Автор: Суғд Ҳақиқати Категория: Миллий хавфсизлик
Дата публикации Просмотров: 170
Печать

Бугун дунёнинг турли мамлакатларида диний экстремистик ва террористик ҳаракатлар инсоният ҳаётига хавф солмоқда. Ушбу нопок гуруҳлар сафига баъзи ёшларнинг билмасдан кириб қолиши ачинарли ҳолдир. Айниқса, улар ӯз сафига ишонувчан ва эътиқоди суст ёшларни жалб қилмоқда. Афсуски, ёшларнинг муайян қисми ИШИДни ҳақиқатда ҳам ислом динини бутун дунёга тарқатиш, исломий давлат барпо этган ҳолда дунёда адолат ӯрнатишни мақсад қилган ташкилот деб ҳисоблайди.

 

Бундай фикрловчилар Марказий Осиёда, хусусан, Тожикистонда ҳам бор экани ҳеч кимга сир эмас. Бундай ёшлар юқорида қайд этилган ҳудудларда инсонларга қарши содир этилаётган жиноятларни жоиз амал ҳисоблаб қаттиқ адашмоқдалар.

Яна эътибор бериш лозим бӯлган бир ҳолат, Ироқ ва Сурияда террорчилар ӯзларига эргашмаган барча мусулмонларни “кофир”га чиқариб, эркакларни қатл қилиб, аёллар ва болаларни эса қул сифатида сотиш каби қабиҳ ишларга қӯл ураётгани гувоҳи бӯлмоқдамиз.

Сӯнгги вақтда Марказий Осиёдан чиққан жангариларнинг бир қисми Суриядан ӯз мамлакатларига суқилиб кириб, пинҳона фитна чиқаришга ҳаракат қилмоқдалар. Вазиятнинг бундай таҳликали ӯзгариб бориши жумҳуриятимизда барча жонкуяр фуқароларидан ҳушёрлик ва огоҳликни кескин оширишларини тақозо этади. Тинчликни сақлаш ҳушёрлик ва огоҳликни талаб қилади.

Ватан оиладан бошланади. Оилада тинчлик бӯлса, маҳалла, қишлоқ, шаҳар, вилоят ва ниҳоят мамлакатда осойишталик бӯлади, юрт равнақ топади. Ёш авлоднинг турли ёт оқимлар таъсирига тушиб қолишини олдини олиш тӯғрисида ғамхӯрлик фақат ҳукуматимиз ёки таълим муассасаларининг вазифаси эмас, балки ҳар бир ота-онанинг, жамият ташкилотларининг ҳам муҳим бурчларидан биридир.

Куни кеча Тожикистон Миллий банкининг Гулистон шаҳридаги таълим марказида «Терроризм ва экстремизмга қарши кураш демократик ва ҳуқуқбунёд жамият қуришнинг асосий омилидир» мавсусида давра суҳбати бӯлиб ӯтди.

Ушбу давра суҳбатида вилоятимизда фаолият юритаётган турли жамоатчилик ташкилотлари бошлиқлари, ҳуқуқни ҳимоя қилиш органи ходимлари, вилоят дин ишлари ва миллий маросимлар, анъаналарни тартибга солиш қӯмитаси ходимлари, вилоят спорт ва ёшлар билан ишлаш бошқармаси ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситаси вакиллари қатнашди.

Йиғилишни кириш сӯзи билан бошлаган адлия вазирлигининг партиялар ва жамият ташкилотларини давлат қайдига олиш бошқармаси бошлиғи Раъно Каримзода бугунги куннинг долзарб мавзусига айланган диний экстремизм ва терроризмга қарши кураш масаласи барчанинг диққат-эътиборида эканлигини қайд этди. Шунинг учун ҳам Р.Каримзода бу масала юзасидан фақат ҳукуматимиз ёки куч тизимлари эмас, балки, барча биргаликда идеологик ишларни олиб бориш мақсадга мувофиқ эканлигини алоҳида таъкидлади. Бунинг учун жойларда фаолият юритаётган жамоат ташкилотлари аҳоли билан турли учрашувларни ташкил этиши мақсадга мувофиқ эканлиги айтилди.

Шундан сӯнг, сӯзга чиққан Ички ишлар бошқармаси Суғд вилояти вакили, терроризм ва экстремизмга қарши кураш бӯлими бошлиғи ӯринбосари Ғолиб Қодиров бу борада амалга оширилаётган ишлар тӯғрисида гапирди. Унинг фикрича, терроризм ва экстремизмга қарши курашни барча ташкилотлар биргаликда олиб бориши, аҳоли ӯртасида кӯплаб тушунтириш ишлари, учрашув ва семинарлар ӯтказиш яхши натижалар беради.

Хужанд шаҳридаги «Нури ислом» жоме масжидининг бош имом хатиби, вилоят дин уламолар кенгаши вакили Ибодулло Калонзода терроризм ва экстремизм аъзолари муқаддас ислом динини ӯзларига ниқоб қилган ҳолда инсонларнинг ишончига кириб, қӯпорувчилик, ҳатто, қотиллик қилиш ишларига қӯл ураётганлигини афсус билан таъкидлади. Зеро, Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳадиси шарифда: “ҳақиқий муҳожир Аллоҳ ва Расули қайтарган нарсадан ҳижрат қилган (қайтган) мусулмондир” деб марҳамат қилганлар. Ислом дини Ватанга хиёнат, қотиллик, бузғунчилик, ӯзини-ӯзи ӯлдириш, ӯзгаларга зуғм қилиш, ота-онага оқ бӯлиш кабилардан қайтаради.

Суғд вилояти спорт ва ёшлар билан ишлаш бошқармаси вакили Мадина Ҳомидова Суғд вилояти давлат ҳокимияти ижроия органининг қӯллаб-қувватлаши билан жамиятимизнинг асосий кучи ҳисобланган ёшлар орасида диний экстремизм ва терроризмга қарши курашга доир турли мавзуларда учрашувлар қилинаётганлигини қӯшимча қилиб ӯтди.

Шунингдек, давра суҳбатида қатнашаётган «Xавонони пешсаф» жамият ташкилоти раҳбари Малика Додоева, «Дафтари озодиҳои шаҳрвандӣ» жамият ташкилоти бошлиғи Дилафрӯз Самадова ва бошқалар ҳам бу тӯғрида ӯзларининг фикр ва мулоҳазаларини баён этишди.

«Xавонони пешсаф» жамият ташкилоти раҳбари Малика Додоева жабрдийда оилаларига ҳуқуқий ёрдам кӯрсатиш, уларни маънавий жиҳатдан қӯллаб-қувватлаш, ҳуқуқларининг поймол бӯлишининг олдини олиш тӯғрисида қилинаётган ишлари тӯғрисида ҳисобот берар экан, бир-икки йил давомида Панжакент, Айний, Конибодом, Душанбе, Кӯлоб, Бобожон Ғафуров каби шаҳар ва ноҳияларда учрашувлар ӯтказиб, жамиятнинг ёмон иллатларини қораловчи саҳна кӯринишлари, учрашув ва семинарларнинг ӯтказилиши яхши натижалар бераётганлигини алоҳида таъкидлади.

Йиғилиш сӯнггида адлия вазирлигининг партиялар ва жамият ташкилотларини давлат қайдига олиш бошқармаси бошлиғи Раъно Каримзода юртимизда ҳукм сураётган тинч ва осуда ҳаётни асраш, унинг мустақиллиги ва барқарорлигига муносиб ҳиссамизни қӯшиш–ҳар биримизнинг, шу азиз Ватанда яшаётган барча фуқароларнинг, давлат ёки жамоат ташкилотида ишлаши, ёки бошқа касб эгаси бӯлишидан қатъий назар, энг асосий вазифаларидан бӯлиб қолмоғи лозимлигини таъкидлади.

Облоқул МУСОЕВ

СУРОҒА

Маҳаллаи 20, бинои Кохи матбуот, 6 ошёна

E-mail: Этот адрес электронной почты защищен от спам-ботов. У вас должен быть включен JavaScript для просмотра.

Телефон: