Академик Бобожон Ғафуров номидаги Хужанд давлат университети мамлакатимиздаги энг нуфузли олийгоҳлардан бири ҳисобланади. Бугунги кунда ушбу олийгоҳни тугатганлар мамлакатимиз халқ хӯжалигининг барча соҳаларида самарали фаолият кӯрсатиб келмоқда. Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси-Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг олий таълим тизимини янада яхшилаш, малакали мутахассислар тайёрлаш тӯғрисидаги кӯрсатма ва топшириқлари асосида Хужанд давлат университетида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилганлиги яқинда бӯлиб ӯтган матбуот анжуманида қайд этилди.
Жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги натижаларига бағишланиб ӯтказилган матбуот анжумада ушбу олийгоҳ ректори Жамшид Жӯразода, ректор ӯринбосарлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Аввало Жамшид Жӯразода бу даврда олийгоҳда амалга оширилган ишлар ва келажакдаги режалар тӯғрисида ҳисобот берди.
Маълум бӯлишича, айни пайтда Хужанд давлат университетида 16 факултет ва 76 кафедра фаолият юритиб, талабалар 74 ихтисослик бӯйича кундузги, 30 ихтисослик бӯйича сиртқи ва 7 ихтисослик бӯйича фосилавий таълим-тарбия олиш-моқда.
Шу кунгача олийгоҳ талабалари 19710 нафарни ташкил қилади. Шундан 9618 талаба кундузги ва 10092 талаба сиртқи бӯлимларда ӯқийди. Шунингдек, Президент квотаси бӯйича 851 талаба (498 талаба қиз) таълим-тарбия олишмоқда.
2017-2018 ӯқув йилида олийгоҳга 66 ихтисослик бӯйича 4546 талаба тугатган. Бу 2016-2017 ӯқув йилига нисбатан 564 талаба ортиқдир.
Шунингдек матбуот анжуманида олийгоҳ ректори Жамшид Жӯразода олимлар кенгаши фаолияти, фуқаролар қабули, таълим-тарбия, фан ва инновация йӯналиши, халқаро алоқалар, молиявий-иқтисодий масалалар тӯғрисида ҳам маълумот бериб ӯтди.
Жорий йилда олийгоҳ яна қӯшимча 14 янги ихтисослик, жумладан «Тасвирий санъат ва бадиий халқ ҳунарлари-чизмачилик», «Тожик тили ва адабиёти-журналистика» ва бошқа шу каби ихтисосликларга ижозат олишган.
Шуни алоҳида қайд этиш ӯринлики, кейинги йилларда академик Бобожон Ғафуров номидаги Хужанд давлат олийгоҳи бир қатор ривожланган мамлакатларнинг олийгоҳлари билан ҳамакорликларни яхши йӯлга қӯйиб келмоқда.
Бу даврда 6та хорижий олий ӯқув юрти-Россия давлат таббий фанлар олийгоҳи, Россия давлат қурулиш олийгоҳи, Озарбойжоннинг Ганжа давлат университети, Ӯзбекистоннинг Андижон, Фарғона, Самарқанд давлат университетлари билан таълим соҳасида шартномалар имзоланган. Айни пайтда олийгоҳнинг 21 талабаси Ҳиндистон ва Хитойдаги нуфузли университетларда таълим олишмоқда.
Матбуот анжуманида олийгоҳ раҳбарияти Тожикистон Жумҳурияти давлат Мустақиллигининг 30 йиллигини муносиб қутиб олиш мақсадида эълон қилинган «1300 зарбдор меҳнат куни» вилоят дастури доирасида ҳам бир қатор ободончилик ишларини бажарганлиги ҳам айтилди.
2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида 1500 талаба ва устозлар иштирокида 20 мартадан ортиқ шанбаликлар ташкил қилиниб, 5000 мавсумий ва доимий гуллар экилди. 700 туп турли сояли ва манзарали дарахт кӯчатлари ӯтқазилган. 2000 метр кубдан кӯпроқ таълим бинолари йӯллари асфалтланиб, 3800 метр квадрат йӯлакчалар ва бинолар атрофига сопол пилиталар ётқизилди. Шунингдек, олийгоҳ бошқаруви биноси ва таълим биноларию талабалар ётоқхоналарини жорий таъмир қилиш ишлари бошланган бӯлиб, 2018-2019 ӯқув йилида тугатилиши режага олинган. Жорий йилда қиш мавсумини яхши ӯтказиш учун 1-таълим биносида битта буғхона қурилиши режага олинган.
Шундан сӯнг, йиғилишда қатнашаётган оммавий ахборот воситалари вакиллари олийгоҳ ректорига қӯшни Ӯзбекистоннинг олийгоҳлари билан ҳамкорликларни янада кучайтириш тӯғрисида амалга оширилаётган ишлар, олийгоҳ битирувчиларини иш жойлари, талабаларни ётоқхоналар билан таъминлаш ва бошқа ӯзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилшди.
Академик Бобожон Ғафуров номидаги Хужанд давлат университети ректори Жамшид Жӯразода журналистлар томонидан берилган саволларга жавоб берар экан, йиғилиш сӯнгида ОАВ вакиллари билан доимий ҳамкорлик қилиш яхши самара беришини таъкидлади ва анжуманда иштирок этган журналистларга олийгоҳ нашриётида чоп этилган устозлар китобларини тақдим этди.
Облоқул МУСОЕВ
Маҳаллаи 20, бинои Кохи матбуот, 6 ошёна
E-mail: Этот адрес электронной почты защищен от спам-ботов. У вас должен быть включен JavaScript для просмотра.
Телефон: