Тожик ва ӯзбек халқининг абадий дӯстлиги бир неча минг йиллик тарихга эгадир. Бу азалий дӯстлик асрлар давомида икки миллатнинг маърифатпарвар инсонлари томонидан янада ривожлантирилди.
Урф-одатлари, анъаналари бир хил бӯлган тожик ва ӯзбек халқининг турли тадбирлари бир-бирисиз ӯтмаган. Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий яшаган даврда икки миллат дӯстлиги ҳар томонлама ривожланди. Улуғ аждодларимизнинг ана шундай анъаналари Садриддин Айний, Fафур Fулом, Мирзо Турсунзода, Зулфия, Лойиқ Шерали, Абдулла Орипов, Гулназар Келди, Эркин Воҳидов, Жамол Камол ва Ӯлмас Жамол каби яна ӯнлаб атоқли ижодкорлар томонидан давом эттирилди ва юксак даражада тараннум этилди.
Ӯтган йили Тожикистон Жумҳурияти ва Ӯзбекистон Республикаси ӯртасидаги дӯстлик ришталарини ҳар томонлама ривожлантириш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилди. Икки давлат бошлиқлари-Эмомали Раҳмон ва Шавкат Мирзиёевнинг бундай эзгу бошламаларини халқимиз хурсандчилик билан кутиб олди. Жорий йилнинг бошида Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси-Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон Ӯзбекистон Республикасининг бош вазири Абдулла Ариповни қабул қилганди. Томонлар суҳбат чоғида икки давлат манфаатларига доир бир қатор ҳужжатлар имзоланди.
Тожикистон Жумҳуриятининг пойтахти-Душанбе шаҳрида Ӯзбекистон маданияти кунлари ва Ӯзбекистон Республикасининг Тошкент шаҳрида Тожикистон маданияти кунлари юқори даражада ӯтказилди. Ушбу тадбир доирасида икки давлат саноат ва савдо палаталари томонидан саноат ва қиш-лоқ хӯжалиги маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилди. Шунингдек, бир қатор шаҳарларда ҳар икки давлат савдо марказлари иш бошлади.
Сӯнгги йилларда икки давлат ӯртасидаги маҳсулот экспорт қилиш ҳажми бир неча бараварга ошганлигини кӯриш мумкин.
Куни кеча, яъни, баҳорнинг биринчи куни икки давлат аҳолиси учун тарихий санага айланди. Шу куни Тожикистон ва Ӯзбекистон давлатларига ӯтиш чегараларининг очилиш маросими тантанали тарзда ӯтказилди.
Баҳорнинг биринчи куни тожик ва ӯзбек халқи учун унутилмас ҳақиқий байрамга айланди. Шу куни Тожикистон ва Ӯзбекистон давлатларининг 9та чегара ӯтиш пуктлари қайтадан очилди. Шулардан еттитаси Суғд вилояти ҳудудида жойлашган .
Спитамен ноҳиясига қарашли Куруш жамоатида жойлашган Хаштияк-Бекобод чегара пунктининг очилиш маросимида икки халқ вакиллари бӯлган юзлаб кишилар қатнашди. Ушбу тадбирни кириш сӯзи билан очган Спитамен ноҳияси раиси Акрам Сулаймонзода икки биродар халқ дӯстлиги ҳақида гапирди ва сӯз навбатини Суғд вилояти Раисининг биринчи ӯринбосари Раҳматзода Рустам Мирзога берди.
Раҳматзода Рустам Мирзо ӯз чиқишида икки давлат Раҳбарлари-Эмомали Раҳмон ва Шавкат Мирзиёевнинг халқлар дӯстлигини янада мустаҳкамлаш мақсадида амалга ошираётган бундай ташаббуси икки давлат фуқаролари томонидан самимий қарши олинганлигини таъкидлади.
-Қадимдан бир-бири билан қуда-анда, ака-ука ва дӯст бӯлиб яшаб келаётган тожик ва ӯзбек халқининг дӯстлигини янада мустаҳкамлаш мақсадида эзгу қадамлар ташланди ва келажакда халқларимиз ӯртасидаги борди-келди янада яхшиланади. Бунинг натижасида икки давлат иқтисодиётида ижобий ӯзгаришлар амалга ошишига ишончим комил,-деди Раҳматзода Рустам.
Раҳматзода Рустам ӯз нутқида Суғд вилояти миқёсида еттита чегара ӯтиш пунктлари очилаётганини, жорий йилнинг 11 февралидан бошлаб, Конибодомнинг «Патар» ва Спитамен ноҳиясининг «Қӯштегирмон-Бекобод» чегара ӯтиш пунктларининг чегарага яқин аҳоли ӯртасида енгиллаштирилган ва визасиз тартиби иш бошлаганини таъкидлаб ӯтди.
Шундан сӯнг сӯзга чиққан Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ӯринбосари Алимардон Қаршиев, Бекобод шаҳар ҳокими Зафар Файзуллоев, «Ӯзбекмедкомбинат» бош директори Абдулло Хурсановлар икки давлат халқининг азалий дӯстлиги ва давлатлараро тараққиёт тӯғрисида гапириб ӯтишди.
Чегара ӯтиш пунктида икки давлат фуқаролари бир-бирларини бағрига босиб, бу қувончли кун билан қутлашарди. Қувонч кӯз ёшлари билан кимдир қариндошини, яна кимдир акасини ёки укасини бағрига босарди. Бу орада икки давлат санъаткорларидан ташкил топган гуруҳ халқ қувончининг тимсоли сифатида ӯзларининг қӯшиқлари билан барчани рақсга чорлади. Чегара дарвозаси олдида меҳмонлар учун байрам дастурхони ёзилиб, ӯзбек ва тожик халқининг миллий таоми-палов оши тортилди.
-Бугунги кунни биз ӯн йиллаб интизор кутган эдик ва мана ниҳоят ниятимизга етдик. Қариндошлари билан анчадан бери дийдорлашмаган одамлар бир-бирини бағрига босишяпди, ҳамманинг кӯзида қувонч ёшлари. Икки халқнинг қадимий дӯстона алоқаларини яна тиклаган икки давлат Президентлари омон бӯлишсин. Мен Бекобод шаҳрида яшайман, Истаравшаннинг Чорбоғ қишлоғида қариндошларим бор. Яратганга шукурлар бӯлсинки, бугун қариндошларимиз билан дийдор кӯришиш насиб этди,-дейди Бекобод шаҳрида яшовчи Манзура Бердиева.
Ушбу кӯтаринки руҳда ӯтаётган тадбирни ёритиш учун икки давлатнинг ӯнлаб оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам иштирок этишди.
-Кеча ушбу масала ҳақида эшитиб роса хурсанд бӯлдим. Тожикистон ва Ӯзбекистон чегараларнинг очилиши борасида янги босқичга қадам қӯяётгани, бу албатта, қувончли хабар. Биз «Ёшлар» телерадиоканалининг «Давр» информацион дастури жамоаси ушбу тарихий жараённи ёритаётганимиздан жуда хурсандмиз. Аҳоли билан суҳбатлашганимизда уларнинг қувончи қанчалар чексиз эканлигини чин қалбдан ҳис этдик. Ҳар томонлама алоқалар келгусида янада яхши бӯлишига одамларнинг ишончи бор,-дейди «Ёшлар» телеканали ходими Нурбек Раҳмонов.
–Мен Ӯзбекистоннинг Бекобод туманида яшовчи оила билан қуда-анда тутинганман. Шу кунгача қизим ва набираларимни кӯриб келишга зор-муштоқ бӯлардим. Борди-келди масаласида турли қийинчиликлар бор эди. Мамлакатимиз Президенти, Миллат пешвоси ҳурматли Эмомали Раҳмоннинг эзгу ташаббуси билан бир-бирига интиқ кишилар орзусига эришди. Бизга яратиб берилган бундай қулай имкониятдан бошимиз кӯкка етди. Элга яхшилик қилиб, халқ дуосини олган Президентимизни ӯн саккиз минг оламнинг эгаси бӯлган Яратган Аллоҳ ӯз паноҳида асрайди. Президентимизга минг бора раҳмат, ҳамиша саломат бӯлсинлар,-дейди қувончини яшира олмай спитаменлик Санобар Исломова.
Ф.ЖӮРАЕВ, О.МУСОЕВ, Ӯ.РИЗАЕВ
Маҳаллаи 20, бинои Кохи матбуот, 6 ошёна
E-mail: Этот адрес электронной почты защищен от спам-ботов. У вас должен быть включен JavaScript для просмотра.
Телефон: