Мамлакатимизда қиш фасли ҳукмрон. Қиш фаслида кунлар совуши билан шамоллаш, грипп, ёши катталарда эса оёқ, бел оғриғи ва бошқа касалликлар авж олади.
Яқинда биз Спитамен ноҳиясидаги Марказий касалхонанинг болалар бўлими мудири Наимжон Қуранбоев билан бўлим фаолияти, айни пайтда болаларда қандай касалликлар авж олгани ҳақида суҳбатлашдик.
-Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси-Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали РАҲМОН томонидан соғлиқни сақлаш соҳасига қаратилган эътибордан биз- тиббиёт ходимлари жуда хурсандмиз.
Спитамен ноҳияси Марказий касалхонасининг болалар бўлимида мудир сифатида фаолият юритиб келаётганимга етти йил бўлди. Бўлимимизда учта болалар шифокори, ўн нафар ўрта тиб ҳамшираси ва тўққиз нафар кичик тиб ходимлари беморларга тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Болалар бўлимида 30 ётоқ ўрнига эга бўлган 15 хона мавжуд. Биз касалларни қабул қилиш, уларга тиббий ёрдам кўрсатиш ва даволаш учун керакли барча асбоб-ускуналар билан таъминланганмиз.
Ўтган йилда бўлимда 1117 касал даволаш учун ётқизилиб, шифокор томонидан тайинланган муолажаларни олишган. Бу кўрсаткич ўтган 2022 йилга нисбатан 137 нафар кўпдир. Бизнинг бўлимда, асосан, ўпка-нафас йўллари, ошқозон-ичак, буйрак ва сийдик йўллари шамоллаши билан оғриган ҳамда мавсумий грипп билан касалланган болалар даволанишди.
Мавсумий касалликлар болаларда тез тарақалади. Чунки болалар нозик бўлишади, уларни асраб-авайлаш ҳар бир ота-онанинг вазифасидир. Совуқ кунларда уларнинг кўчага чиқишини бироз таъқиқлашимиз, совуқ ичимликлар истеъмол қилишларига йўл қўймаслигимиз, шахсий гигиенага қатъий риоя қилишга ўргатишимиз ва уларнинг соғлиғига жиддий эътибор беришимиз зарур.
Шу ўринда айтиш жоизки, бугунги кунда ҳалқ орасида янги туғилган чақалоқлар бош мияда ички қон босими кўтарилиши касаллиги билан туғилаётгани ҳақидаги гаплар кўпайган. ҳақиқатан ҳам, бола шундай касаллик билан туғилса, ота-онага турли қийинчиликларни туғдириши мумкин. Мутахассис сифатида чақалоқларда учрайдиган бу касалликнинг олдини олиш мумкин дейман. Бунинг учун аёл ҳомиладорлик вақтида ортиқча сиқилмаслиги, турли стресс ҳолатларига тушиб, ўзиниям, ҳомиланиям қийнамаслиги, овқатланиш тартибига риоя қилиши, тўйимли ва витаминга бой маҳсулотларни исътемол қилиши керак,-дейди Наимжон Қуранбоев.
Зайниддин МУҲАММАДИЕВ
Маҳаллаи 20, бинои Кохи матбуот, 6 ошёна
E-mail: Этот адрес электронной почты защищен от спам-ботов. У вас должен быть включен JavaScript для просмотра.
Телефон: