Автор: Суғд Ҳақиқати Категория: Маданият
Дата публикации Просмотров: 3871
Печать

Тошкент шаҳар Муқимий номидаги ӯзбек давлат мусиқали театри санъат усталарини Хужанд шаҳридаги Камол Хужандий номидаги мусиқали драма театрида томошабинлар кӯтаринки кайфиятда кутиб олишди.

Муқимий номидаги ӯзбек давлат мусиқали театри ӯз фаолиятини 1939 йил 30 ноябрда Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг “Майсаранинг иши” комедияси билан бошлаган. Театрга бадиий раҳбар этиб машҳур комик актёр, Ӯзбекистон Халқ артисти Миршоҳид Мироқилов тайинланган. Бугунги кунда Ӯзбекистон Республикасида 40га яқин театр ва театр студиялари фаолият юритиб келаётган бӯлса, улар орасида Муқимий номидаги ӯзбек давлат мусиқали театри ӯзига хос ӯрни ва мавқеи билан ажралиб туради.

 

Муқимий номидаги ӯзбек давлат мусиқали театри шу бугунгача шонли йӯлни босиб ӯтган, бағрида эл ардоғидаги устоз санъаткорларни етиштирган отахон театрлардан бири саналади. 1939 йилдан ташкил топган мазкур театрдан Лутфихоним Саримсоқова, Соиб Хӯжаев, Раззоқ Ҳамроев, Ҳамза Умаров, Аббос Бакиров, Фароғат Раҳматова, Файзулла Аҳмедов, Марям Ихтиёрова каби ӯзбек театр санъатининг чин маънодаги дарғалари етишиб чиққан.

Муқимий номидаги ӯзбек давлат мусиқали театрига айни пайтда кӯпни кӯрган, тажрибали, шу театрнинг баланд-пастини биладиган Мирза Азизов раҳбарлик қилмоқда.

Аввало, меҳмонларни Суғд вилояти Маданият бошқармаси бошлиғи Ориф Набиев қадимий Хужанд шаҳрига «Хуш келибсиз» деб, Муқимий номидаги ӯзбек давлат мусиқа театри раҳбари Мирза Азизовга эсдалик совғасини топширди. Ӯзбекистонлик меҳмонлар ҳам ӯз навбатида юртдошларимизга, жумладан, Тожикистон халқ артисти Сайрам Исоевага миллий атлас матосидан тикилган либос тақдим этишди.

Нурулло Аббосхоннинг «Жайдари келин» номли спектакли намойиш этилишидан олдин, ӯзбекистонлик санъаткорлар, «Ниҳол» давлат мукофоти совриндори Машҳурбек Раимжоновнинг чиқишларини томошабинлар олқишлар билан кутиб олишди.

Парда очилиб, саҳнада қайнона-Одина Ғозиева кӯриниши билан бир-бири дийдорига интиқ бӯлган икки халқ хурсандчилигининг ифодаси сифатида гулдуррос қарсаклар зални ларзага келтирди.

«Жайдари келин» спектаклининг мавзуси ҳам қизиқарли бӯлиб, унда авлодлар меросини, қадриятларни авайлаб-асраш, ота-онани ҳурмат қилиш, оила муқаддас қӯрғон эканлиги хусусида фикр юритилади.

Она фарзанди Бахтиёржонни уйлантириб қӯймоқчи бӯлади. Бунинг учун ӯқиган қизни эмас, деҳқон, ер тилини биладиган қизни келин қилмоқчи эканлигини айтади. Чунки раҳматли қайнотасидан қолган боғ қаровчисиз бӯлиб, қуриб қолаётган эди. Ӯғлининг норозилигига ҳам қарамай, Деҳқонобод қишлоғидан оддий, лекин меҳнаткаш қиз Меҳрини келин қилиб келади. Шаҳарга, янги оила шароитига ӯргангунича ёш келин азоб чекади. Ҳатто эри уйга келмайдиган ҳам бӯлиб қолади. Оқила, доно қайнонанинг саъй-ҳаракатлари билан у сулув келинчакка айланади. Чиройли юриш, туриш, муомала қилиш ва ярашиқли кийимлар кийишни ӯрганади. У сабру тоқат билан қайнонасининг насиҳатларига қулоқ тутиб, оила аъзоларининг, турмуш ӯртоғининг ҳурматига сазовор бӯлади.

Спектаклда рол ижро этган Одина Ғозиева, Маърифат Ортиқова, Бозорбой Холмӯминов, Азизхон Латипов маҳоратлари томошабинлар томонидан юқори баҳоланди.

Биз спектакл тугагандан сӯнг ӯзбекистонлик актёрлар билан суҳбатлашдик. Улар Тожикистонга қилган сафар таассуротлари ҳақида ӯртоқлашишди.

Мирза Азизов, Ӯзбекистонда хизмат кӯрсатган артист, Ӯзбекистон халқ артисти:

-Аввало, мен барча санъатсевар Тожикистон халқига 33 миллионлик ӯзбекистонликлар номидан алангалик салом олиб келдим. Мана шундай тожигу ӯзбек халқларининг аҳил, дӯстона яшашига сабабчи бӯлган ҳар икки давлат раҳбарларига ӯз миннатдорчилиигимизни баён этамиз. Икки қардош халқнинг дӯстона муносабатлари янада мустаҳкамланганлигига шукур қиламиз. Яна қариндошчилик ришталари боғланди, яна алоқаларимиз тикланди. Бугунги ташрифимиз ҳам икки юрт Президентларининг оқилона сиёсатлари натижасидир. Тожик ва ӯзбек халқининг азал-азалдан дини, мазҳаби, бозори, мозори, тӯю маъракалари бир бӯлиб келган. Улар бир дарёдан сув ичишган. Бугун биз эрта тонгдан қанчадан-қанча улуғ, машҳур кишилар, олимлар учун бешик бӯлган Хужанд шаҳрига кириб келарканмиз, худди дӯстимизни, қадрдонимизни, қариндошимизни уйига кириб келгандек бӯлдик. Биз очиқ чеҳра билан самимий кутиб олганлари учун вилоят маданият бошқармаси, Камол Хужандий номидаги мусиқали драма театри жамоасига театримиз аҳли номидан ӯз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Бугун биз жуда бир катта ҳаяжон билан келдик. Муқимий номидаги Ӯзбекистон давлат театри ӯзининг «Жайдари келин»-супер комедиясини бугун тожикистонликлар эътиборига ҳавола этамиз.

Ӯзбек халқи Асил Бурҳонов, Аҳмад Бобоқулов, Шоиста Мулложонова, Барно Исҳоқова, Одина Ҳошим, Ҳошим Гадоев, Жӯрабек Муродов, Зебо Аминзода, Жӯрабек Набиев, Ӯринбек Ҳамдамов, Сайрам ва Майрам Исаеваларни қандай ҳурмат қилишса, улар санъатининг мухлислари бӯлишса, тожик халқи ҳам Комилжон Отаниёзов, Маъмуржон Узоқов, Сора Эшонтӯраева, Лутфихоним Саримсоқова, Маҳмуджон Ғофуров, Соиб Хӯжаев, Раззоқ Ҳамроев, Фахриддин Умаров, Эркин Комилов, Ёдгор Саъдиев, Шерали Жӯраевларни жуда яхши танишади, санъатларидан баҳраманд бӯлишади. Юксак ишонч билан айтаманки, дӯстлигимиз абадий бӯлиб қолаверади.

Боир Холмирзаев, Ӯзбекистонда хизмат кӯрсатган артист:

-Мен Суғд вилояти Спитамен ноҳиясининг Фармонқӯрғон қишлоғида туғилганман. Охирги 25 йил ичида борди-келди муносабатлари сустлашиб қолганди. Чегаралардан ӯтиш жуда қийин эди. Март ойида Ӯзбекистон Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев ҳамда Тожикистон Республикаси Президенти, Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг Душанбе шаҳрида ӯтказилган учрашувлари натижасида, ҳар соҳада муносабатларимиз қайта тикланди. Тожик ва ӯзбек халқлари шодлигининг чеки йӯқ, бир-бирларининг дийдорига ташна халқ муҳтарам Президентларимиз ҳақига доимо дуо қилишади. Мен Тожикистонда туғилган бӯлсам-да, ҳозир Ӯзбекистон фуқаросиман. Демак, икки юрт ҳам мен учун азизу мӯътабардир.

Бугунги гастролимиз менда жуда катта таассурот қолдирди. Хужандликлар бизни, спектакл намойишини жуда яхши кутиб олишди. Ҳар бир чиқишларимизга олқишлар билан жавоб беришди .

Маърифат Ортиқова, актриса:

-Меҳмондӯст тожик халқи бизларни жуда самимий кутиб олди. Дӯстлигимиз ва тинчлигимизга ҳеч қачон кӯз тегмасин. Халқларимиз учун ана шундай қулайликларни яратиб берган икки давлат бошлиқларига чексиз миннатдорчилик билдирамиз. Азалдан бир-бири билан ака-ука, опа-сингил, қон-қариндошдек ҳамжиҳатликда яшаб келган ӯзбек ва тожик халқлари икки давлат Бошлиқларининг дӯстлигимизни янада мустаҳкамлаш борасидаги эзгу бошламаларини бирдек қӯллаб-қувватладилар. Албатта, бундан барчамиз ниҳоят хурсандмиз. Биз Тожикистоннинг сӯлим гӯшаларидан бири Суғд вилоятига бӯлган ижодий сафаримиз давомида бунга яна бир бор амин бӯлдик. Сафаримиз давомида турли касб эгалари билан суҳбатлашдик. Уларнинг ҳар бири бизнинг Суғд вилоятига қилган ташрифимиздан ниҳоятда мамнун эканлигини ҳис қилдик. Ҳатто бизни меҳмон қилиш мақсадида уйларига ҳам таклиф қилишарди. Оқшом тушишига қарамай Камол Хужандий номидаги маданий-тарихий истироҳат боғини кӯздан кечирдик. Соат тунги ӯн, боғда болакайлар шӯх-шодон ӯйнаб юрибди. Халқ ажойиб ҳордиқ чиқа-раяпти. Яна бир нарса ӯша замонавий дам олиш масканида мумтоз наволарнинг янграб туриши ҳайратимизни оширди. Жумладан, бизларнинг классик қӯшиқлар ҳам навбати билан қӯйилганда гуруҳимиз аъзоларининг барчаси ҳайратини яширолмади. Айниқса, гӯзал қизларнинг миллий либослар, атлас ва адрасларда юришини кӯриб Суғд вилоятида миллий қадриятлар сақланиб қолганлигининг гувоҳи бӯлдик.

Ҳақиқатдан ҳам маданият, санъат, спорт ва адабиёт ҳеч қачон миллат танламайди. Аксинча, дӯстликни мустаҳкамлайдиган қудратли кучга ӯхшайди. Сафаримизнинг ҳар бир дақиқаси мазмунли ӯтди. Таассуротларимиз жуда ҳам катта. Қолаверса, Суғд вилоятининг гӯзал табиатидан баҳраманд бӯлдик. Мамлакатимиз раҳбари турли давлатларга бӯлган сафари чоғида халқлар дӯстлигини янада мустаҳкамлашга жиддий эътибор қаратмоқда. Келажакда қӯшни давлатлар билан ҳамкорликда турли филмлар яратиш ишлари бошлаб юборилди.

Фурсатдан фойдаланиб барча Тожикистон халқига ижодий гуруҳимизнинг чексиз миннатдорчилигини баён этаман. Дӯстлигимиз абадий бӯлсин!

Малоҳат МАҲКАМОВА

ва Облоқул МУСОЕВ суҳбатлашди

СУРОҒА

Маҳаллаи 20, бинои Кохи матбуот, 6 ошёна

E-mail: Этот адрес электронной почты защищен от спам-ботов. У вас должен быть включен JavaScript для просмотра.

Телефон: