Тобора гуллаб-яшнаётган юртимизга байрамлар, тўй-тантаналар ярашади. Аммо ҳамма нарсанинг ҳам чегараси бор деганларидек, тўй-ҳашамларни ўтказишда ҳам меъёрга риоя қилиш зарур. Шундай инсонлар ҳам борки, улар топганини йиғиб, элга дастурхон ёзади. Меҳмонларга тортилаётган таомларнинг кети узилмайди. Қилинаётган сарф-харажатларнинг эса охири кўринмайди. Шунинг учун Мамлакатимиз ҳукумати томонидан исрофгарчилик ва дабдабабозликнинг олдини олиш мақсадида «Тожикистон Республикасида тўй-маросимлар ва анъаналарни тартибга келтириш тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди.
Бугунги кунда вилоятимизнинг ҳар бир шаҳар ва ноҳияси, қишлоқ ва шаҳарча жамоатларида махсус комиссиялар ташкил этилиб, қонун ижросини таъминлашмоқда.
Яқинда биз Жаббор Расулов ноҳияси давлат ҳокимияти ижроия органида бўлиб, дин ва тўй-маросим, анъаналарни тартибга келтириш бўлими мудири ҳусайн Зокиров билан суҳбатлашдик.
Маълум қилинишича, ноҳияда дин ва тўй-маросим, анъаналарни тартибга келтиришга доир 7та доимий комиссия амал қилади. Олтита доимий амал қилувчи комиссиялар ноҳиянинг шаҳарча ва қишлоқ жамоатларида фаолият олиб боришади. Ўтган йили ноҳия бўйича 1021та турли маърака ўтказилган бўлиб, гўшт учун қорамол сўйилиши қайдга олинмаган. Аммо қонунга зид равишда маъракаларнинг ўтказилиши юзасидан 14 ҳолат қайдга олиниб, уларга қонун доирасида чоралар кўрилган. Ноҳиядаги барча тўйхона ва ресторанлар дин ва тўй-маросим, анъаналарни тартибга келтириш бўлими билан ҳамкорликда, қонун талаблари асосида фаолият юритишади.
-2023 йилда «Зуҳал» тўйхонасида битта қонунга зид ҳолат, яъни тўйга келган меҳмонлар сони талаб доирасидан кўплиги ошкор этилиб, тўй эгаси қонун асосида жаримага тортилган. Одатда, тўйхоналаримизнинг нархи унчалик баланд эмас. ҳодимларимиз томонидан халқ билан доимий равишда учрашувлар ўтказилади. Мақсадимиз «Тожикистон Республикасида тўй-маросимлар ва анъаналарни тартибга келтириш тўғрисида»ги Қонуннинг моҳиятини аҳолига янада чуқурроқ тушунтиришдир. Чунки қонуннинг талабларини англаб етмайдиган кишилар ҳали ҳам топилади.
Мутахассис сифатида шуни айтишим зарурки, бу қонун халқнинг фойдасини ўйлаб қабул қилинган қонундир. Халқимиз исрофгарчиликка йўл қўймаса, ўз ҳамёнларига ортиқча зарар етказишмаса, бировдан ўзиб кетишни кўзлаб, қонунбузарликка йўл қўйишмаса, мақсадга мувофиқ бўлади,-дейди ҳ.Зокиров
Айтиш жоизки, қонунбузарликларнинг олдини олиш мақсадида бўлим томонидан жойларда рейдлар ҳам ўтказилиб турилади. Биз ҳам ушбу рейдларнинг бирида иштирок этдик. Рейд жараёнида бизга ноҳиянинг дин, тўй-маросим ва анъаналарни тартибга келтириш бўлими бош мутахассиси ҳамроҳлик қилди.
Биз ноҳиянинг «Диёр» тўйхонасида бўлиб, ушбу муассаса директори билан суҳбатлашдик. Унинг таъкидлашича, тўйхонада ўтказиладиган ҳар қандай маросим қонун талаблари асосида ўтказилади.
Соҳа мутахассислари билан суҳбатлашар эканмиз, ҳақиқатан ҳам, улар самарали фаолият юритаётганларига яна бир карра амин бўлдик.
Қонун барча учун баравардир. Халқимиз фойдаси учун қабул қилинган «Тожикистон Республикасида тўй-маросимлар ва анъаналарни тартибга келтириш тўғрисида»ги Қонунга барчамиз бирдек риоя қилсак, ортиқча ҳашамат ва харажатларга нуқта қўямиз.
Зайниддин МУҲАММАДИЕВ
Маҳаллаи 20, бинои Кохи матбуот, 6 ошёна
E-mail: Этот адрес электронной почты защищен от спам-ботов. У вас должен быть включен JavaScript для просмотра.
Телефон: