Автор: Суғд Ҳақиқати Категория: Соғлиқни сақлаш
Дата публикации Просмотров: 7112
Печать

Грипп касаллиги ҳақида эшитмаган одам бўлмаса керак. Грипп – йилнинг совуқ пайтида аҳолини энг кўп қийнайдиган касаллик ҳисобланади. Грипп сўзининг асл маъноси нима? У ҳақида биринчи маълумот қачон пайдо бўлган? Унинг олдини олишнинг иложи борми? Уй шароитида қандай даволаш мумкин? Гриппга бефарқлик қандай асоратларга олиб келади? Грипп сўзи французча “гриппер” сўзидан олинган бўлиб, «эгаллаш, тарқалиш», деган маъноларни англатади. Грипп азал-азалдан одамларни ташвишлантирган вирусли касалликлардан бири ҳисобланади. Бу касаллик ҳақидаги илк маълумот эрамиздан аввал 412-йилда тиб алломаси Гиппократ томонидан қайд этилган.

Юқоридаги саволларга жавоб топиш мақсадида, Спитамен ноҳияси КАТС бўлимида фаолият юритиб келаётган оилавий духтур Дилшод Исабоев билан суҳбатлашдик.

 -Грипп асли қандай касаллик? Нима учун у энг кўп тарқалувчи юқумли касаллик ҳисобланади?

-Грипп ўткир респиратор инфекцияли касаллик ҳисобланади. Бу турдаги касалликлар об-ҳавонинг ўзгариш вақтида қўзғалиш ва тез тарқалиш хусусиятига эга. Бу вируслар, асосан, ҳаво орқали юқади. У сурункали грипп касаллиги бор касаллар, болалар, кексалар, ҳомиладор аёлларда оғирроқ кечиши мумкин. Касалликни асосий манбаи грипп билан оғриган бемор ёки вирус ташувчилар ҳисобланади. Касаллик тарқатувчилар ушбу касалликнинг енгил тури билан оғриган беморлар ва вирус ташувчилар ҳисобланади. Чунки, улар грипп билан оғриб турган бўлишига қарамай, соғлом кишилар орасида бўладилар. Хасталик ҳаво-томчи йўли билан ўтади. Бемор йўталганда, аксирганда, гаплашганда сўлак томчилари орқали ҳавога кўплаб грипп вирусларини ажратади. Вируслар ҳавода уч соатгача сақланиб туриши мумкин. Грипп вируси бўлган ҳаводан нафас олиш натижасида, соғлом одам касалланади. Гриппга мойиллик иммунитет пастлиги ва С витамини етишмаслиги натижасида вужудга келади.

-Ушбу касалликнинг биринчи аломатлари ва ривожланиши ҳақида тўхталсангиз.

 -Грипп касаллиги вируси нафас олиш йўлларини зарарлайди. Касалликнинг биринчи белгиси баъзида 3-4 соатда, баъзида 2- 3 кун ичида билинади. Касаллик жуда тез ривожланади. Касал тез чарчайди, боши оғрийди, йўталади , акса уради. Тана ҳарорати 38-40 С даражагача кўтарилади, қўп терлайди, яъни холсизлана бошлайди. Мушакларда оғриқ пайдо бўлади. Касалликнинг биринчи белгилари пайдо бўлиши биланоқ оилавий духтурга мурожаат қилишни маслаҳат бераман. Ушбу касаллик вирусининг сирли томони шундаки, у ҳамма вақт хам инсонни безовта қилмайди. Аҳоли зич жойлашган шаҳарларда бу касалликка чалиниш ҳолати кўпроқ учрайди. Юқорида айтиб ўтганимиздек, об-ҳавонинг ўзгариши ушбу касалликнинг тез ривожланишига шароит яратиб беради. Йилнинг совуқ пайтида одамлар, асосан, ёпиқ жойларга тўплангани сабабли касалликка чалиниш хавфи кучаяди. Шу сабабли гриппга, асосан, уйда ўтирадиган кексалар, боғча ва мактаб ёшидаги болалар чалинади.

- Грипп касаллигининг олдини олиш мумкинми?

–Ҳозирги кунгача гриппни даволовчи кўплаб дорилар ишлаб чиқарилган. Аммо гриппнинг олдини олиш ҳар бир инсоннинг ўз қўлида, деб ўйлайман. Кўпроқ суюқлик ичиш, иммунитетни бақувват қилиш зарур. Агар уйда гриппга чалинган касал бўлса, унга алоҳида хона ажратиш лозим. Касалга қарайдиган кишига касалликнинг олдини олиш йўлларини ўргатиш керак. Хасталанган одамнинг идиш-товоғи, сочиғи, ўрин кўрпаси алоҳида бўлиши керак. Касал одам кам ҳаракат қилиб, кўпроқ ётиши лозим. Гриппни оёқда туриб ўтказиш касалнинг энг катта хатоси ҳисобланади.

- Гриппни уй шароитида даволаш ҳақида қандай маслаҳат берасиз?

 - Қадимдан ота-боболаримиз уй шароитида кўплаб даво усулларини қўллаб келганлар. Касалга тез хазм бўладиган овқатлар, сувда пиширилган гурунч, шўрва, ширгурунч берилади. Организмдан заҳарли моддаларни хайдаш мақсадида касалга кўп миқдорда суюқлик берилади (апелсин, олма шарбатлари) наъматак, қорағат ва мойчечак ўтидан тайёрланган дамламалар, хўжағат (малина), лимон асал чой ичирилади. Иммунитетни ошириш учун гриппнинг ҳар қандай турида А,В,С,Д ,Е витамини бўлган қўшимчалар қабул қилиш зарур.

 -Гриппга бефарқлик қандай натижаларга олиб келади?

 -Касалликнинг ўзи эмас, балки унинг асоратлари кўпроқ хавфли бўлиб, гриппдан сўнг касал бўлган кишида тез-тез терлаш, толиқиш, уйқу бузилиши каби ҳолатлар бир неча ҳафталаб давом этиши мумкин. Грипп вируслари кучли заҳарлаши оқибатида нафас олиш йўлларида оғир касалликлар юзага келиши мумкин. Кучли грипп тури билан оғриган одамнинг иммунитети паст бўлса, унинг организмида бактериялар ривожланиб, ўпкада-яллиғланиш, томоқда-ангина, қулоқ касалликларини вужудга келтириши мумкин. «Касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олган яхши», дейди доно халқимиз. Шундай экан, саломатлигимизга бефарқ бўлмайлик.

Ўктам Ризаев 

СУРОҒА

Маҳаллаи 20, бинои Кохи матбуот, 6 ошёна

E-mail: Этот адрес электронной почты защищен от спам-ботов. У вас должен быть включен JavaScript для просмотра.

Телефон: