жаҳон бозорида доллар пул бирлиги қадрининг кӯтарилиши машина эҳтиёт қисмлари нархининг кӯтарилишига кескин таъсир кӯрсатди ва ушбу ҳолат ҳам йӯлкира кӯтарилиши сабабларидан бирига айланди.
Ӯктам Ризаев
Маҳаллаи 20, бинои Кохи матбуот, 6 ошёна
E-mail: Этот адрес электронной почты защищен от спам-ботов. У вас должен быть включен JavaScript для просмотра.
Телефон: