Х аср ӯзбек ва тожик адабиётининг бу икки забардаст вакили ӯзаро устозу шогирд, дӯсту қадрдон, ҳамкору ҳаммаслак бӯлганлари маълум. Аслида Айний ӯзбекнинг ҳам ӯз адиби. У Ғиждувон тумани Соктаре қишлоғида туғилган. Болалиги Ғиждувон ва Шофиркон туманларида ӯтган, Бухоро мадрасаларида таҳсил олган, узоқ йиллар Самарқандда яшаган. Баъзи асарларини ӯзбекча ёзган, тожик тилида ижод қилган аксар асарларини эса ӯзи ӯзбекчага ӯгирган. Бу таржимашуносликда муаллиф таржимаси деб аталади. Масалан, адиб “Қуллар” романини аввал ӯзбек тилида ёзиб, кейин уни тожик тилига таржима қилган бӯлса, “Одина” қиссасини тожикча ёзиб, ӯзбекчага ӯгирган. Ӯзбек адабиёти ривожига қӯшган салмоқли ҳиссаси давлат миқёсида эътироф этилиб, 2001 йили адибнинг Ӯзбекистон Республикасининг юксак мукофоти–“Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланиши бежиз эмас.
Ғафур Ғулом Айнийни ӯзининг устози деб билган, Самарқанд, кейинчалик эса Душанбега йӯли тушганида уни зиёрат қилмай қайтмаган, ӯз навбатида, Айний ҳам Тошкентга қачон келса, албатта, шоирнинг уйида меҳмон бӯлган. Бу суҳбатларда икки аллома кӯпинча бедилхонлик қилганлари маълум. Шунинг учун ҳам Садриддин Айний Ғафур Ғуломнинг “она тили ӯзбекча бӯлиб турган жойда, бирорта тожик билан учрашмагани ҳолда, форс тилини ӯрганиб, Фирдавсий, Хайём, Саъдий, Ҳофиз, Жомий, Бедилни ӯрганди...”, деб ӯз ҳайратини изҳор қилган эди.
Ғафур Ғулом Садриддин Айнийга бағишлаб махсус мақола ва шеърлар ёзган, бошқа мавзудаги мақола ва шеърларида уни турли сабаблар билан тилга олган, унга меҳру муҳаббати, ҳурмат-эҳтиромини ифодалаган, ижодига муносабат билдирган. Чунончи, Айнийнинг 75 йиллиги муносабати билан ёзган “Атоқли олим ва ёзувчи” мақоласида ёзади:
“Садриддин Айний асарлари ҳаётийлиги, ҳаққонийлиги билан ажралиб туради. Чунки у меҳнаткаш халқ билан бирга яшаган, турмушни чуқур ӯрганган, шунингдек, назарий жиҳатдан камолга етган талантли адибдир”.
“Садриддин Айнийнинг 80 йиллик юбилейи тантаналари иштирокчиларига” йӯллаган мактубида эса қуйидагича самимий дил сӯзларига дуч келамиз:
“Афсуски, Ӯзбекистон Фанлар академиясининг зарур топшириғи билан банд бӯлганим учун ӯз муаллимим, узоқ йиллик қадрдоним, фарзандларимизнинг азиз бобосининг бу шодиёнали тӯйига шахсан иштирок эта олмадим...
Мен шу билан фахрланаманки, устознинг менинг номимга ёзган бир талай мактублари ва менинг уйимда ёзган шеър, достонлари, фотоҳужжатлари Ӯзбекистон Фанлар академиясининг Адабиёт музейида жилоланиб туради...”
“Зӯр имтиҳон” мақоласида ӯзбек ва тожик халқларининг дӯст ва ҳамкорлиги хусусида гапирар экан, жумладан, янги тожик адабиётининг асос солувчиларидан бири Садриддин Айний ӯзбек ёш адабиётчиларини тарбиялашда ҳам қимматли ҳисса қӯшди ва шахсан менинг устозимдир”,–деб ёзади. Шоирнинг қизи Олмос ҳам: “Дадам йирик ёзувчи Садриддин Айнийни ӯзларининг устозлари деб билганлар”,–деб эслайди.
Абулқосим Лоҳутийни эслаб ёзилган “Дӯстимни эслайман” хотирасида ӯқиймиз:
“Муҳтарам устозимиз Айний ва Лоҳутий менинг уйимни ӯз уйлари деб билардилар. Уларнинг Тошкентдаги қӯноқ жойлари менинг уйим бӯлгувчи эди. Бизнинг учрашув пайтимиздаги суҳбатлар кӯпинча мушоирага айланиб кетар эди. Мушоира сӯзини бу ерда бошқача англаш керак. Биз тӯсатдан байтлар ва тӯртликлар тӯқувчилар эмас эдик. Биз равиягӯй (бир йӯналма, бир мазмунда айтилган шеърларни ӯқувчи) эдик. Бизнинг суҳбатимизда Хайём, Саъдий, Ҳофиз, Лутфий, Алишер Навоий... ҳозир бӯлар эдилар. Суҳбатларимиз бебаҳс, бемунозара ӯтмас эди, албатта”.
Тожикистонда Фанлар академияси ташкил этилиши муносабати билан таниқли тожик адиби ва олими Сотим Улуғзодага йӯллаган мактубида Садриддин Айнийни “ҳаммамизнинг устоди калонимиз ҳазрат домла”, деб лутф этади ва унинг академия Президенти этиб сайланганлигини “бу бизнинг шериклик шарафимиздир”, деб қувонади.
Садриддин Айний ижодий фаолиятининг 30 йиллигига бағишлаб 1935 йил 13 декабрда Тошкентда ӯтказилган мажлисда Ғафур Ғулом “Садриддин Айнийга” деган бадиҳа тариқасида бир шеър ёзиб, мажлис минбаридан ӯқиб беради. 1952 йили ёзилган “Самарқандлик пахтакор дӯстларимга” шеърида вилоят меҳнаткашларини пахта режасини бажаришда ортда қолаётганликлари ва бунга турли баҳоналарни рӯкач қилаётганликларини танқид қилиб ӯтар экан, улар қандай ишлашни Айнийдан ӯрганишлари кераклигига ишора этади:
Самарқанд шаҳрида яшайди Айний –
Меҳнаткаш, қаламкаш, севикли олим.
Ундан таълим олсак бӯлмасми, яъни
Саксон ёшли тинмас муаллим.
Бирор субҳидамдан дам олмай қӯймас,
Меҳнаткаш умридан минут қилмас ҳайф.
Қалин кӯзойнаклар, қорачиқ олмос,
Ҳар варақ китоби унга берар кайф...
Таниқли адиб Саид Аҳмад Ғафур Ғуломга бағишлаб ёзган хотираларида Шарқнинг бу икки забардаст сӯз санъаткорининг дӯсту қадрдонлиги, ҳамфикру ҳаммаслаклиги ҳақида маълумот беради. 1947 йилнинг февралида самарқандлик сайловчилар билан учрашувга борганларида Ғафур Ғулом ва Ҳамид Ғулом билан Садриддин Айний хонадонида ҳам меҳмон бӯлишади. Ҳаётда кӯп қийинчилик кӯриб ӯсганиданми, қаттиқлик ва камхаржликда машҳур устоднинг Ғафур Ғулом келганида очилиб-сочилиб кетиши, борини пешкаш қилибгина қолмай, йӯғини ҳам муҳайё қилиши хусусида жӯшиб ёзади: “Домланинг пулга, харжга анча пишиқроқ дейишарди. Биз кечгача домланинг уйида меҳмон бӯлдик, бу хусусиятларни сезмадик. Дастурхон ноз-неъматларга тӯлиб кетган эди”. Айний эриб кетиб, “Сиз мулло Абдуғафур, бозорнинг нишаллосидан еманг. Қаллоб улар. Сизга мен ӯзим нишалло қилиб бераман”,–дӯстига ӯз қӯли билан нишолда пиширади. Нишолда тайёрлаш асносида икки нуқтадон адиб бедилхонлик қила кетишади, баъзи сӯзларнинг келиб чиқиш тарихи хусусида фикр алмашадилар. Жумладан, ӯзбек тилидаги “нонушта” сӯзининг аслида тожикча “ношито” сӯзининг халқ тилидаги ӯзгарган ва бузилган шакли деган хулосага келадилар. Садриддин Айний тайёрлаган нишолдани еган Саид Аҳмад умрида бундай мазали нишолда емаганини эътироф этади. “Э, сиз ҳали менинг бухороча ёғли ҳалвомни емабсиз!”–дейди бунга жавобан устод ва кейинги келганларида ҳолва пишириб беришни ваъда қилади. Кейин қариб, ҳассага суяниб қолганига қарамай, ӯзи меҳмонларни Регистонни айлантиради.
Маълум бӯладики, Садриддин Айний ва Ғафур Ғуломнинг устозу шогирд, дӯсту ҳамкор сифатидаги ӯзаро муносабатларини уларнинг бир-бирларига бағишланган шеъру мақолалари, ёзган мактублари, замондошларининг эсдаликлари ва гувоҳликлари асосида ёритиш алоҳида қизиқарли тадқиқотнинг мавзуи бӯла олади. Албатта, асарларидаги ӯзаро таъсир қирраларини ҳам ӯрганиб чиқса, фойдадан холи бӯлмайди. Ғафур Ғулом Айнийни устозим, муаллимим, устози калон деб қайта-қайта ҳурмат билан тилга олар экан, асарларидан таъсирланмаган бӯлиши ва хусусан бу таъсир унинг насрий асарларида ӯз изини қолдирмаслиги мумкин эмас.
Эргаш ОЧИЛОВ,
Ӯзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ӯзбек тили,
адабиёти ва фольклори институти катта илмий ходими, филология фанлари номзоди
Маҳаллаи 20, бинои Кохи матбуот, 6 ошёна
E-mail: Этот адрес электронной почты защищен от спам-ботов. У вас должен быть включен JavaScript для просмотра.
Телефон: