Мустақиллик шарофати туфайли жонажон юртимизнинг барча гӯшалари янада гуллаб-яшнамоқда. Шаҳар ва қишлоқларимиз таниб бӯлмас даражада ӯзгарди. Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси-Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг улуғ яратувчанлик бошламалари юртимизнинг барча ҳудудларида изчиллик билан давом этмоқда.
Бугун Тожикистон Жумҳурияти жаҳоннинг энг илғор мамлакатлари билан турли соҳаларда ҳамкорликларни амалга ошириб келмоқда. Янгидан-янги саноат корхоналари бунёд этилиши натижасида ички бозорни маҳаллий маҳсулотлар билан таъминлаш муаммоси ӯз ечимини топди ва экспорт ҳажми янада ошиб, минглаб янги иш ӯринлари вужудга келди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар халқимизнинг бундан ҳам фаровон яшашига қаратилгани билан қадрлидир. Бу ҳақиқатни юрак-юрагидан ҳис этаётган юртдошларимиз эса тобора юксак марраларни забт этишга интилмоқда. Буюк бунёдкорлик ишларига ӯзининг муносиб ҳиссасини қӯшмоқда. Бир сӯз билан айтганда, улар қалбида туғилган ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси тобора мустаҳкамланмоқда.
Бугунги кунда тарихан қисқа бир даврда Тожикистоннинг эришган барча ютуқларини, кундан-кунга чирой очиб бораётган қишлоғу маҳаллалардаги бунёдкорлик, қурилиш ишлари, халқимизнинг турмуш даражасининг янада ошганлиги, энг асосийси мусаффо осмон остида тинч ва осойишта яшаётган халқимизда шукроналик ҳисси кучайди.
Яратувчанлик ишқида тинмай меҳнат қилаётган ватандошларимиз, шундай озод ва обод юртнинг фуқароси эканлигидан фахрланиб гапиради. Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси-Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг олиб бораётган оқилона сиёсатини қӯллаб-қувватлайди.
Сӯнгги йилларда Суғд вилоятида ҳам кӯзга кӯринарли бунёдкорлик ва ободончилик ишлари амалга оширилди. Натижада вилоят халқ хӯжалигининг барча соҳаларида арзирли ютуқлар қӯлга киритилди. Айниқса, саноат ва қишлоқ хӯжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми янада юксалиб бормоқда.
Мамлакатимиз Раҳбарининг халқ хӯжалиги соҳаларини тараққий эттириш, замонавий технологияларни киритиш, экспорт салоҳиятини ошириш тӯғрисидаги кӯрсатма ва топшириқларини бажариш мақсадида вилоят Раиси вазифасини бажарувчи Ражаббой Аҳмадзода бошчилигида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Вилоят Раҳбари шаҳар ва ноҳияларда иш сафарида бӯлиб, ҳудудларнинг ижтимоий ҳамда иқтисодий ҳолати билан танишиб, аҳоли билан фойдали учрашувлар ӯтказмоқда. Миллат пешвосининг маҳаллий ишбилармонларни қӯллаб-қувватлаш, уларни бунёдкорлик ишларига жалб этиш тӯғрисидаги кӯрсатмалари асосида вилоятда соҳибкорлик билан шуғулланаётган шахсларга етарлича имкониятлар яратиб берилмоқда.
Суғд вилояти мамлакатимизнинг аграр минтақаларидан бири ҳисобланади. Шунинг учун вилоятда қишлоқ хӯжалигини янада тараққий эттириш мақсадида кӯплаб ишлар қилинмоқда. Айниқса, ердан оқилона фойдаланиш, сувни тежаб ишлатиш мақсадида кӯплаб гектар топчилаб суғориладиган интенсив боғлар, аҳолини йилнинг тӯрт фаслида ҳам сифатли мева ва полиз маҳсулотлари билан таъминлаш учун иссиқхоналар қурилди. Минглаб янги иш ӯринлари яратилди. Энг асосийси, муҳожирлик сони анча камайди. Эндиликда фуқароларимиз чет элларда эмас, ӯз юртида-оиласи билан бирга меҳнат қилиб, рӯзғор тебратмоқда. Улар учун вилоят давлат ҳокимияти ижроия органи барча қулай шароитларни яратиб бермоқда.
Жаббор Расулов ноҳияси вилоятимизнинг аграр минтақаларидан бири бӯлганлиги сабабли, ноҳияда янги ерларни ӯзлаштириш, техник экинларни кӯпайтириш, иссиқхоналар қуриш ва шу каби ишлар юзасидан арзирли ишлар қилинмоқда.
Ноҳия раиси Комил Салимзода раҳбарлигида бир-икки йил ичида нафақат қишлоқ хӯжалиги, балки, бошқа соҳаларда ҳам кӯплаб ютуқлар қӯлга киритилди. Натижада Жаббор Расулов ноҳияси вилоятимизнинг гуллаб-яшнаган обод ва озод масканига айланди. Албатта, бундай ютуқларни қӯлга киритиш осон эмас. Бунинг учун бошлиқдан талабчанлик, аҳоли билан тинимсиз ишлаш, энг асосийси, юксак масъулият ҳиссаи ва ватанпарварлик талаб этилади. Комил Салимзода ана шундай ватанпарвар инсонлардан биридир. У киши Жаббор Расулов ноҳиясига бошлиқ бӯлиб тайинланган кундан ободончилик масалаларига жиддий эътибор қаратди. Ноҳия халқ хӯжалиги соҳасини ривожлантириш мақсадида тинимсиз изланди. Етакчи мутахассисларни ишга жалб этди. Барча соҳаларда амалга оширилган ислоҳотлар ӯз самарасини бера бошлади. Қисқа давр ичида Жаббор Расулов ноҳияси Суғд вилоятининг энг илғор ва тараққий этган ноҳиялари қаторидан жой олди. Биргина мисол тариқасида айтсак, ӯтган йилда ноҳия вилоятда биринчи бӯлиб давлатга пахта топшириш режасини ортиғи билан бажарди.
Биз яқинда Жаббор Расулов ноҳиясида бӯлиб, ноҳия раиси Комил Салимзода билан ӯтган йилда амалга оширилган ишлар тӯғрисида суҳбатлашганимизда, раис қӯлга киритган ютуқлардан қаноатланиб қолмасдан, ноҳияда ҳали баъзи муаммолар борлигини, жорий йилда уларнинг ҳам ечимини топиш мақсадида зарурий чоралар кӯриш кераклигини айтиб ӯтди.
-Муҳтарам раис, ӯтган йилда мамлакатимиз Президенти ҳурматли Эмомали Раҳмон Олий Мажлисга йӯллаган Паёмда келажакда амалга оширилиши муҳим бӯлган масалалар юзасидан кӯрсатмалар бериб ӯтди. Сиз бошқараётган Жаббор Расулов ноҳияси давлат ҳокимияти ижроия органининг келажакдаги режалари ҳақида тӯхталсангиз.
-Тинчлик ва Миллий бирлик асосчиси-Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг Тожикистон Жумҳурияти Олий Мажлисига йӯллаган Паёми бизнинг асосий дастуримиздир. Миллат пешвоси Паёмда халқ хӯжалиги соҳаларини тараққий эттириш, аҳолининг турмуш тарзини янада яхшилаш ва иш жойлари билан таъминлаш мақсадида халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш ва бошқа масалалар юзасидан аниқ кӯрсатмалар бериб ӯтди. Ҳар биримиз Миллат пешвосининг Паёмини ӯз иш дастуримизга айлантирсак, албатта, кӯзлаган режаларимиз ортиғи билан бажарилади. Она-ватанимизнинг янада гуллаб-яшнаши учун кӯпроқ ҳаракат қилмоғимиз керак. Ноҳиямиз аҳли ҳам ӯтган йилда барча соҳаларда ютуқларга эришган бӯлса-да, жорий йилда бундан ҳам кӯпроқ ишларни амалга оширишга бел боғлаганмиз.
Албатта, жорий йилда ҳам яхши натижаларга эришишимиз учун маҳаллий ижроия органимиз томонидан турли чоралар режаси тасдиқланган. Жумладан, жумҳурият ва маҳаллий бюджетнинг даромад қисмини камида 105 фоизга ошириш, солиқ тӯловларини ӯз вақтида бажариш масаласида аниқ амалий ишлар олиб бориш, қишлоқ жамоатларида иссиқхоналарни кӯпайтириш, ҳар бир қишлоқ жамоатида иккитадан спорт майдончалари қуриш ва ноҳия миқёсида ободончлик ишларини давом этказиш, фаолияти тӯхтатилган корхоналарни қайта ишга тушириш, янги технологияларни киритиш, ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотларининг сифатини жаҳон андазаларига мослаштириш ва маҳаллий ҳамда чет эл сармоя ӯтказувчиларини жалб этишдир.
Ӯтган йилда йӯлларни таъмирлаш масаласига ҳам жиддий эътибор қаратгандик. Бу даврда бир неча километр йӯлларимиз сифатли таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилди. Ӯзбекқишлоқ қишлоғини ноҳия билан боғловчи асосий йӯлдаги кӯприкнинг сел оқибатида бузилганлиги сабабли ушбу ҳудуд аҳолисига анча қийинчилик туғдирди. Кӯприкни тӯлиқ янгидан қуриш учун вилоят давлат ҳокимияти ижроия органининг қӯллаб-қувватлаши ва ноҳия давлат ҳокимияти ижроия органи ёрдами билан маҳаллий соҳибкорлар жалб этилди. Натижада ӯтган йилда кӯприк фойдаланишга топширилди.
Шунингдек, жорий йилда ноҳия ҳудудидаги 10 километр масофадаги йӯл тӯлиқ асфалтланиб, ишга тушади.
Ноҳиямиз аграр минтақа бӯлганлиги боис, пахта ва эртапишар картошка ва бошқа полиз экинлари майдонини кӯпайтириш ҳам режага олинган. Ердан унумли ҳосилни қӯлга киритиш учун полиз суви таъминоти муҳим омил ҳисобланади. Шунинг учун ҳам айни кунларда ноҳиямиздаги барча сув тортиш иншоотларининг агрегатлари мавсумга тӯлиқ тайёрланган бӯлиб, сувдан фойдаланиш ассоциациялари билан ҳамкорликда сув йӯлларини тозалаш ишлари бажарилмоқда. Бундан ташқари, хӯжалик бошлиқларига жорий йилда сифатли уруғликлардан фойдаланиш тӯғрисида топшириқлар берилган бӯлиб, келтирилган маълумотларга кӯра, етарлича сифатли уруғликлар захира қилинган. Қишлоқ хӯжалиги оборотига киритиш мақсадида қӯшимча ерларни ӯзлаштириш, янги интенсив боғлар яратиш мақсадида ҳам ишлар бошлаб юборилган.
Ноҳия давлат ҳокимияти ижроия органи ижтимоий соҳалар, жумладан, маориф ва соғлиқни сақлаш тизимини ҳам ривожлантириш учун керакли чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда. Жорий йилда ноҳияда бир қатор мактаб, боғча ва хусусий касалхоналар қуришни режалаштирганмиз. Тожикистон Жумҳурияти давлат Мустақиллигининг 27 йиллиги байрами арафасида 8-умумтаълим мактаби биноси ва ноҳия маориф бӯлими биноси фойдаланишга топширилади. Барча таълим муассасаларини малакали мутахассислар билан таъминлаш ва ӯқувчиларнинг давлат тили ҳамда чет тилларини ӯзлаштиришлари учун қулай шароитлар яратилмоқда.
2018 йил Миллат пешвосининг таклифи билан Тожикистон Жумҳуриятида сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йили, деб қайд этилди. Ноҳиямиз аҳолиси қадимдан миллий ҳунармандчилик билан мунтазам шуғулланиб келган бӯлиб, жорий йил ҳунармандчиликни янада ривожлантиришга муҳим омил бӯлади. Шунинг баробарида кӯплаб янги иш жойлари вужудга келади.
-Миллат пешвосининг асосий топшириқларидан бири, бу жумҳурият ва маҳаллий бюджетни ӯз вақтида бажаришдир. 2017 йилда давлат бюджети таъминоти қандай бӯлди?
-Эзгу ниятлар билан бошланган ҳар ишга Яратганнинг ӯзи куч-қувват беради. Ӯтган йил ноҳиямиз халқи учун эсда қоларли йил бӯлди. Бу даврда ноҳия меҳнаткашлари Миллий бирликнинг 20 йиллигини, Тожикистон Жумҳурияти Олий Кенгашининг тақдирсоз ХVI сессиясининг 25 йиллигини муносиб меҳнат ютуқлари билан қарши олди.
Белгиланган вазифаларни ӯз вақтида бажариш, иқтисодий ислоҳотларни ривожлантириш ва мавжуд захиралардан самарали фойдаланиш натижасида ноҳия иқтисодиёти анча юқори кӯрсатгичга эришди.
2017 йилда барча солиқлар тӯлови (ижтимоий нобюджет билан бирга) 101,9 фоизга бажарилди. Яъни бу даврда белгиланган режа 62 миллион 866,1 минг сомоний бӯлиб, бунинг ӯрнига бюджетга 64 миллион 87,5 минг сомоний киритилди.
Ижтимоий нобюджет солиқ тӯлови эса 12 миллион 797,1 минг сомонийга тенг бӯлиб, режа 101,7 фоизга етди.
Ноҳия маҳаллий бюджети ҳам 101,2 фоизга бажарилиб, белгиланган режага нисбатан 446,3 минг сомоний ортиқдир. Ноҳиянинг харажат 99,9 фоизга тенгдир. Бу даврда бюджет харажати 50 миллион 902,7 минг сомонийга режалаштирилган бӯлиб, 50 миллион 862,5 минг сомоний маблағ ӯтказилди. Жумладан, бошқарув органи секторларига 99,6 фоиз, маориф соҳасига 99,6 фоиз, соғлиқни сақлаш тизимлари учун 99,6 фоиз, маданият соҳаси учун 99,8 фоиз, қишлоқ хӯжалиги учун 99,3 фоиз ва коммунал хӯжаликлари муассасалари учун 99,6 фоиздан ортиқ маблағ ӯтказилди.
-Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва ишбилармонларни қӯллаб-қувватлаш мақсадида қандай ишлар амалга оширилди?
-Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси-Миллат пешвоси ҳурматли Эмомали Раҳмоннинг янги саноат корхоналари яратиш ва саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг ҳажмини ошириш тӯғрисидаги топшириғини бажариш учун бор имкониятлардан самарали фойдаланиб, бир қатор ишларни бажардик.
Ноҳиядаги саноат корхоналари ҳисобот даврида ишлаб чиқариш фаолиятини яхши йӯлга қӯйиб, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 169 миллион 14,6 минг сомонийга етказди. Агар 2016 йилдаги натижалар билан солиштирсак, бу даврда 48 миллион 423,6 минг сомоний ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарган бӯлиб, режани 140,2 фоизга етказган.
Бу даврда чакана савдо айланиши 191 миллион 910,6 минг сомонийга тенг бӯлди. 2016 йилда бу кӯрсаткич 172 миллион 959,3 минг сомоний эди.
2017 йилда аҳолига пуллик хизмат кӯрсатиш ҳам яхши йӯлга қӯйилган бӯлиб, 83 миллион 752,8 минг сомоний ёки 100,2 фоизга бажарилди. 2016 йилга таққослаганда 206,4 минг сомоний ортиқдир.
Берилган маълумотларга кӯра, бу даврда ноҳияда 4559 ишбилармонлик субъектлари қайдга олинган. Бу ҳам ӯтган йилга қараганда 291тага ошган.
Турли банк филиаллари ва кичик қарз бериш ташкилотларининг маълумотига кӯра, 2017 йилда ишбилармонлик билан шуғулланувчи шахсларга 78 миллион 722,1 минг сомоний йӯналтирилган.
Маҳаллий ишбилармонлар ноҳияда қурилиш ва ободончилик ишларига жалб этилган бӯлиб, бу даврда улар томонидан арзирли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
-Юқорида қайд этганимиздек, Жаббор Расулов ноҳияси аграр минтақа бӯлиб, аҳоли асосан қишлоқ хӯжалиги билан шуғулланади. Ӯтган йилда ноҳия миришкорлари нималарга эришди?
-Ноҳиямизда 19596 гектар экин майдонлари мавжуд бӯлиб, шундан 17396 гектари сувли ердир. 2017 йилда 2864 гектар кузги, 14826 гектар баҳорги ва 2090,51 гектарга такрорий экинлар экилди. Жорий йилда ҳам унумли ҳосилни қӯлга киритиш учун 1498,7 гектар ерга кузги экинлар экилган.
585 гектар картошка, 8020 гектар ғалла, 5075 гектар техник экинлар, жумладан, 4966 гектар пахта, 1395 гектар сабзавот, 126 гектар полиз экинлари, 2474 гектар чорва учун озуқа ва бошқа 12 гектар турли экинлар экилди.
Бу даврда қишлоқ хӯжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш умумий ҳажми 770 миллион 652,0 минг сомонийга етказилди. Бу 2016 йилга нисбатан 110,9 фоиз ёки 75 миллион 901,0 минг сомоний ортиқдир. Шунингдек, хӯжалик юритишнинг барча шаклларида маҳсулот етиштириш ҳажми қуйидагича: 26983,4 тонна ғалла, 6659,3 тонна картошка, 1705,6 тонна сабзи, 1576,9 тонна карам, 6921,1 тонна памидор, 6588,2 тонна бодринг, 2643,5 тонна полизликлар, 2090,6 тонна мева ва 25390,1 тонна чорва моллари учун емиш етиштирилди. Агар юқоридаги рақамларни 2016 йилга нисбатан таққосласак, 3 мартага ошган. Режа эса, 101 фоизга етган.
Чорвачилик соҳасида ҳам натижаларимиз ёмон эмас. 2018 йилнинг 1 январигача бӯлган маълумотга кӯра, ноҳиядаги барча хӯжалик юритиш шаклларида 45674 бош қорамол, 63931 бош майда мол, 515 бош от, 128273та парранда қайд этилган бӯлиб, ӯтган йилга нисбатан 100,2 фоиздан 140 фоизгача ошган. Катта шохли моллардан 8607 бош бузоқ ва қӯй-эчкилардан 36595 бош қӯзи ва улоқ олинган.
Бу даврда 4099 тонна гӯшт, 26724,7 тонна сут етиштирилган.
-Йилдан-йилга ҳукуматимиз томонидан маориф соҳасини янада тараққий эттириш, малакали мутахассисларни жалб этиш, ӯқувчиларнинг билим салоҳиятини юқори даражага кӯтариш масалаларига жиддий эътибор қаратиб келинмоқда. 2017 йилда маориф соҳасига тегишли қандай ишлар бажарилди?
-Тӯғри қайд этдингиз. Ҳақиқатдан ҳам, маориф соҳаси энг муҳим соҳалардан бири ҳисобланади. Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси-Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг топшириғи асосида жорий ӯқув йилида ӯқитувчиларнинг ойлик иш ҳақи 15 фоизга оширилади. Шундан кӯриниб турибдики, маориф соҳаси ходимлари ҳамиша давлатимиз Раҳбарининг эътиборида. Соҳани ривожлантириш мақсадида маблағ ӯтказиш ҳам йил сайин ортиб бормоқда.
Умуман, ноҳиямизда 19та мактабгача таълим муассасаси мавжуд бӯлиб, 3008 бола ва 41та умумтаълим муассасаси, жумладан, битта лицей, битта гимназияда 26228 ӯқувчига 1817 ӯқитувчи таълим-тарбия бериш билан машғулдир. Келажагимиз эгалари бӯлмиш-ӯқувчиларни билимли қилиб тарбиялаш ҳар бир ӯқитувчининг муҳим вазифаси ҳисобланади. Шунинг учун ноҳиямиздаги таълим муассасаларида фаолият кӯрсатаётган ӯқитувчиларнинг малакаларини янада ошириш учун Тожикистон Жумҳурияти Маориф ва илм вазирлиги билан ҳамкорликда зарурий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бунинг натижасида йилдан-йилга ӯқувчиларимиз турли фан олимпиадаларида фаол қатнашиб, фахрли ӯринларни эгаллаб келмоқда. Миллий тест маркази орқали турли олий ӯқув юртларига қабул қилинаётганлар сони ҳам тобора ошиб бормоқда. Бу даврда фан олимпиадаларининг вилоят босқичида қатнашган 19 ӯқувчи фахрли ӯринларни қӯлга киритиб, шундан 14 ӯқувчи жумҳуриявий босқичга йӯлланма олишга сазовор бӯлди. Жумҳурият босқичида қатнашган ӯқувчиларимиз ноҳияга 2та олтин ва 3та бронза медални олиб келишди. Халқаро олимпиадаларда эса, 1-гимназия ӯқувчилари Бобур Зокиров олтин ва Зебогул Каримова кумуш медали соҳиби бӯлишди. Албатта, турли олимпиадаларда фахрли ӯринни эгаллаган ӯқувчилар ва уларнинг устозлари ноҳия давлат ҳокимияти ижроия органи томонидан ҳам доимий равишда рағбатлантирилиб келинмоқда.
Лаборатория синфхоналарини замонавий ускуналар билан жиҳозлаш, таълим муассасаларни таъмир қилиш, мактаб ва боғчалар атрофини ободонлаштириш ишлари ҳам бир маромда амалга ошириб келинмоқда.
-«2010-2020 йиллар учун Тожикистон Жумҳурияти аҳолиси саломатлигининг миллий стратегияси», «Тожикистон Жумҳурияти соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар консепцияси» ва шу каби бир қатор давлат дастурлари ижроси ҳақида ҳам гапирсангиз?
-Аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш ҳам ноҳия давлат ҳокимияти ижроия органининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Ноҳиямизда ҳаммаси бӯлиб 480 ӯрин, жумладан, марказий касалхонада 310 ӯринли, Ғӯлакандоз минтақавий касалхонасида 120 ӯринга, Ӯзбекқишлоқ минтақавий касалхонаси 30 ӯринга ва Заркор қишлоғидаги Т.Додобоев номидаги минтақавий касалхона 20 ӯринга мӯлжалланган.
Шунингдек, ноҳияда битта саломатлик маркази, 13 қишлоқ саломатлик маркази, 18та тиббий хизмат кӯрсатиш нуқтаси ва 4та махсуслаштирилган марказ аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш учун фаолият кӯрсатмоқда. Ноҳияда тиббиёт соҳаси ходимлари 1043 кишини ташкил этиб, соғликни сақлаш муассасаларида 204 духтур ва 467 ӯрта махсусли тиббиёт ходимлари ишлайди. 10000 аҳолига 15 духтур ва 36 ӯрта махсус тиббиёт ходимлари тӯғри келади.
2017 йилда ноҳия бюджети ҳисобидан соғлиқни сақлаш соҳаси учун 10 миллион 710,4 минг сомоний маблағ ӯтказилди. Ноҳияда аҳолининг турли юқумли касалликка чалиниш ҳолатларининг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш масалалари юзасидан кӯплаб чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Шунинг учун ҳам 2017 йилда турли юқумли касалликка чалиниш ҳолати 2016 йилга нисбатан жуда камдир. Бу даврда ӯта хавфли юқумли касаллик қайд этилмади.
Умумжаҳон банкининг «Қишлоқларда тиббий хизмат кӯрсатишни яхшилаш» лойиҳасининг қӯллаб-қувватлаши билан ноҳия саломатлик маркази ва «Париж коммуна» саломатлик маркази биноси қурилиши якунига етмоқда. «Иторчи» ва «Тожикобод» қишлоқ саломатлик марказлари фойдаланишга топширилиш арафасида турибди.
Соғлиқни сақлаш соҳаси тараққиёти учун ноҳия давлат ҳокимияти ижроия органи жорий йилда ҳам бир қатор ишларни амалга оширишни режалаштирган.
-2017 йил мамлакатимизда Ёшлар йили деб эълон қилинганди. Бу борада ноҳияда қандай ишлар амалга оширилди?
-Албатта, мамлакат Президенти, Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси-Миллат пешвоси қадрли Эмомали Раҳмон 2017 йили Тожикистон Жумҳурияти Олий Мажлисига йӯллаган Паёмида 2017 йилни ёшлар йили деб эълон қилди. Шунга боғлиқ равишда Тожикистон Жумҳурияти Ҳукуматининг ёшларга доир сиёсати тӯғрисидаги қарорлари ва Миллат пешвосининг кӯрсатма ва топшириқларини ӯз вақтида бажариш мақсадида арзирли ишлар қилинди. Ноҳиямизда 40800 нафар ёшлар бӯлиб, улар турли жамоат ишларида фаол иштирок этиб келмоқда. Бу даврда ноҳия ёшлари иштирокида турли шиорлар остида кӯплаб оммавий чора-тадбирлар ӯтказилди. Ёшларнинг бӯш вақтларини унумли ӯтказиш мақсадида 54 спорт иншооти, 2та стадион, 28та спорт майдончаси, 24 спорт зали мунтазам фаолият кӯрсатиб турибди.
2017 йилда Ғӯлакандоз ва Сомониён қишлоқ жамоатларида 2та спорт майдончалари қурилиши тугатилиш арафасида турибди.
Ноҳиямиз спортчилари учун ӯтган йил муваффақиятли бӯлди. Улар турли халқаро, жумҳуриявий ва вилоят мусобақаларида ҳам фаол қатнашиб, фахрли ӯринларни эгаллашди ва ноҳияга 571та олтин, 479та кумуш ва 557та бронза медалларини қӯлга киритиб, ёруғ юз билан кириб келишди.
Келажагимиз эгалари-ёш авлодни соғлом ва ватанпарвар руҳда тарбиялаб вояга етказиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир ва бунинг учун бор имкониятлардан фойдаланмоғимиз зарур.
Жорий йилда ҳам халқ хӯжалигининг барча соҳаларида муносиб ютуқларни қӯлга киритиш, Миллат пешвоси Эмомали Раҳмон ва Суғд вилояти Раиси вазифасини бажарувчи Ражаббой Аҳмадзоданинг кӯрсатма ва топшириқларини ӯз вақтида амалга ошириш мақсадида 2018 йилни ҳам меҳнат ютуқлари билан якунлашга ишончим комил.
-Мазмунли суҳбат учун раҳмат.
Облоқул МУСОЕВ
суҳбатлашди
Маҳаллаи 20, бинои Кохи матбуот, 6 ошёна
E-mail: Этот адрес электронной почты защищен от спам-ботов. У вас должен быть включен JavaScript для просмотра.
Телефон: