Автор: Суғд Ҳақиқати Категория: Маданият
Дата публикации Просмотров: 3581
Печать

2017 йилнинг 22 декабри давлатимиз тараққиёти тарихида яна бир янги саҳифани очди. Шу куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси-Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон мамлакат Олий Мажлисига навбатдаги Паёмини йӯллади. Унда давлатимизнинг ички ва ташқи сиёсати кенг таҳлил қилиниб, муҳим вазифалар белгиланди.

2018 йилнинг “Сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йили” деб эълон қилиниши халқимиз ҳаёти янада яхшиланишига, кам таъминланганлик даражасини камайтиришга ва аждодларимиз анъаналарини давом эттиришга катта имконият очади.

 

Тарихга назар ташласак, инсоният ҳаётида ҳунар муҳим ӯрин тутган. Одамлар рӯзғор ишларини бажариш, аянчли оқибатларига олиб келувчи табиий ҳодисалардан сақланиш ва ваҳший ҳайвонлардан ӯзини ҳимоя қилиш учун тош, ёғоч ва суякдан ясалган қуроллардан фойдаланган.

Инсон онгининг ривожланиб бориши, меҳнат қуролларининг такомиллашишига замин яратди. Айниқса, меҳнат тақсимоти, яъни чорвачилик ва деҳқончиликка ажралиши улар меҳнатининг мураккаблашишига ва асбоб-ускуна ясайдиган алоҳида киши ва гуруҳлар пайдо бӯлишига олиб келди. Булар, албатта, ҳунармандлар эдилар. Улар ӯзи ясаган буюмларини озиқ-овқат маҳсулотларига тезроқ алмаштириш учун одамлар кӯпроқ тӯпланадиган жойлар, дарё бӯйларига жойлаша бошладилар. Бу бора-бора ҳунармандчилик марказлари ва кейинчалик шаҳарлар пайдо бӯлишига, пул муомаласининг келиб чиқишига сабаб бӯлди.

Давлатлар тарихига назар ташласак, ҳунармандлар касбига қараб алоҳида-алоҳида кӯча ва маҳаллаларга жойлашганининг гувоҳи бӯламиз. Улар яшаган маҳаллалар темирчилар, заргарлар, тӯқувчилар, этикдӯзлар ва бошқа ҳунармандчилик номлари билан аталган.

Хужанд, Истаравшан ва бошқа жойларда тӯқувчилар, шоҳидӯзлар, пичоқчилар, темирчилар, заргарлар, кулолчилар маҳаллалари бӯлган. Ҳунармандчилик қадимдан тирикчиликнинг асосий манбаси бӯлиб, улар ясаган буюмлар, тӯқиган бӯз, гилам, атлас ва адрасларини сотиб кун кечирганлар.

Фикримизни далили сифатида Тожикистон Қаҳрамони С.Айнийнинг “Эсдаликларида”дан мисол келтирамиз: “Отам қиш кунларида кейим-кечак, кӯрпа, ёстиқларга керакли бӯлган матоларни тӯқиб, тикиш учун онамга топширгандан кейин қиш маҳалларида “Маҳаллаи Боло”га кетарди”.

Қишлоқ жойларида ҳам ҳунармандчиликка эҳтиёж катта бӯлган. Қишлоғимиз хотин-қизлари урчиқ ва чархда ип йигириш, дӯконларда бӯз тӯқиш, жун ва ипдан гилам тӯқиш билан шуғулланишганини яхши эслайман. Қишлоғимизда темирхона бор эди. Отам ӯша темирхонада ишлардилар. Босқон оловида темирга ишлов бериб, кетмон, ӯроқ, пичоқ, чопқи ва отлар учун тақа ясаб, сих-молаларни таъмирлар эдилар. Улар кӯпроқ ӯша даврнинг асосий транспорт воситаси бӯлган араваларни таъмирлаш билан машғул бӯларди. Одатда, аравани ғилдираги тез ишдан чиқади, шунинг учун кӯп вақт ғилдиракни тузатишга кетар эди. Арава ғилдираги туғун, темир гардиш ва кигакдан иборат бӯларди. Битта ғилдиракка битта темир гардиш, тӯртта туғун ва ҳар бир туғунга учтадан кигак кетар эди. Бу ишининг машаққатли жойи шу эдики, туғун ва кигаклар жуда ҳам қаттиқ сада дарахтидан ясалар эди. Чунки сада ёғочи оғир юкдан эзилса ҳам, синмасди.

Қишлоқларда ҳунармандчиликнинг яна муҳим бир соҳаси нақшинкорлик ва ӯймакорлик эди. Айрим уйларнинг эшик, устун, болор ва вассаларига берилган ишлов ӯймакор усталарнинг юксак санъатидан дарак берарди. Нақшинкор усталар эса, ёғочга моҳирлик билан ишлов бериб, турли хил шакл ва гулларни чиройли акс эттиришарди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йӯлида анча ишлар амалга оширилди. Атлас ва адрас, гилам тӯқишни ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратилди. Бугунги кунда ҳунарманд аёллар учун грантлар ажратилиши, ҳунарманд тадбиркорларни солиқдан озод қилиниши Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг халқ ҳунармандчилиги ривожидаги катта ташаббуси ҳисобланади. Биз, зиё аҳли халқ орасида Президент Паёми юзасидан тушунтириш ишлари олиб бориб, ота-оналарга миллий ҳунарларни фарзандларимиз давом эттириши лозимлигини англатмоғимиз даркор. Чунки ҳунарманд киши ҳеч қачон хор-зор бӯлмайди, аксинча, турмуши фаровон бӯлади.

Хуллас, ҳунармандчилик авлоддан-авлодга ӯтади. Ҳунар инсонинг яхши турмуши омили бӯлиб, кишилар ӯртасида ӯзаро дӯстлик, инсонпарварлик ғояларини ёйишда асосий ӯрин тутади.

Шу билан бирга, фарзандларимиз турли буюмлар ясаш, гилам, атлас, адрас тӯқиш, сӯзана, кашта, зарли гуллар тикиш давомида сабр-қаноатли бӯладилар.

Э.ИСОҚОВ,

ХДУ доценти

СУРОҒА

Маҳаллаи 20, бинои Кохи матбуот, 6 ошёна

E-mail: Этот адрес электронной почты защищен от спам-ботов. У вас должен быть включен JavaScript для просмотра.

Телефон: