Автор: Суғд Ҳақиқати Категория: Маданият
Дата публикации Просмотров: 5017
Печать

Темирчилик–пичоқ, устара, ханжар ва бошқа кескир асбоблар ясаш касби ҳунармандчиликнинг қадимий турларидан бири илк полеолит давридан маълум. Дастлабки кескир қурол тошдан ясалган. Жез даврида мис ва жездан пичоқлар ясаш бошланган. Темирнинг кашф этилиши пичоқ санъати тараққиётида катта бурилиш бӯлди. Шарқ мамлакатларида, хусусан, Ӯрта Осиёда пичоқ жуда қадимдан ривожланган. Кейинчалик Европа мамлакатларида расм бӯлган. Темир пичоқлар ҳақидаги маълумотлар қадимий юнон эпик шоирлари Говер ва Гесиод асарларида учрайди. 14 асрда Германия, Англия, Австрия, Францияда пичоқни касб сифатида таъқиқлаб, пичоқни ошхоналарда ишлатишган. Тожикистон ҳудудида олиб борилган архив қазишмалари натижасида милоддан аввалги икки минг йилликка оид пичоқ намунаси топилган. Деворларга чизилган расмлардан пичоқдан хӯжалик ва овчиликдан ташқари ҳарбий мақсадларда ҳам фойдаланганлигини билиш мумкин.

 

6-12 асрларда пичоқ ясаш ривожланиб, уни безаш технологиялари ӯзгарган. 15-17 асрларда ёнга осиб юриладиган пичоқ турлари пайдо бӯлди. Буни Навоий ва Бобур асарларига ишланган минатюралардан кӯриш мумкин. Кейинчалик пичоқнинг ӯзига хос мактаблари пайдо бӯлди. Фарғона водийси, Истаравшан, Ашт ва бошқа ерларда 20 га яқин пичоқнинг марказлари бӯлиб, улар ӯзининг ишлаш технологияси, шакли, ихчамлиги ва безаклари билан фарқ қилган.

Пичоқ Ӯрта Осиёда эркакларнинг энг зарур иш қуроли, безаги тариқасида фойдаланилган. Шунинг учун тожикистонликлар пичоқсозликни санъат даражасига кӯтаришган. Қадимда ҳунармандлар бир-бири билан бирикиб, бир маҳаллада яшаганлар ва маҳалла шу ном билан аталган. Ҳозир ҳам шундай маҳаллалар сақланиб қолган. Тожикистонда дастлаб ҳунармандчиликни ривожлантириш борасида вилоятларда артеллар ва ҳунармандлар тайёрлайдиган ӯқув юртлари очилган бӯлиб, бу ҳунар тури ёшларга ӯргатилади.

Истаравшанлик ёш пичоқсоз Бахтиёр Иброҳимовнинг айтишича, олдинги пичоқлар дастаси суяклар ва ёғочдан тайёрланган. Пичоқсозликда темирчиликдаги каби ӯчоқ, дам сандон, босқон, эгов, болға ва бошқа асбоблар ишлатилади. Пичоққа ажратилган темир кесилиб, метал бӯлакчаси ӯтда қиздирилади. Сандонга қӯйиб, болға билан уриб тиғ чиқарилади. Сувга тиқиб олиб, кескирлиги оширилади. Бу жараённи сув бериш дейилади. Пичоқ пӯлатнинг қаттиқлигига қараб сув берилади. Сӯнгра уни ғиррага қистириб, катта эгов билан эговланади. Тиғи чархланади, лоққа қирраси бӯйлаб ишқалаб тиғ юзига сой (кома) очилади. Пичоқ қорамтир тусга кириши учун зок (суюқ модда) ка ботириб олинади, сӯнгра даста ӯрнатилади. Кейин бошқа операциялар бажарилади. Тожикистонда ишлаб чиқарилаётган пичоқлар фақатгина уй-рӯзғор ва хӯжалик иши учун эмас, балки миллий санъат асари даражасига кӯтарилиб, шу туфайли чет эл сайёҳлари учун совға сифатида ҳам қадрланади. Унинг ҳам пичоқлари сайёҳлар томонидан харид қилиниб, чет элларга совға сифатида олиб кетилгани қувонарлидир.

Қадимда ҳар бир хонадон тӯрида пичоқ осиғлиқ турган. Шунингдек, келин янги хонадонга олиб келинганда “отнинг олди”да келинни бошлаб келган инисига пичоқ совға қилинган ёки чақалоқ ётган бешик бошига пичоқ қӯйиб қӯйилган. Бу анъаналар ҳозирда ҳам сақланиб қолган.

Темирчилик қадимдан ривожланиб келган ҳунарлардан биридир. У ҳақда ҳатто кӯплаб ривоятлар мавжуд. Фирдавсий “Шоҳнома” сидаги қаҳрамонлардан бири темирчи Ковани эсланг. У душманни енгиш учун ӯткир тиғли қиличлар ясайди.

Яна бир ривоятда келтирилишича, бир темирчи бемалол қизиган темирларни ушлар, лекин ҳеч қаери куймас экан. Бунинг сирини бир куни айтиб берибди. Темирчи йигит айни навқирон ёшлигида бир қизни севади, унга совчи қӯяди, лекин ота онаси бермайди. Чунки у тӯқ хонадоннинг қизи экан. Йиллар ӯтиб, йигитнинг ҳаёти яхшиланиб, қизнинг оиласи ёмон аҳволга тушиб қолади. Қизнинг ота-онаси очликдан вафот этишади.

Кунларнинг бирида эшик тақиллаб қолади. Темирчи эшикни очса, севган қизи ёрдам сӯраб турган бӯлади. Темирчининг нафси устунлик қилиб, унга шарт қӯяди, агар менинг айтганларимга рози бӯлсанг, ҳамма нарса сеники бӯлади,-дейди, аммо қиз рози бӯлмай, қайтиб кетади. Орадан вақт ӯтиб, қиз яна ёрдам сӯраб келади. Йигит яна талабини айтади. Қиз “Аллоҳдан уяламан”,-дейди ва кетади. Учинчи марта қиз эмаклаб келади ва нон сӯрайди. Йигит учинчи марта талабини қайтаради. Қиз йиғлаб, Худодан қӯрқишини айтади. Йигитнинг кӯнгли юмшаб, нон, овқат беради, ӯзининг худбинлигидан хижолат чекади. Қиз “Менга нону сув берган шу инсонни икки дунё ӯтида куйдирма, Аллоҳ”,-деб дуо қилади. Темирчи ишини давом эттираётиб, қӯлига чӯғ сачрайди ва уни куйдирмайди. Йигит ҳайрон бӯлиб шошилиб уйга кирса, қиз ӯлиб ётарди.

Бу таъсирли ривоятдаги қизнинг дуоси барча темирчиларга теккан дуо бӯлса ажаб эмас. Негаки бу ҳунар аҳли ҳар қандай обу ҳавода ҳам оловда темир тоблашади, пичоқ, кетмон, курак каби хӯжалик асбобларини тайёрлашади. Асли аштлик бӯлган, ҳозирда Ғафуров шаҳарчаси фуқароси Умаржон Рӯзибоев билан бӯлган суҳбатимизда шу нарса маълум бӯлдики, темирчилик уларга авлоддан-авлодга ӯтиб келаётган ҳунар экан. Умаржон темирчилик касбини отаси Ӯринбой Рӯзибоевдан, отаси эса бобоси Рӯзибой бободан ӯрганган эканлар. Умаржон ака асосан кетмон, ӯроқ, теша, жоду, доскалла, хаскаш, белкурак каби асбобларни ясаб сотишади. Шогирдлари Мавлонбой Азимжонов, Баҳодир Раҳмоновлар темирчилик сирларини ӯрганишмоқда. Қизиқиши ва ғайрати бор шогирд, 2-3 йил орасида бу ҳунарни мукаммал ӯрганиб олади,-дейди Умаржон Рӯзибоев биз билан суҳбатда.

(Шу ӯринда Умаржон аканинг аштлик эканлигини эшитиб, машҳур ёзувчи Абдулла Қаҳҳорнинг болалиги эсимга тушиб кетди. Аслида Ашт ноҳиясининг Ашт қишлоғидан бӯлган Абдулла Қаҳҳор отаси темирчи бӯлганлиги сабабли Фарғона водийси қишлоқларига бориб, темирчилик қилишган ва ӯша ерларда қолиб кетишган).

Бобожон Ғафуров ноҳиясида Абдуфатто Сатторов, Жӯлибой Жумаев, Аввалбой Маматқулов, Абдухолиқ Темуров, Мубин Темуров, Абдумажид Зоидов каби ӯнлаб темирчилар фаолият юритишиб, улар юқоридаги хӯжалик маҳсулотларини ясаб, халқ эҳтиёжини қондирадилар.

Буюк бобокалонимиз Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достони қаҳрамони Фарҳоднинг шундай сӯзлари бор:

Ҳунарни асрабон неткумдир охир,

Олиб туфроққаму кетгумдур охир.

Яхшиямки, орамизда ӯз ҳунарини дариғ тутмайдиган устоз темирчилар бор. Улар ясаган кетмонсиз деҳқоннинг, тешасиз устанинг, пичоқсиз ошпазнинг иши битмайди.

Бугунги тезкор замонамизда ӯз миллий, қадимий ҳунарларини янада мукаммаллаштириб, эл мушкулини осон қилаётган темирчиларимиз темирни қизиғида босиб, ӯз меҳнатларидан шараф топиб юраверсинлар.

Бихалича АҲМЕДОВА

СУРОҒА

Маҳаллаи 20, бинои Кохи матбуот, 6 ошёна

E-mail: Этот адрес электронной почты защищен от спам-ботов. У вас должен быть включен JavaScript для просмотра.

Телефон: