Тожик ва ўзбек халқларининг дўстлиги ва биродарлиги, икки қўшни давлатнинг икки томонлама фойдали ҳамкорлиги ва ўзаро муштараклик уларнинг турмуш тарзида, урф-одатларида, таом ва либосида, оилавий муносабатларида яққол кўзга ташланади. Бу асло тасодиф бўлмай, қадимий тарихга эга бўлган тожиклар ва ўзбеклар ҳамкорлиги минг йилликлар давомида шаклланиб, тарихнинг турли синовларидан ўтган. Жуда яқин ижтимоий-иқтисодий ва савдо муносабатлари, яқин адабий, илмий ва маданий алоқалар бу икки халқлар ҳамкорлигининг характерли хусусиятини ташкил этган. Уларнинг ўзаро алоқаларини янада мустаҳкамлаган омиллар, яъни уларнинг бир заминда, бир минтақада яшагани, биргаликда меҳнат қилгани ва асрлар давомида муштараклик касб этган урф-одат ва анъаналари инъикосидир.
Юқорида қайд этганимиздек, тожик ва ўзбек халқларининг дўстлиги узоқ тарихга эга бўлиб, бу икки қўшни халқ асрлар давомида бир заминда яшаб, бир-бирининг шодлик ва қайғуларига шерик бўлиб келганлар. Бу эзгу анъаналар мамлакатларимиз мустақиллиги даврида ҳам давом этди ва Тожикистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йилнинг октябр ойида қайта тикланди. Бугунги кунда ҳар икки давлатда дипломатик алоқалар ўрнатилгани муносабати билан ўзбек ва тожик халқларининг дўстлиги ва биродарлигини мустаҳкамлашга хизмат қилаётган кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Айтиш жоизки, дўстона муносабатларни қайта йўлга қўйишда икки давлат раҳбарлари–Тожикистон Республикаси Президенти, Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон ва Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёевнинг хизматлари беқиёс. Улар ўзаро қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш мақсадида мулоқотлар ўтказиб, мавжуд муаммоларни бартараф этишди. Икки томонлама ҳамкорликларни муроса йўли билан ривожлантириш икки давлат тараққиётининг муҳим омили эканини эътироф этиб, уларни амалга ошириш учун ватанпарварлик ташаббусларини илгари сурдилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг март ойида Тожикистонга илк давлат ташрифини амалга ошириб, Тожикистон Республикаси Президенти, Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон билан учрашди ва давлат раҳбарлари ҳамкорликнинг муҳим масалаларини муҳокама қилдилар ҳамда қўшма келишувларни имзоладилар. Шу асосда нафақат чегаралар очилди, балки Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстона муносабатлар мустаҳкамланиб, давлатлараро ва идоралараро ҳамкорликка оид 26 та ҳужжат имзоланди. Ушбу имзоланган ҳужжатларнинг ҳар бири икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим рол ўйнади. Бу орқали иқтисодий ҳаётнинг барча соҳаларида ҳамкорликлар йўлга қўйилиб, қисқа вақт ичида иқтисодий-савдо кўрсаткичлари, товар ва маҳсулотларни сотиш ҳажми ҳамда айланмаси икки мартага ошди. Ушбу эзгуликни кўзлаб амалга оширилган чоралар тожик ва ўзбек халқларининг қувончига сабаб бўлиб, қариндош-уруғлик ришталарини мустаҳкамлади.
Ўзаро ҳамкорликларни кучайтириш ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш мақсадида 2018 йилнинг август ойида Тожикистон Республикаси Президенти, Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон давлат сафари билан Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрди. Тожикистон Республикаси Президенти, Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг расмий сафари чоғида давлатлараро ва идоралараро 27та келишув, жумладан, “Тожикистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида стратегик шерикликка оид битим” имзоланиб, бу икки томонлама муносабатларимиз, ўзаро манфаатли ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичига кўтарди. Мазкур муҳим ҳужжат ва имзоланган бошқа ҳужжатлар асосида ҳамкорликлар кенгайиб, қўшма корхоналар ташкил этиш, ўзаро тажриба ўрганиш, савдо марказлари бунёд этиш ва маданий гуманитар тадбирларни ўтказиш учун қулай шарт-шароитлар яратилди ва икки давлат ўртасида товар айирбошлаш ҳажми бир неча марта ошди.
{ар икки давлат Бошлиқларининг 2018 йилнинг 9 март куни имзоланган қўшма баёнотида шундай сўзлар келтирилган: «Давлатлар Бошлиқлари Тожикистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги муносабатларнинг бугунги вазиятига доир долзарб масалалар, сиёсий, иқтисодий, савдо, транспорт ва коммуникация, маданият ва инсонпарварлик ва бошқа соҳалардаги икки томонлама серқирра ҳамкорликларни келгусида кенгайтириш ва чуқурлаштирищ, шунингдек, ҳар икки томоннинг диққат марказидаги минтақавий ва халқаро аҳамиятга эга бўлган долзарб масалаларни муҳокама қилишди. Давлатлар бошлиқлари кейинги йилларда эришилган ўзаро мулоқотарнинг юқори даражада эканлиги, шунингдек, бу икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликларнинг ижобий томонга силжиб бораётганлигини қаноатмандлик билан таъкидлашди. Икки давлат халқларининг мустаҳкам дўстлик, яхши қўшничилик ва бир-бирини ҳурмат қилиш принципларига асосланган кўп асрлик тарихий ва маданий умумийлиги нуқтаи назаридан Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги фойдали ва яратувчан ҳамкорликлар бу икки халқнинг узоқ муддатли манфаатларига жавоб беради. Марказий Осиё минтақасида тинчлик, осойишталик, хавфсизлик ва тараққиётни таъминлашнинг муҳим омили эканлигига таянган ҳолда яна бир марта умумий эътироф этилган халқаро ҳуқуқий меъёрлар ва принципларга, шунингдек, БМТ Устави мақсадлари ва принциплари, жумладан, мустақиллик, ўз ихтиёрига эгалик, мавжудлик, чегараларга дахолат қилмаслик, ички ишларга аралашмаслик, баробарлик ва икки томонлама манфаатларга ўзларининг тарафдорлигини таъкидлаб, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги келгуси муносабатларни кенгайтириш ва чуқурлаштириш, қўлга киритилган келишувларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ҳаётга татбиқ этилишини таъминлашни билдиришди».
Бугунги кунга қадар турли давлат ва хусусий тузилмалар ўртасида 200дан ортиқ шартнома ва келишувлар имзоланган бўлиб, уларнинг ҳар бири икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Жорий йилда ана шундай ҳамкорликлардан бири икки давлат журналистлари уюшмалари ўртасидаги меморандумининг имзоланиши бўлди.
Бу меморандумга кўра, икки қардош халқ журналистлари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, ўзаро тажриба, алмашиш, ҳамкорликда семинарлар, конференциялар ташкил этиш масалалари кўзда тутилгандир.
Шу кунга кадар меморандумга кўра, Фарғона ва Сирдарё вилоятларидан журналистлар Суғд вилоятига ташриф буюриб, бугунги кундаги вилоят ОАВ фаолияти билан танишиб, бир жаҳон таассуротлар билан қайтишди. Тарихи, умумий қадриятлари бир бўлган халқларнинг журналистлари ўртасидаги ҳамкорлик ҳам жуда манфаатли бўлади. Соҳамизни ривожлантиришдан ташқари икки давлат ўртасидаги ҳам иқтисодий, ҳам маданий-маърифий алоқаларнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади. Ўз ўрнида суғдлик журналистлар Фарғонада бўлиб ўтган журналистиканинг долзарб масалаларига бағишланган халқаро конференцияда қатнашишди.
Ушбу меморандумга мувофиқ узоқни кўзлаб юритган оқилона сиёсатларини татбиқ этиш максадида икки давлат ўртасида қайта тикланган серқирра ҳамкорликнинг самараси ўлароқ, Ўзбекистон Республикаси журналистларидан иборат ижодий гуруҳ Тожикистонга ташриф буюришганди. Улар таклифига кўра, тожикистонлик журналистлар Ўзбекистонга ижодий ва ҳамкорлик сафарида бўлишди.
Дўстлар дийдорига парвоз
Икки давлат ўртасидаги ҳамкорликлар йўлга қўйилгандан сўнг, Ўзбекистонга илмий ижодий ва хизмат сафарларида бўлдим. Бу сафарги сафаримиз эса, икки давлат муносибатлари янги босқичга кўтарилгандан сўнг парвоз этаётган Душанбе-Тошкент йўналишидаги ҳаво йўллари орқали уюштирилди. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» компанияси самолётига кўтарилар эканмиз, ўзбекона илтифот или пешвоз олаётган борт ҳамроҳлари муомаласи бизни серқуёш ўлкада хизмат ва сервис қанчалик ривожланаётганидан далолат берарди. Бизни Ислом Каримов халқаро аэропортида Ўзбекистон журналистлари уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров бошчилигидаги бир гуруҳ касбдошларимиз удумларимизга кўра, нон ва ширинликлар билан карнай-сурнай садолари остида кутиб олдилар. Суҳбатларимизни бирида ширинкалом шоира Гулноз Ўзбекистонга сафаридан сўнг Муҳаммад Иқбол Лоҳурийни эслаб шундай деганди: “Йўл бехатар бўлгани учун Каъбага сафар қилмадим. Иқбол сингари мушкулликни енгиб ўтишни маъқул кўргувчи кишиларнинг фикрича, Худонинг уйига сафар қилиш қийин ва йўл жуда хатарли бўлиши лозим. Бу фикр мақсад сари борувчи йўлдаги қудрат ва ҳаракатни кўрсатишнинг бошқача шаклидир, балки.
Бизнинг сафаримиз осон эди ва бизнинг йўлимиз ҳам Каъбага-дўстлар қалби Каъбаси сари эди. Каъбанинг сони биз билан дилдош дўстлар сонига баравар эди, уларнинг ҳар бири бир Каъба эди. Бизнинг рўпарамизда саодат ва бахтиёрлик ҳисси тўлиб-тошган кўзлардан нур балқирди.»
Тожикистонлик журналистлар таркиб топган гуруҳ диллар каъбаси тавофи учун, дўстлар дийдорига биз меҳр-муҳҳаббат, садоқат ва самимият, дўстлик ва бирлик қанотида учиб бордик.
Тошкент “Шарқ дарвозаси”
Тошкент кўчалари узра сафар айларканмиз, шаҳарда қадимий руҳ ва замонавий гўзаллик уйғунлигининг гувоҳи бўлдик. Сокинлик, халқ юзидаги табассум-юрт тичлиги ва осудалиги, эртанги кунга ишонч ва хотиржамликдан далолат беради. Ўзбекистонга ташриф буюрган ҳар бир меҳмон ўз сафарини “Темурийлар” давлат музейидан бошлаши аниқдир. Чунки мазкур музей нафақат темурийлар балки Ўрта Осиё тарихидан сўзлайди. Расмий делегациялар вакиллари музейини ҳам катта қизиқиш билан томоша қилдик. Музейга ташриф доирасида бу ерда бошқа меҳмонларни ҳам кўрдик. Улар орасида давлат, ҳукумат ва парламент делегациялари, халқаро ташкилотлар вакиллари, ишбилармонлар, фан ва маданият намояндалари, сайёҳларнинг кўплиги минтақа тарихига хорижда ҳам қизиқиш тобора ортиб бораётганидан далолат берарди. Музей деворларида барча давлатлар раҳбарлари ўз таассуротларини ёзиб қолдирган экан. Улар қаторида давлатимиз Раҳбари мўҳтарам Эмомали Раҳмон бу ердан ажойиб таассуротлар олганини алоҳида таъкидлаб хотира қолдирган эканлар.
Ҳазрати Имом жоме масжиди
Сафар давомида гуруҳимиз {азрати Имом жоме масжидида ҳам бўлдик. Ислом оламида Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби даражага эришган буюк алломалар орасида Имом Абу Бакр Қаффол Шоший алоҳида ўрин эгаллайди. Замондошлари “Ҳазрати Имом” деб улуғлаган бу зотнинг тўлиқ исми Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил ал-Қаффол аш-Шоший бўлиб, араб манбаларида унинг номига «катта», «улуғ» маъносини ифодалайдиган «ал-Кабир» сўзини қўшиб ёзадилар. Аллома моҳир ҳунарманд бўлиб, қулфсозликда шуҳрат қозонганлиги боис «ал-Қаффол», яъни қулфчи, қулфсоз деган ном билан эъзозланган. У ўз замонасининг пешвоси бўлиб, фиқҳ, ҳадис, усул, тилшунослик илмлари бўйича тенги йўқ олим эди. Қаффол Шошийнинг номи Мағрибу Машриққа ёйилган.
Шамсуддин Заҳабий эса уни нафақат Мовароуннаҳр, балки Хуросон олими сифатида ҳам эътироф этади: “Хуросон олимларидан Абу Бакр Муҳаммад ибн Али иби Исмоил аш-Шоший аш-Шофиъий Қаффол Мовароуннаҳрда ўз даврининг имоми бўлиб, бир неча китоблар мусаннифи тасниф этган” .
Ислом Конференцияси Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият бўйича муассасаси АЙСЕСКО Тошкентни 2007 йили Ислом маданияти пойтахти, деб эълон қилди. Президентимизнинг Хастиимом жамоатчилик жамғармасини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қарори эълон қилингач, жуда қисқа муддатда катта қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиб, муҳташам Ҳазрати Имом мажмуаси бунёд этилгани ҳам бу мақом бежиз берилмаганини кўрсатиб турибди.
Шўролар даврида Ўрта Осиё ва Қозоғистон диний бошқармаси жойлашган ва бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва қўллаб-қувватлаши билан Ислом цивилизацияси маркази қурилиши биз меҳмонларда катта таассуротлар қолдирди. Қувонарлиси шундаки, бу ерда бугунги кунда ислом дини ва ривожи учун жуда катта ва буюк ишлар амалга оширилмоқда.
Тошкентда 375 метр баландликда сайр
Сафаримиз Тошкентни юқоридан тамошо билан давом этди. Тошкент телеминораси Ўрта Осиёдаги энг баланд бинодир. Унинг баландлиги 375 метрдир. Расмий тилда Тошкент телеминораси Ҳ-375м объекти деб аталар экан. Телеминора 1978 йилдан бошлаб, 6 йил давомида қуриб битилган бўлиб, у 1985 йилнинг 15 январида ишга туширилган деб таъкидлади бизга бошловчилик ва сорбонлик қилаётган минора ходими.
1991 йил Тошкент телеминораси Дунёнинг буюк миноралари Федерацияси қаторига кириб, дунёнинг 200 дан ортиқ миноралари орасида 11-ўринни эгаллаган. Бугунги кунда у Марказий Осиёнинг шу хилдаги ягона ва энг баланд биноси ҳисобланади. МДҲ давлатлари телеминоралари ичида эса, Останкинодан кейинги иккинчи ўринни эгаллайди.
Тошкент телеминорасининг асосий вазифалари теле ва радиоузатувдир.
Тошкент телевизион минораси ноёб меъморий бино сифатида шаҳарликлар ва чет эл меҳмонлари учун томоша қилиш мажмуаси ҳисобланади.
Бино курилиши 1978 йили бошланган бўлиб, унинг муаллифлари
Ю.П.Семашко ва Н.Г.Терзиев-Царуков, лойиҳачилари эса Е.П. Морозов ва М.Д.Мушеевлар бўлади. Қурилишга кетган вақт 6 йил бўлиб, фойдаланишга туширилган санаси 1985 йил 15 январдир. Телеминора баландлиги 375 метр. Пойдевор баландлиги 11 метр бўлиб, денгиз сатҳидан баландлиги 480 метр экан. Иншоотнинг умумий вазни 6000 тоннадан зиёд, иншоот ҳажми 55500 куб. м. Телеминора қурилган материаллар пўлат, лойиҳа барқарорлигини таъминловчи усуллар ҳар бири 93 метрлик учта конус шаклидаги оёқлардан иборатдир. Айланувчи иккита залли “Коинот” ресторанининг қизил зали баландлиги 104 метр, айланувчи иккита залли “Коинот” рестораннинг кўк зали баландлиги 98 метр айлана томоша зали, баландлиги 94 метр тезюрар лифтлар сони (тезлиги секундига 4,8 м.)дир. Минора фойеси уста А.Бурхабаев томонидан Флоренция ва Рим услубларида деворий терма нақшлар билан безатилган. Телеминоранинг ноёб лойиҳасини Н.Г.Терзиев-Царуков, Д.Я.Семашко каби меъморлар, ҳамда муҳандислар Е.П.Морозов ва М.Д.Мушеев бажаришган. Фойеда, шунингдек, Дунёнинг Буюк миноралари Уюшмаси сафидан ўрин олган барча минораларнинг макетлари ҳам бор. Минорага ташриф буюрувчи меҳмонлар учун секундига 100 метр баландликка элтиб қуювчи “Шиндлер” фирмасининг учта тезюрар лифт хизмат кўрсатади. Айлана томоша майдонидан меҳмонлар “Коинот” ресторанига ташриф буюришлари мумкин, у ерда иккита қулай ресторан уларнинг хизматига мунтазирдир: бири-миллий “Ҳаво ранг” (баландлиги 105 метр) ва иккинчиси европача “Қизил” (баландлиги 110 метр) бўлиб, бир вақтнинг ўзида 120 нафар меҳмонни ўз ичига олади. Рестораннинг иккита залида ҳам платформа-поли ўриндиқлар билан бирга минора ўқи атрофида айланади. Ресторанда эса буюртмага, асосан, миллий ва европа таомлари тайёрланади, барларида исталган ичимликлар мавжуд, жонли ижрода мусиқа янграб туради. Чиройли безатилган дастурхон олдида, ўз ўқи атрофида айланвчи ўриндиқлар ўтириб, 120 метр баландликда бир соат давомида яна бир бор Тошкентнинг гўзал манзарасидан завқ олдик.
ЎзЖОКУ янгича услуб ва янгича нигоҳ
Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети раҳбари Шерзодхон Қудратхўжа нафақат Ўзбекистонда, балки бутун жахонда янгича услубда ва янгича нигоҳга эга бўлган журналист сифатида эҳтиромга лойиқдир. Бир неча марта учрашган ва суҳбатидан баҳраманд бўлган журналист сифатида бу шахсиятга қойил қолмасдан бўлмайди. Университет ҳовлисига қадам қўяр экансиз бугунги жаҳондаги ривожланган олий таълим даргоҳларидан илгарилаб кетган университетни кўрасиз. Университет саҳнидаги кабутарлар, товуслар ва ҳайвонот дунёси талабаларга ва университет устозларига илҳом бағишлайди. Университетдан олам-олам таассуротлар билан қайтдик. Жадидларимизга бағишланган бурчакнинг ўзи алоҳида мақола учун мавзудир. Албатта, бу гўзал даргоҳга талабаларимиз билан ташриф буюришни ният қилдик. Университет ишларига мувафаққият тилаб коламан ва ташаккурлар дейман. Чунки бундай университетнинг минтақада амал қилиши барчамиз учун манфаатлидир.
Сафар чоғида биз шунингдек, «Зўр ТВ», «Севимли» телевидениелари ва «Колорпак» хусусий полиграфия марказлари фаолияти билан ҳам танишдик. Мазкур хусусий марказлар халққа хизмат кўрсатиш билан бирга, Ўзбекистонда хусусий тижорат марказлари ва тадбиркорларга яратилаетган имкониятлардан далолатдир. «Зўр ТВ» телевидениеси барча муштарийларимизга ўз дастурлари билан севимли бўлса, биз журналистларни ўзининг техник имкониятлари билан қойил қолдирди.
Тожикистонда шўролар давридан бошлаб, Ўзбекистон телевидениесини севиб тамоша қилишади. Сафар жараёнида биз мазкур тарихий телеканал фаолияти ва музейи билан ҳам танишдик.
{амюртимиз, таниқли журналист Рўзибой Қўлдошевнинг дийдорлашиш чоғидаги чиқиши айрим касбдошларимиз кўзида ёш қалқишига сабаб бўлди. Зеро, бу кунлар шукронасини қилишимиз лозимлигига яна бир бор амин бўлдик. «Ватанимдан-ватанимга хуш келдингиз», деб бошланган бу чиқиш биз сафар иштирокчиларида севимли шоирамиз {алима Худойбердиеванинг «бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор» иборасини эсга солди.
Миллий матбуот марказидаги икки давлат журналистлари орасида ўтказилган диалоглар бу икки тилли бир халқни қанчалар бир-бирига ҳамроҳ ва йўлдош ва бир-бирига талпиниб яшаётганидан далолат эди. Шунингдек, бир гуруҳ ўзбекистонлик ижодкорлар ва журналистлар Тожикистон журналистлари иттифоқига аъзоликка қабул қилинди. Ўз навбатида камина ҳам Ўзбекистон журналистлар уюшмасига аъзоликка қабул этилдим ва бу биринчи навбатда бизга берилган имконият ва масъулиятдир. Зеро, бугунги кунда жамиятимиз оинаси бўлган оммавий ахборот воситаларида фаолият юритаётган ҳар бир журналистнинг асосий вазифаси халқларимиз дўстлигини мустаҳкамлаш ва бу йўлда хизмат қилишдир. Мен ўз ўрнида бу масъулиятни бажаришга ваъда бераман.
Бухоро-тарих кўзгуси
Сафаримиз давомида биз тезюрар поезд орқали қадимий ва ҳамиша навқирон Бухорои Шарифга сафар этдик. Сафар жараёнида Бухородаги барча тарихий обидаларда тожикча номларни сақланиб қолаётгани бу миллатга нисбати эҳтиром ва бағрикенгликдан далолатдир. “Арки Амир”, минораи “Калон”, “Мир араб”, “Лаби {авз” мавзеларини томоша қилар эканмиз, маҳаллий халқ вакиллари тожик тилида сўзлашиши эътиборимизни тортди.
Биз ташриф буюрган “Истиқлол” хусусий телевидениесида пешвоз олиш маросими тожик тилидаги “мавригb” қўшиқлари садоси остида байрамга айланди. Икки давлат журналистлари иштирокидаги “Дўстлик” боғига экилган дарахтлар ҳосил беришига ишонамиз ва бу боғ йиллар давомида журналистлар боғига айланади, деган умиддамиз.
Бухоро – жаҳоннинг энг қадимий шаҳарларидан биридир, зеро, шаҳар 1997 йилда ўзининг 2500 йиллик юбилейини нишонлади. Бухоро номи дастлаб IХ асрда тарихчи Наршахий томонидан зикр этилган.
Кўплаб тарихчилар, тилшуносларнинг фикрига кўра «Бухоро» сўзи санскритча “вихара” сўзидан келиб чиққан бўлиб, “қалъа” деган маънони билдиради.
Олимлар археологик қазилмалар натижасига асосланиб, ушбу шаҳар эрамизгача бўлган даврда ҳудуднинг иқтисодий ва маданий ҳаётида муҳим рол ўйнаган деган хулосага келдилар. Бухоро Хитойдан Римгача олиб борувчи Буюк Ипак йўлининг энг муҳим чорраҳаларидан бирида жойлашган.
VIII асрда бу ерда араб истилоси натижасида Ислом дини жорий этилган. Аста-секин Бухоро энг муҳим диний марказга айланган ва тобора “Бухорои Шариф” деб атала бошланган.
Ривожланиш даврида шаҳар бир неча бор (форслар, араблар, мўғуллар томонидан) вайрон қилинган ва тикланган. Бухоронинг ўзига хос иқтисодий ва маданий ривожланиши Сомонийлар ва Шайбонийлар бошқарган даврларга тўғри келади. Ҳозирги Бухоро Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарлари сингари эски ва янги шаҳарга бўлинган. Шаҳарнинг янги қисмида маъмурий бинолар, мактаблар, институтлар ва саноат корхоналари жойлашган.
Биз 2500 йиллик Бухоронинг тор кўчаларида кезиб, кўк гумбазли ҳашаматли бинолар ҳамда кичик лойсувоқ уйлардан завқ олдик ва яна бир бор тарих кўчалари узра сайр этдик.
Х асрда қурилган Исмоил Сомоний мақбараси Бухородаги энг қадимий ва чиройли ёдгорликлардан биридир. У ҳозирги пайтда ҳам худди 1000 йил илгаригидек чиройли кўринишга эга. Сомонийлар биринчи тожик ҳукмдорларидир (эрамизнинг 875-999 йиллари). Улар пойтахти Бухоро бўлган буюк давлатни барпо этишган ва биринчилардан бўлиб давлатчиликка асос солишган. Ўша давр қурилиш, санъат турлари, математика, геометрия, физика сингари аниқ фанларнинг юксак даражада ривожланиши билан характерланади.
Арк қалъаси юз йиллар давомида Бухоро ҳукмдорларининг расмий яшаш жойи бўлган. У баландлиги 16-20 метр бўлган сунъий тепаликда қурилган. Қалъа майдони қарийб 4 гектар. Одамлар кўпинча уни “шаҳар ичида шаҳар” деб аташган, чунки унда одатдаги шаҳарнинг ҳамма нарсалари: кўчалар, тор кўчалар, сарой, масжидлар, устахоналар бўлган.
Пои Калон меъморий мажмуи–барча меҳмонлар эътиборини жалб қиладиган жойдир. Мўғул давридан анча илгари, ХII асрда барпо этилган Калон Минорасини деярли ҳамма жойдан кўриш мумкин. Масжиди Калон – Самарқанд шаҳридаги Бибихоним масжидидан кейин Ўрта Осиёдаги иккинчи энг катта масжиддир. Мусулмонлар байрамида масжидга 10 минг киши сиғиши мумкинлиги ўз исботини топган. Масжиднинг усти очиқ йирик ҳовлиси, унинг ажойиб пештоқлари ва усти ёпиқ айвонлари бизда унутилмас таассурот қолдирди.
Масжиди Калон рўпарасида жойлашган Мири Араб мадрасаси пропорцияси ва симметрияси билан ўзидан кейин қурилган масжидлар учун ҳамиша намуна вазифасини ўтаган. Бўлғуси имомлар таълим олган Мири Араб мадрасаси кўп йиллар давомида собиқ шўролар даврида ҳам амал қилган ягона мадраса бўлган.
Сафар давомида биз «Бухоро МТРК» радиосида Ўзбекистон журналистлар уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров, Тожикистон журналистлари иттифоқи раиси Зиннатулло Исмоилзода ва камина жонли эфирда иштирок этиб, радиотингловчиларга бу сафар мақсади ва сафардан кейинги таассуротлар ҳақида сўзлаб бердик. Бу суҳбат жуда эсда қоларди ўтиш билан биргаликда сайёҳлик ривожи учун ҳисса қўшади, деган умиддаман.
Самарқанд ер юзин сайқалидир…
Самарқандга сафаримиз ўзгача тусда давом этди. Аввал вилоят газеталари «Зарафшон» (ўзбек тилида), «Самаркандский вестник» (рус тилида), «Овози Самарқанд» (тожик тилида) газетлари фаолияти ва вилоят матбуот музейи экспонатлари билан танишишдан бошланди. Газета раҳбарлари Фармон Тошев ва Баҳодир Раҳмоновлар бугунги кунда олиб борилаётган ишлар юзасидан тўлиқ маълумот бердилар. Газеталардаги дўстлик фазоси таҳсинга сазовордир. Зеро, бир оиладек фаолият юритаётган бу газеталар ходимлари ўзаро ҳамкорликда ва биргаликда халқлар дўстлигини мустаҳкамлашдек буюк вазифани бажаришмоқдалар.
Сафар чоғида биз, шунингдек, Тожикистон Қаҳрамони Садриддин Айний уй музейи, тожик буюк алломалари, шоирлар Фирдавсий ва Рудакий ҳайкалларини зиёрат этиш билан бирга, бир қатор тарихий обидалар билан танишдик.
Регистон майдони Ер юзининг сайқали деб тан олинган, Амир Темур бирлаштирган йигирма етти давлат пойтахти бўлган машҳур Самарқанднинг ўзига хос ва мос кўзгусидир. Регистон майдони Баҳодир Ялангтўш даврида шаклланган.
«Регистон» деган сўз тожик тилидан олинган бўлиб, «қумли жой» деган маънони билдиради, «рег» - қум, «истон» - туриш жойи демакдир. Тарихий маълумотлар ва аниқ илмий-ашёвий далилларга асосланиб, айтиш мумкинки, бу ердан жанубий шарқдан, шимолий ғарбга томон катта ариқ оқиб ўтган, вақт ўтиб ариқ қуригандан сўнг, ўрнида қумлоқ жой қолган. Ана шу асосда «Регистон» деган сўз келиб чиққан.
Амир Темур ҳукмронлиги даврида ҳозирги Регистон майдони ўрнида марказий бозор бўлган. Ана ўша даврдан Самарқанд жаҳонга машҳур илм-фан ва ҳунармандчилик маркази сифатида дунёга танилган.
Бу ерга етти иқлимдан донишмандлар, олиму фузалолар келиб Мирзо Улуғбек атрофига тўпланишган. Сон-саноқсиз зиёратчилар, Шоҳи Зинда мақбарасига келган савдогарлар шаҳарни томоша қилиш билан бирга машҳур Самарқанд қоғозини ва бошқа кўплаб турли ноёб ҳунармандчилик ҳамда ноёб молларни харид қилишга келганлар.
Барча йўллар пойтахт Самарқанд шаҳрининг савдо-ҳунармандчилик маркази ҳисобланган Регистонда бир-бири билан туташган. У ҳунармандлар кўчаси бўлиб, заргарлар растаси орқали Арк билан боғланган.
Асрлар давомида Регистондаги иншоотлар уч марта ўзгарган. Дастлаб бош кийимлар сотиладиган усти ёпиқ гумбазли тим қурилади.
Улуғбек ҳукмронлиги даврига келиб, майдонда қайтадан режалаштириш ишлари амалга оширилади. Чунончи, бу жойлар вақфга топширилгани учун бозор тимлари бошқа жойга кўчирилади ва майдоннинг ғарбий қисмида дастлабки бино ҳисобланмиш Улуғбек мадрасаси қурилади.
1424 йилда эса Улуғбек мадрасаси рўпарасида, ҳозирги Шердор мадрасаси ўрнида, «қуш» услубидаги Улуғбек хонақоси барпо қилинган.
Хонақо фасади Улуғбек мадрасаси пештоқига нисбатан қисқароқ бўлган. Хонақонинг жанубий-ғарбий қисмида, қадимдан Имом Муҳаммад ибн Имом Жаъфари Содиқ мозори жойлашган бўлган. Мадрасанинг кенг фасади ва ҳашаматли миноралари рўпарасида пештоқ ва катта гумбазли хонақоҳ турган. Майдоннинг шимолий томонида ҳам зарурий эҳтиёжни назарда тутган ҳолда, Мирзо Улуғбек фармони билан ҳашаматли Мирзо Карвонсаройи қурилди. Унинг тарҳи ва ташқи кўриниши ҳозирги Тиллакори мадрасасига ўхшаш бўлган. Карвонсарой кенг айвонли ва ҳужрали ҳовлидан иборат бўлган.
ХV асрнинг 30-йилларида Шоҳруҳ Мирзонинг мураббийси, ўз замонасининг кўзга кўринган илм арбоби Алайка Кўкалдош ҳокиму ҳукамо ва шариат пешволари билан келишилган ҳолда, янги шаҳар жомеъ масжидини қурдиради. Масжид тўғри бурчакли (тахминан 90х60м) режада қурилган бўлиб, ғишт ва тош устунларга таянган гумбазли, катта ҳовлидан иборат бўлган.
Масжид ҳозирги Улуғбек мадрасасининг жануби шарқ томонида қурилган. Бу масжид Мирзо Улуғбек қурдирган масжиди Муқаттаъга яқин эди. Масжид деворлари қитъа-қитъа қилинганлиги ва нақшин ёғочлардан ясалганлиги учун Муқаттаъ деб аталган.
Амир Темур мақбараси Марказий Осиё меъморчилигининг ноёб асари сифатида эътироф этилган. Мақбара қурилиши буюк Сохибқирон Амир Темур томонидан 1404 йилда бошланиб, Мирзо Улуғбек даврида тугалланган. Мақбара Самарқанднинг жанубий-ғарбий қисмида жойлашган бўлиб, XIV аср охирида Амир Темурнинг набираси Муҳаммад Султон томонидан қурилган мадраса ёнида тикланган.
Мақбара битгач, Амир Темурнинг маънавий устози Мирсайид Бараканинг жасади шу мақбарага кўчирилади ва соҳибқироннинг бош томонига дафн этилади. Баъзи ривоятларга қараганда, Амир Темур пирининг оёқ томонига дафн қилинишини васият қилган. Мақбарага Мироншоҳ Мирзо, Шоҳруҳ Мирзо, Шайх Саййид Умар, Мирзо Улуғбек ва Улуғбекнинг гўдаклигида вафот этган икки фарзанди–Абдулла ва Абдураҳмонлар ҳам дафн қилинган.
Ҳовлининг шарқ томонидаги девор ортида Муҳаммад Султон мадрасасининг қолдиқлари кўриниб туради. Чорсу ҳовлисининг атрофига икки қаватли ҳужралар қурилган. Мадрасанинг бурчакларида гумбазли дарсхоналар бўлган. Мақбара деворларига зангори, ҳаво ранг ва оқ сирли кошинлар қопланган, бу кошинлар геометрик шаклда терилиб, арабча хат битилган. Гумбаз остки қисмининг айланаси диаметри 15 м. айлана баландлиги 12,5 метрдир. Мақбара ҳилхонасидан гумбаз учигача 36 метрни ташкил этади. Гумбазда ҳаво ранг кўпроқ ишлатилгани учун бу ранг гумбазнинг эгри чизиқли қовурғаларида товланиб, қуёшда ярақлаб, гуё осмонга қадалиб туради. Гумбазнинг усти сирли кошинлар билан қопланган. Муқарнасларида ҳам шундай кошинлардан ҳажми бир-бирига мос қилиб ишланган чиройли нақшлар бор.
Мақбаранинг ташқи гумбази-ёдгорликнинг ташқи қиёфаси янада салобатли ва мақбара ичкариси мўътадил иқлимли бўлишини таъминлаш мақсадида унинг устига иккинчи гумбаз ўрнатилган.
Сафар жараёнида биз «Ургут иқтисодий зонаси» фаолияти билан ҳам
танишдик. Алоҳида таъкидлаш зарурки, мазкур минтақа бугунги кун
талаботларига жавоб бериб, бу ерда халқларимиз учун зарур бўлган
барча рўзғор буюмлари ва гегиена махсулотлари ишлаб чиқарилади.
Мазкур иқтисодий минтақанинг фаолияти таҳсинга сазовордир. Шу
ўринда мен минтақалар орасида келажакда бизнес ва иқтисодий
ҳамкорликларни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлайман.
Сафаримиз ниҳоясига етар экан, биз дўстларимиз ва касбдошларимиз
билан хайрлашмадик. Зеро, бу сафаримиз янги ҳамкорликларнинг
ибтидосидир. Бундай борди-келдилар митақада ҳамкорлик ва тажриба алмашиш, соҳадаги камчиликни бартараф этиш ва ютуқлар сари биргаликда илгарилашлар учун заминадир. Зеро, матбуот жамият кўзгусидир. Журналист эса ҳамиша замон ва халқ билан ҳамнафасдир.
Фарҳод ЖЎРАЕВ,
Тожикистон Журналистлар иттифоқи аъзоси,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси
Маҳаллаи 20, бинои Кохи матбуот, 6 ошёна
E-mail: Этот адрес электронной почты защищен от спам-ботов. У вас должен быть включен JavaScript для просмотра.
Телефон: