Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси-Миллат пешвоси, Тожикистон Жумҳурияти Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Панжакент шаҳрида Маданий-ижодий мажмуани фойдаланишга топширди.
Дастлаб Миллат пешвоси мажмуа саҳнида Тожикистон халқ шоири Лойиқ Шерали ҳайкали юзидан пардани тушириб, унинг пойига гулчамбар қӯйди.
Ҳайкал Рустам Мажидов ва Мансур Ҳожибоев томонидан юксак ижодий маҳорат билан ясалган. Ҳайкалнинг баландлиги 6,3 метр ва кенглиги 6 метрни ташкил қилади. Хиёбонни янгилаш ва ҳайкални бунёд этиш ишларига Суғд вилояти давлат ҳокимияти ижроия органи ҳисобидан 1 миллион 400 минг сомоний ажратилган.
Маданий-ижодий мажмуа олдидаги хиёбоннинг умумий майдони 3091 метр квадратга тенг. Мазкур майдон лойиҳаси Суғд вилоятидаги “Лоиҳакаш” ДУК томонидан ишлаб чиқилган. Пудрат ишларини «СУ-3» ва ”Само” МЧЖлари бажарган. Майдонни янгилаш ва марҳум шоир Лойиқ Шерали ҳайкалини ӯрнатиш жараёнида 80 нафар тажрибали қурувчи ва маҳаллий аҳоли иш жойи ва яхши маош билан таъминланган. Ҳайкал рангли металдан ясалган. Пойдевор ва унинг атрофи гранит билан безатилган.
Ҳайкал атрофида 4та замонавий фаввора бунёд этилган. Бундан ташқари, ранг-баранг гуллар ва манзарали дарахтлар ӯтқазилган.
Панжакент шаҳрининг қоқ марказида қад ростлаган Маданий-ижодий мажмуа биносининг ташқи томонига миллий нақшлар асосида ишлов берилган. Бу шаҳарнинг чиройига чирой қӯшади, албатта. Бир йил давом этган қурилиш ишларини бажаришда 250 киши иш жойи билан таъминланган.
Ертӯла ва 5 қаватдан иборат иншоот 436 ӯринли катта зал, кутубхона, мажлислар хонаси, қаҳвахона, кинотеатр, спорт зали ва иш кабинетларини ӯз ичига олади. Маданий-ижодий мажмуада, шунингдек, ёшлар ва ӯсмирлар ӯз маҳоратларини сайқаллашлари учун турли тӯгараклар ташкил қилинган. Қолаверса, бу ерда телевидение, маҳаллий газета ва журналлар таҳририятлари, шунингдек, бошқа ташкилот ва идоралар учун иш кабинетлари ажратилган.
Бинога кираверишда Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмонга Панжакент ҳамда Суғд вилоятининг бошқа шаҳар ва ноҳияларида фаолият юритадиган 16та сайёҳлик ширкати фаолияти, Зарафшон водийсининг туристик мавзелари ва совғалар ҳақида маълумот берилди. Кӯргазмада Панжакент шаҳрининг туристик харитаси, Фон тоғлари, тарихий-маданий мавзелар ва Зарафшоннинг бетакрор манзаралари кӯрсатилди.
Қизлар томонидан рамзий ҳафткӯл-Етти нозанин бадиий композицияси намойиш қилинди.
Маданий-ижодий мажмуада «Сайёҳлик-ӯлкашунослик», «Рус ва инглиз тиллари», «Тасвирий санъат», «Зардӯзлик ва совға ясаш», «Адрас ва гилам тӯқиш», «Сӯзаначилик ва қуроқчилик» тӯгараклари ҳамда кутубхона ташкил қилинган.
“Сайёҳлик-ӯлкашунослик» тӯгарагида ёшларга туризм соҳасининг имкониятлари, аждодлар тарихи, маданияти ва удумлари ҳақида тушунча бериб борилади. Тӯгарак мамлакатнинг туристик салоҳиятини янада кӯпроқ очиб бериш мақсадида ташкил қилинган. Тӯгарак аъзолари давлат Сарварига “Сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш” йилида мамлакатнинг туристик имкониятларини кенг кӯламда танитишга ваъда бердилар.
“Тасвирий санъат” тӯгарагида эса, ёшлар ва ӯсмирларга расм чизиш ӯргатилади. Бу ерда рассомлар ва тӯгарак аъзолари асарлари намойиш қилинди. Бошқа тӯгараклар билан ҳам танишиб чиққан Миллат пешвоси тӯгарак аъзолари санъатига юқори баҳо бериб, уларни касб-ҳунар ӯрганиш, замонавий илмларни ӯзлаштириш, давлат ва миллатга садоқат билан хизмат қилишга чақирди.
Кутубхонада 1200 нусхадан ортиқ турли соҳага доир ва бадиий китоб бор. Шунингдек, бу ерда мутолаа учун 10 минг нусха турли электрон китоблар тайёрланган.
Панжакент шаҳрида Маданий-ижодий мажмуа фойдаланишга топширилиши туфайли 150 кишига иш жойи яратилди.
Мажмуа ва тӯгараклар фаолияти билан танишиб чиқилгач, ҳашаматли қасрнинг катта залида “Улуғлар ёди” адабий-мусиқий композицияси, байрамона қӯшиқлар ва диққатга сазовор рақсларни ӯз ичига олган мукаммал маданий дастур намойиш этилди.
Шундан сӯнг, Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси-Миллат пешвоси, Тожикистон Жумҳурияти Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон ёшлар билан самимий суҳбат қуриб, ушбу мажмуани Лойиқ Шерали номи билан аташ таклифини илгари сурди.
www.prezident.tj
Маҳаллаи 20, бинои Кохи матбуот, 6 ошёна
E-mail: Этот адрес электронной почты защищен от спам-ботов. У вас должен быть включен JavaScript для просмотра.
Телефон: