Йиллар ӯтиб кетаверар экан. Бундай ҳисоблаб қарасам, Андижонга сӯнгги марта келганимга орадан йигирма йилдан кӯп вақт ӯтибди. Илгари енгил машинамга ӯт берардим-да, тӯрт соатга қолмасдан Хӯжанддан Андижонга етиб келардим. Ана шу тӯрт соатлик йӯлга маълум сабаблар билан шунча вақтдан буён бир мартагина кела олмаганимни ӯйлаб, ӯзимдан гина қилиб кетаман. Тӯғри, ӯзимни оқлаш учун сабаб топа оламан. Икки қӯшни давлат орасида виза тартибининг ӯрнатилиши ана шу сабаблардан бири эди. Лекин Тожикистон ва Ӯзбекистон Президентлари – Эмомали Раҳмон ва Шавкат Мирзиёевнинг чинакам дӯстона, азалий қӯшни, қардош халқларнинг бошини осмонга етказган сиёсати туфайли чегаралар очилганидан кейин ҳам Андижон сафари икки йилдан ӯтиб амалга ошаётган экан, яна қандай баҳона излай!
Орадаги узилишлар туфайли андижонлик курсдош дӯстим, таниқли журналист Иброҳим Сотволдиевнинг дунёдан ӯтганини жуда кеч эшитдим. Андижонга сафаримдан мақсадлардан бири унинг хонадонида бӯлиб, руҳига фотиҳа ӯқиш эди. Раҳматли Иброҳимнинг Андижоннинг сокин маҳаллаларидан бирида жойлашган ҳовлисига яқинлашар эканмиз, тасалли излайман: «Фотиҳа қаримас»…
Иброҳимнинг хонадонидан қайтар эканмиз, зилдек бир юк кӯкракни тарк этгандай бӯлди. Энди Бобурдек буюк ҳамшаҳрининг меросини ӯрганиш йӯлида улуғвор ишлар қилаётган инсон – Зокиржон Машрабов билан учрашсам бӯлади. Бу учрашувни ӯйлашим заҳоти шундайгина қулоғим остида Бобур сӯзлари жаранглайди:
Ўзни, кўнгул, айш билан тутмоқ керак,
Бизни унутқонни унутмоқ керак.
Ҳамроҳларимдан бири «Бобур шоҳкӯчасида кетяпмиз» дейди ва мен хаёлимни тизгинлаб олишга уринаман. Барибир бӯлмайди. Бобур номини абадийлаштириш учун интилган андижонликларга қанчалик осон бӯлмаганини эслайман. Ҳатто Горбачёвнинг ошкоралик ва турли фикрликка йӯл очилган қайта қуриш даврида ҳам мана шу биз кетаётган шоҳкӯчага улуғ шоҳ ва шоир номини беришга қаршилик кӯрсатганлар оз бӯлишмаган. Андижон шаҳар жойларни номлаш ҳайати йиғилишида бу масала кӯрилар экан, айрим мансабдор шахслар очиқчасига тӯсқинлик қилишган. Лекин машҳур ҳамшаҳарлари билан чинакамига фахрланадиган, унинг хотирасини эъзозлайдиган инсонлар ортга чекинишмаган. Ва бу қадршунос инсонларга эргашган жамоатчилик талаби билан шоҳкӯчага Бобур номи берилган.
Андижон Давлат педагогика институти ректори, профессор Ғ.Абдуллаев ўша вақтдаги ЎзССР Министрлар Советидан ВЛКСМ 30 йиллиги номини олган институтни Бобур номи билан атамоқни сўрагани учун маълум тазйиққа учраган эди. Ҳозирда Андижонда энг катта олий ӯқув юрти – университетга Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи берилди. ВЛКСМ нима эканлигини эса, ёш андижонликлар умуман билишмайди…
Лекин Бобур хотирасини абадийлаштириш учун энг кӯп жабрланган инсонлардан бири Зокиржон Машрабов эди.
- Жамғармамиз раиси Зокиржон Машрабов 1983-йилда Андижон шаҳри ижроқӯми раиси бӯлган. Ӯша йили у кишини Москва яқинидаги Митиши шаҳридаги ҳайкалтарошлик корхонасига Лениннинг броневикдаги ҳайкалига буюртма бериш учун жӯнатишган. Бу сафарни қайтариб бӯлмас имконият деб ҳисоблаган Зокиржон ака узоқ йиллардан буён юраклари тӯрида асраб юрган орзуни амалга оширишга киришганлар. У киши бировга билдирмасдан Бобур ҳайкалини ясаттиришга муваффақ бӯлганлар. Ҳайкални не иложда Андижонга олиб келишган. Лекин у йиллар Бобур шахси қораланарди. Зокиржон акани ишдан олиб ташлашган. Бобурнинг бронзадан ясалган ҳайкали узоқ вақт бир хилват ертӯлада турган. Вақти келиб, у ӯз жойини топди. Дастлаб ҳайкал улуғ шоир ва шоҳнинг уй-музейига қӯйилди. 2003-йили Боғишамолдаги мана шу ҳамманинг кӯзи тушадиган тепаликка қӯйилди. Ҳа, айтгандай, ҳайкал ижодкори бӯлган ҳайкалтарошга Бобур халқаро жамғармаси мукофоти берилди, - деди Бобур халқаро жамоат жамғармаси раиси ӯринбосари Рустам Мамасолиев.
Рустам Мамасолиев бу гапларни Андижоннинг машҳур Боғишамолида, Бобурнинг улуғвор ҳайкали ёнида тӯлқинланиб-тӯлқинланиб айтди.
Боғишамолдаги ҳайкал Бобурнинг Андижондаги ягона ҳайкали эмас. Ӯзбекистонда улуғ шоирнинг 510 йиллиги нишонланганда шаҳар марказида унинг яна бир ҳайкали ӯрнатилди.
Биз дилкаш инсон Рустам Мамасолиев билан бирга Боғишамолдаги Бобурнинг рамзий мақбарасини зиёрат этдик. Мақбарага шоирнинг Афғонистоннинг Кобулидан олиб келинган хоки қӯйилган экан. Мақбара яқинида Бобурнинг хотира музейи бунёд этилибди.
Гоҳ муҳташам мақбарага, гоҳ музейнинг нақшинкор биносига разм ташлар эканман, кӯз олдимга Ҳиндистондаги бобурийлар қурган ҳашаматли иморатлар келаверди. Аградаги дунё мӯъжизаларининг бири – Тожмаҳал, Акбаробод қалъаси, Деҳлидаги Қизилқалъа, Ҳумоюн саройи ва боғлари, кӯҳна масжид... Рости, бу одам ақлини ӯғирлайдиган биноларни кӯрганимда, Бобурнинг ӯз юртини ташлаб кетишга мажбур бӯлиб, «Ҳинд сори юзлангани»ни ӯйлаб, агар у киндик қони тӯкилган юртида қолганида Ҳиндистондаги меъморчилик мӯъжизалари Андижон ва Самарқандда, Хӯжанд ва Тошкентда қурилармиди, деган фикрга асир бӯлгандим… Ҳиндистондаги у бинолар миллионлаб хорижий сайёҳлар қадамжосига айланган. Дунёнинг тӯрт томонидан бобурийлар қурган улуғвор иморатлар, кӯркам боғларни кӯргани келаётган миллионлаб сайёҳлар ҳисобидан мамлакат хазинасига юз-юз миллион долларлик маблағ тушмоқда.
Ҳиндистон сафаридан сӯнг Бобур ва бобурийлар ҳақидаги асарларни қидириб ӯқий бошладим, фикрларни тӯпладим. Таниқли инглиз арбоби Эдвард Лир дунё аҳлини иккига бўлган экан: «биринчиси Тожмаҳални қурганлар, иккинчиси қурмаганлар». «Бобурнома»ни инглиз тилига биринчи бўлиб таржима қилган машҳур олим Вильям Эрскин эса Заҳириддин Муҳаммад Бобурни қуйидагича таърифлайди: «Камдан-кам учрайдиган сахийлиги, мардлиги, истеъдодлилиги, санъатга муҳаббати ва улар билан муваффақиятли шуғулланиши жиҳатидан Осиёдаги подшоҳлар ичида Бобурга тенг келадиган биронта ҳам подшоҳ топа олмаймиз».
Ҳинд халқининг машҳур фарзанди Жавоҳарлаъл Неру Бобур ва бобурийларга ӯз меҳр-муҳаббатини неча карралаб изҳор этган. Жумладан, у шундай фикр билдирган: «Бобурнинг Ҳиндистонга келиши туфайли бу мамлакатда буюк ўзгаришлар содир бўлди. Санъатда, меъморчилик ва маданиятнинг бошқа соҳаларида янгича серилҳом тараққиёт юз берди».
Неру Бобурнинг набираси Акбарни шундай баҳолаган: «Унинг набираси Акбар янада кўпроқ дилбар бўлган ва катта инсоний қимматни ўзида мужассам этган эди. Мард, қўрқмас саркарда бўлган, айни вақтда олийҳимматли ва раҳмли, шафқатли, идеалист, орзу-хаёлларга берилувчан бўлган, бир вақтнинг ўзида у ҳаракатчан ва доҳий одам сифатида ўз издошларининг беҳад чексиз садоқатини қозонган эди. Жангчи сифатида у Ҳиндистоннинг бепоён ҳудудларини забт этди, бироқ у одамлар қалби ва онгини забт этишни орзу қилган».
Бобур музейига кирар эканмиз, унинг эшиклари ёнидаги тошлардан кӯз узмай қоламан. Шоир сатрлари битилган бу тошлар Тожикистоннинг Оббурдон ва Шамтуч қишлоқларидан олиб келинган экан. Шунда маърифатпарвар инсон, ӯзбек ва тожик тилларида бирдай ижод қилган зуккотаъб шоир Абдулла Қаюмнинг сӯзларини эслайман. Адабиёт ва тарихни севадиган бу ажойиб инсон мени неча марталаб ӯзи яшайдиган Ғончи ноҳиясининг Юқориянгиариқ (ҳозирги Деваштич ноҳиясининг Даҳкат) қишлоғига таклиф қилган ва қишлоқдан уч-тӯрт чақирим нарида Бобур тошлари борлиги, у ерларга буюк саркарда ва шоирнинг қадами текканини айтган эди. Бобур тошларининг кӯпи ҳозирда турли музейларга олиб кетилган. Лекин даҳкатликлар Бобур устига чиқиб, аскарлар машқини кузатган катта тош ҳалигача турибди, дейишади. Чархнинг айланишини қаранг, қайси бир сабаблар билан Бобур излари қолган, бармоқлари теккан тошларни кӯра олмай қолгандим. Мана энди Даҳкатдан унча олис бӯлмаган Оббурдон қишлоғидан келтирилган табаррук тошни кӯриб турибман.
Умуман, ҳозир Тожикистон ҳудудида, айниқса, Суғд вилоятида Бобур номи билан боғлиқ жойлар оз эмас. Бобур «Бобурнома»да Хӯжандга жуда чиройли таъриф берган. У Самарқанд юришидан олдин, ниҳоятда оғир кийинчиликларни бошидан кечирган маҳал ҳарбий қўшин ва отларни озиқ-овқат, беда, ғалла билан таъминлаш мақсадида Ўратепа (ҳозирги Истаравшан) ва Хўжанд атрофидаги қишлоқ, яйлов, ўтлоқларни топиб ўша жойларда яшай бошлайди.
Бобур ҳали ӯн етти ёшлигида ҳозирги Спитамен ноҳиясининг Ҳаштияк қишлоғида бӯлган. Тарихий манбаларда келтирилишича, у қиш кунида Ҳаштиякда тунайди. Ӯшанда Сирдарё музлаган эди. Бобур эрталаб уйқудан туриб, музни ёради ва чӯмилади. Ҳозир жисмонан соғлом, чиниқиб тобланган, бақувват йигит Заҳириддин чӯмилган Сирдарёнинг чап томонида Тожикистонга қарашли Ҳаштияк қишлоғи жойлашган бӯлса, дарёнинг ӯнг қирғоғида - Ӯзбекистоннинг Бекобод шаҳри.
Қадимий ипак йӯли ҳам ҳозирги Ӯзбекистон ва Тожикистон шаҳарларини боғлаб турган. Жумладан, Фарғона водийсининг шарқий ҳудудларидан Буюк ипак йўлининг бир муҳим тармоғи ўтган Эргаштом, Саритош, Ғулжа орқали Ўш шаҳридан, сўнгда Мингтепа (ҳозирги Марҳамат), Андижон, Қубо (Қува), Симтепа, Хўжанд, Устурошона (ҳозирги Истаравшан) ва ундан Сўғд орқали Бақтриягача етиб борган.
Рустам Мамасолиев бизниАндижон шаҳарсозлик маданияти тарихи музейининг йиғилишлар залига бошлаб киради. Бу музей Бобур халқаро жамоат жамғармаси ва халқаро археология институтининг 25 йил давомидаги ҳамкорлиги, олиб борилган изланиш ва тадқиқотлар натижасида ташкил топган экан. Илмий ишлар натижасида топилган осори атиқалар Андижоннинг қадимий тарихидан сӯзлайди.
- Мана шу муҳташам залда ҳар йили Бобур туғилган кунда – 14-февралда халқаро конференсия ӯтказамиз, - дейди Рустам Мамасолиев.
Бобур экспедисияси сафарлари ҳақида кӯп ӯқигандим. Экспедисия аъзолари ҳар гал хоҳ Ҳиндистон, хоҳ Афғонистонга сафар қилишмасин, Бобур ва бобурийлар борасида янги-янги маълумотлар топиб қайтишган.
- 2018-йилнинг август ойида Ҳиндистонга бориб келдик. Навбатдаги бу сафарга Зокиржон ака билан бирга Ӯзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ӯринбосари, шоир Ғайрат Мажид, «Бобур ва дунё» журнали бош муҳаррири Абдурасул Жумақулов, таниқли матншунос олим Ваҳоб Раҳмоновлар ҳам боришди. Улар Аграда бӯлганларида Ҳиндистондаги айрим бурнидан нарини кӯра олмайдиган кишиларнинг Тожмаҳални бузиш ҳақидаги гапларини эшитиб, қаттиқ ранжишибди. Зокиржон аканинг асил касблари геолог бӯлгани учун ёнидан оқаётган дарё таъсирида Тожмаҳал йиқилиб кетиши мумкин деган фикрларни илмий асосларда рад қилдилар. Жорий таъмирлаш ишларини сифатли олиб бориш билан кифояланса бӯлишини исботладилар.
Рустам Мамасолиевнинг айтишича, «Бобур экспедисияси» Афғонистонга уч марта сафар қилибди.
-Ҳазрат Алишер Навоий қабрини зиёратгоҳга айлантириш, боғ барпо қилиш, Камолиддин Беҳзод қабрини тиклаш, у ерда ҳам боғ яратиш ва Мавлоно Лутфий қабрларини қайта таъмирлашда қатнашдик, - дейди у. – Лекин қилинган ишлардан ҳали қилинмаган ишлар кӯпроқ, деб ӯйлайман. Жамғармамиз олдида турган энг муҳим вазифалардан бири – Бобурноманинг йӯқолган қисмини топиш. Бу асарнинг 36 йил давомида ёзилгани маълум, лекин 18 йилда битилган қисми топилган эмас. Шунингдек, Бобурнинг ҳарб иши, мусиқага оид асарларини ҳам излаб топиш асосий вазифаларимиздан бири ҳисобланади. Фондимиз фақат Бобур ва бобурийларни эмас,балки юртимиздан етишиб чиққан, тақдир тақозоси билан хорижда яшаган Абу Райҳон Беруний ва Бобораҳим Машраб каби юртдошларимиз ҳаёти ва меросини ӯрганишни ҳам ӯз олдига вазифа қилиб қӯйган.
- Мен Зокиржон ака омон бӯлсалар, бу эзгу ниятларнинг тӯлиқ амалга ошишига ишонаман. Ахир ҳозиргача бажарилган улуғвор ишлар умрини бобуршуносликка бағишлаган бу инсоннинг саъйи ҳаракати, жонкуярлиги билан бӯлди, - деди Рустам Мамасолиев.
Асли ҳамшаҳримиз, ҳозирда Гулстон шаҳрида яшаб, илмий фаолият олиб бораётган зукко адабиётшунос, матншунос олим Ваҳоб Раҳмонов Зокиржон Машрабов билан бирга ишлаганидан мамнунлигини айтди.
- Зокиржон Машрабов 1992-йилда Бобур халқаро жамоат жамғармасини ташкил этиб, шу кунгача жуда кӯп йирик ишларни амалга оширишга муваффақ бӯлди. Шу киши бӯлмаса эди, менинг тушунчамда, Ӯзбекистонда фаннинг бобуршунослик деган соҳаси юзага келмаган бӯларди. Сиз ҳайрон бӯлишингиз мумкин: геология фанлари номзодининг бобуршуносликка қандай ҳиссаси қӯшилиши мумкин? Гап шундаки, бу киши фонд раиси сифатида жуда кӯп олимлар, таржимонларга китоб ёзиш ва форс, инглиз, немис тилидан таржима этиш учун мурожаат этган. Натижада жамғарма томониданг 50 дан ортиқ китоб чиқарилган. Дунёда машҳур Вилям Райшбрукнинг «16-аср бунёдкори», Ҳаролд Лэмбнинг «Андижон шаҳзодаси» асарлари ӯзбек тилида нашр этилди. Бу борада таржимонлар - инглиз тилидан Ғафуржон Сотимов. немис тилидан Янглиш Эгамова, форс тилидан Исмоил Бекжон, Абдужалил Ҳазратқулов каби олимларимиз таржима қилиб, бобуршуносликка катта ҳисса қӯшишди. Бобурни фақат Ӯзбекистонда ӯрганиш эмас, балки жаҳонда ӯрганилаётгани ӯзбек ӯқувчиларига етказилди. Зокиржон Машрабовнинг «Бори элга яхшилик қил» деган китоби иккинчи марта нашр этилди. Китобни ӯқиган одамлар у бормаган жой қолмаган дейишлари мумкин. У киши Америка, Ҳиндистон каби давлатларга неча марталаб бориб-келганлар. Бу сафарларнинг ҳаммасининг муддаоси бир - Бобур ҳаёти ва ижоди, меросини ӯрганиш эди.
Ваҳоб Раҳмоновнинг экспедисия таркибида Ҳиндистонга бориши бежиз эмас эди. Араб алифбосини, қадимий ӯзбек ёзувини, ӯзбек ва тожик тилларини яхши билган олим матнларни тӯғри ӯқий олиши учун Зокиржон Машрабов ҳурматини қозонган. Зокиржон Машрабов Ваҳоб Раҳмоновдан «Бобурнома»ни ҳозирги тилга табдил этишни илтимос қилган. Каромат Муллахӯжаева иккалалари уни ҳозирги ӯзбек тилига ӯгиришган.
- Зокиржон аканинг илтимоси билан Бобур девонини «Ғарибинг Андижонидурман» нашр эттирганман. Аввалига девоннинг бундай аташга қарши чиққанлар бӯлди. Лекин китоб нашр этилгандан кейин Бобурнинг айни шундай сӯзлари борлигини кӯриб, унинг тӯғри номланганини эътироф этишди, - дейди Ваҳоб Раҳмонов.
Бобур музейига қадам қӯямиз. Ғалати бир сокинлик. Музейни томоша қилаётган кишилар гӯё шоир Бобурнинг илҳом қушини учириб юбормаслик учун лаб очишмайди, оҳиста қадам босишади. Музей мудираси Холида Шамсиева экспонатлар тарихи ҳақида пичирлагандайин, паст овозда ҳикоя қилади…
Мана у Бобурнинг энг улуғ асари «Бобурнома» ҳақида сӯзламоқда:
- Уни «Вақое» деб ҳам аташади. Бу буюк асарда 1494-1529-йилларда Марказий ва Кичик Осиёда, Яқин ва Ӯрта шарқ мамлакатларида кечган воқеалар баён этилган. «Бобурнома»нинг ӯндан ортиқ кӯлёзмалари бор. У дунёнинг кӯп мамлакатларида, жумладан, 1905-йилда Лондонда ҳам нашр этилган. Ҳиндистонлик Муни Лаъл бобурийлар тарихига асосланиб олтита роман ёзган…
Боғишамолда ҳаёт қайнайди. Бир томонда дорбозлар, бир томонда андижонлик ҳофизлар қӯшиқ куйлашмоқда. Бобур мақбараса, музейи томон юқорилаб бораётган кишилар эса борган сари кӯпаяди…
Мустақиллик шарофати, айниқса, кейинги уч йилда чирой очган, обод Андижондан олам-олам таассуротлар билан қайтдим. Фақат дилимда бир армон қолди: Зокиржон ака билан учрашиб, суҳбатлаша олмадим. У киши Бобур жамғармаси ишлари билан Тошкентга кетган эканлар.
Ӯз фарзандларини улуғлаётган Андижондан зӯрға кӯнгил узиб кетиб борар эканман, унинг асил ӯғилларидан бири Зокиржон Машрабов билан албатта учрашиш умиди менга тасалли берарди…
Ӯринбой УСМОН,
Ҳӯжанд- Андижон - Хӯжанд
Маҳаллаи 20, бинои Кохи матбуот, 6 ошёна
E-mail: Этот адрес электронной почты защищен от спам-ботов. У вас должен быть включен JavaScript для просмотра.
Телефон: