Автор: Суғд Ҳақиқати Категория: Адабиёт
Дата публикации Просмотров: 498
Печать

Амир Алишер Навоий (1441-1501) ҳаёти ва ижоди талқинини унинг катта ва кичик замондошлари бӯлган тожик мумтоз олим ва шоирлари бошлаб берган. Бу фаолиятнинг илк бошловчиси Навоийнинг устози, тожик шоири ва олими Мавлоно Абдураҳмон Жомий (1414-1492) эди. Жомий ӯз асарларида Навоийнинг буюк инсоний фазилатлари ва шеърий даҳосига юксак баҳо берган. Чунончи, Жомий «Субҳат ул-аброр» («Яхшилар тасбеҳи», 1482) маснавийсида Навоийнинг хоксорлигини «фақирлик йӯлидаги комил» дея қайд этса, «Юсуф ва Зулайхо» (1483) достонида Навоий «Кунад дар шеър табъаш мӯшикофий, В-аз он мӯ нӯки килкаш шеърбофий» (Навоийнинг «шеърдаги табъи қилни қирқ ёради, у қилдан эса қалами учи шеър тӯқийди» дейди-да, шогирдининг олижаноблиги ҳақида тӯхталиб, «Бале, дар боргоҳи одамият, Жуз ӯ кам ёфт роҳи маҳрамият» («Тӯғрисини айтганда, одамийлик дунёсида унга тенглашадиган кам топилади») дея таъкидлайди. Жомий «Лайли ва Мажнун» (1484) достонида Навоийнинг дӯстликка садоқатини улуғлаб, «бар шохи вафо бувад Навоий» («ошнолик боғидаги вафо шохида Навоий туради») деса, «Хирадномаи Искандарий» («Искандар хирадномаси» ёки «Искандарнинг донишмандлик китоби», 1484) достонида Навоийнинг шеърий даҳосини таърифлаб ёзади:

 

Кечирсин форсийда гавҳар терганлар,

Дарий тилида дур, ғазна берганлар.

Бунинг тили ҳам гар бӯлганда дарий,

Мажолсиз қоларди уларнинг бари.

Навоийни яқиндан билган тожик шоири ва тазкиранависи Давлатшоҳ Самарқандий (1438-1494) ҳам «Тазкират уш-шуаро» («Шоирлар тазкираси») асарида Амир Алишер ҳаёти ва фаолияти ҳақида қимматли маълумотлар келтиради. Давлатшоҳнинг ёзишича, Навоий «дар овони жавоний зуллисонайн шуд» (Навоий ёшлик чоғиданоқ икки тил эгаси (икки тилда ёзадиган) бӯлди). Давлатшоҳ Низомий «Хамса»сига ҳеч ким Навоийчалик жавобия ёза олмаганини ҳам таъкидлаб, «алҳақ, доди маонӣ дар он достон дод» (яъни дарҳақиқат, у достон (Навоий «Хамса»си-А.А.)да маънолар балоғати ва фасоҳатининг додини берди) дейди. Давлатшоҳ ӯз тазкирасида Навоийнинг сахийлиги, ҳеч кимдан ёрдамини аямаганлиги ва ободончилик йӯлида қилган ишларини ҳам далиллар билан ёритган.

Навоий ҳаёти ва фаолияти унинг замондошлари, тожик тарихчи олимлари Мирхонд (1433-1498) ва Хондамир (1475-1535) асарларида бошқаларникига нисбатан анча кенг ёритилган. Мирхонд Амир Алишер таклифи билан ёзган «Равзат ус-сафо» («Софлик боғи») асарида «хайру эҳсон, латофат ва кӯнгил зарофати бобида Амир Алишернинг тенги йӯқ»лигини таъкидлаб, барчанинг, ҳатто подшоҳ Ҳусайн Бойқаронинг хотири ҳам ҳамма вақт унга мойил бӯлиб, турли юксак лавозимлар билан уни сийлаганлигини далиллар асосида ёритади.

Мирхонднинг невараси Хондамир эса «Хулосат ул-ахбор» («Хабарлар хулосаси») асарида Навоийнинг ватанпарварлик ва инсонпарварлик фазилатларини қайд этиб, унинг мамлакат ободлиги ва шаҳарлар гӯзаллиги йӯлида қилган ишлари, чунончи, қурган иморатлари, турли соҳалардаги истеъдодли кишиларни маънавий ва моддий жиҳатдан қӯллаб-қувватлаганлигига доир аниқ маълумотларни келтиради.

Хондамирнинг «Дастур ул-вузаро» («Вазирлар қӯлланмаси»), «Ҳабиб ус-сияр» («Дӯстлар равиши») ва «Макорим ул-ахлоқ» («Яхши хулқлар») асарларида ҳам Навоийнинг гӯзал инсоний фазилатлари, ибратли ишлари ва ижодий фаолияти борасида эҳтиром билан фикр юритилганини кӯриш мумкин. Шу жиҳатдан тарихчининг «Макорим ул-ахлоқ» асари алоҳида ажралиб туради. Ундаги муқаддима, ӯн боб (мақсад) ва хотиманинг ҳар бирида Навоийнинг турли олижаноб фазилатлари, чунончи, юксак ақл-идроки, етук илмий ва бадиий камолоти, шоир ва олимларга кӯмаги, шариат ва тариқат қоидаларига риоя қилиши, меҳрибонлиги ва раҳмдиллиги, камтарлиги ва сахийлиги, ҳозиржавоблиги ва ширинсӯзлиги аниқ ҳаётий далиллар асосида баён қилинган.

Навоийнинг кичик замондошлари, тожик мумтоз шоирлари Абдуллоҳ Ҳотифий (1453-1520), Камолиддин Биноий (1453-1512), Зайниддин Восифий (1485-1556) асарларида ҳам Навоий шахсияти, ҳаёти, шеърий даҳоси ва ижодий фаолияти ҳақида диққатга сазовор фикрлар билдирилган.

Абдуллоҳ Ҳотифий хамсанавис шоир бӯлиб, Жомийнинг жияни эди. Шунга қарамай, унинг Жомийга нисбатан, Навоийга эътиқоди баланд бӯлган. Ҳотифий ӯз «Хамса»сидаги икки достон – «Хусрав ва Ширин» ҳамда «Лайли ва Мажнун»ни Навоийга бағишлаб, уларда устозининг гӯзал фазилатлари, юксак шоирлик камолоти ва асарларининг мафтункорлигини таърифлаб, ёзади:

Дар фазлу ҳунар ягонаи даҳр,

В-аз хулқу карам фасонаи шаҳр.

Оби Хизр он қадар, ки хоҳий,

Килкаш бинамуда аз сиёҳий.

Ҳар сатр зи килки дурфишонаш,

Ҷӯест зи қулзуми баёнаш.

Маҷмӯаи назми дилфиребаш,

Баҳрест, ки даҳр дода зебаш.

(У илму ақл-ирокда даврнинг ягонаси ва комил хулқу саховатда мамлакатнинг машҳуридир. Қора қаламидан қанча хоҳласанг, ӯшанча Хизр суви (ӯлганни тирилтирадиган оби ҳаёт суви) каби ҳузурбахш асарлар яратилади. Дур сочувчи қаламидан юзага келган ҳар бир сатр ариқча бӯлса-да, маъносининг чуқурлиги денгиздекдир. Дилни мафтун этувчи шеърияти оламни безаган бир денгиздир).

Ҳотифий Навоийни машҳур араб шоири Ҳассон ибн Собит (VII аср), буюк тожик шоирлари Абулқосим Фирдавсий (934-1021), Амир Хусрав Деҳлавий (1253-1325), улуғ озарбайжон шоири Хоқоний Шервоний (1120-1298)лар билан қиёслаб, уни улардан устун қӯяди. Ҳотифий талқинича, ниҳоятда буюк шоир бӯлишига қарамай, Навоийнинг ғоятда камтарлиги, хоксорона яшаши, ҳамиша эзгуликка интилиб, ҳаммага яхшилик қилиши, «адолат мулкига меъморлик қилиб, танбаллик хонасини бузиши» ҳаммага намуна ва мафтун этувчидир.

Камолиддин Биноий ҳам Навоийга бағишлаб ёзган «Мажма ул-ғаройиб» («Ажойиб мажлис») қасидасида устози фазилатларига юксак баҳо беради. Навоийга мурожаат қилиниб ёзилган бу қасидадан Восифийнинг «Бадоеъ ул-вақоеъ» («Бадиий воқеалар») асарида келтирилган 230 мисра парчада ҳам бошдан-оёқ Амир Алишер таърифланади. Воқеан, Биноий ёзади:

На ба давлати туро касе ҳамбар,

На ба дониши туро ҳамсон.

Дар сухан бештар аз Хоқоний,

Дар ҳукумат наи кам аз хоқон…

(Сенинг давлатингга ҳам, билимингга ҳам бирор киши тенг кела олмайди. Сӯзда (асар яратишда) Хоқонийдан яхшироқсан, ҳукуматда (давлатни бошқаришда) хоқондан (подшодан) кам эмассан).

Насрда ёзилган Восифийнинг «Бадоеъ ул-вақоеъ» асарида эса Навоий сиймоси ва фаолияти янада кенг талқин этилган. Восифий она томондан ӯзига қариндош ва Навоийнинг яқин дӯсти бӯлган шоир Соҳибдоро тилидан Амир Алишернинг меҳмондӯстлиги, ҳаммага яхши муносабатда бӯлганлиги ва ҳатто унга ёмон муомаласини яширмаган вазир Маждиддин кабилар билан ҳам муроса йӯлини тутганлиги; улуғ шоирга кӯп ёмонлик қилган Амир Жаҳонгир кабиларга ҳам ҳамиша яхшилик қилиб юрганлигини далиллар билан келтиради.

Восифий Навоийнинг ахлоқий поклигини эса унинг яқин дӯсти, шоҳ ва шоир Ҳусайн Бойқаро тилидан ифодалайди: «Бу жаноб дунёга келиб, ҳаёт хилъатини кийганларидан буён этакларига шаҳват чиркини теккизмаганлар». Бу гапга ишонмаган Ҳусайн Бойқаронинг хотини Хадичабегим Навоийни синовдан ӯтказгандан кейин улуғ шоирнинг ахлоқий поклигига тӯла ишонч ҳосил қилиб, ҳам қойил қолади, ҳам ҳайратланади. Восифийнинг ёзишича, шундан сӯнг Хадичабегим ва Ҳусайн Бойқаронинг «Мир (Алишер)га бӯлган эътиқоди юз, балки минг чандон зиёда бӯлди». Восифий асарида Навоий шахсияти ва ҳаётига доир ӯндан ортиқ ҳикоятлар келтирилганки, уларда улуғ шоирнинг мафтункор, гӯзал фазилатлари далилланган.

Машҳур тарихчи Муҳаммад Ҳайдар мирзо (1499-1551)нинг тожик тилида ёзилган «Тарихи Рашидий» асарида ҳам Навоий шахсияти, ҳаёти ва ижоди талқини мавжуд. Муҳаммад Ҳайдар мирзо Навоий шахсиятига баҳо бериб, «у беҳад зукко ва заковатли киши эди» деб ёзади. Тарихчи, Навоий шахсияти билан боғлаб, унинг яшаш тарзини ҳам кӯрсатиб беради: «Гарчи у фозил ва беҳад давлатманд киши бӯлса-да, бутун қимматли ҳаётини нафсини тийиш ва хайрли ишлар билан ӯтказди».

Муҳаммад Ҳайдар мирзо Навоий фаолиятига ҳам тӯхталиб, «у қудрати етганча унга ёрдам сӯраб мурожаат қилган муҳтожларга, олиму фозилларга ҳомийлик қилди» дер экан, «ӯша пайтда Мир Алишер ҳомийлик қилмаган бирорта олиму фозил киши йӯқ эди» дея илова ҳам қилади. Тарихчилик билан бирга, ӯзи ҳам шоир бӯлган Муҳаммад Ҳайдар мирзо муқояса йӯли билан Навоий ижодини ҳам юксак баҳолайди: «У шеър илмининг устаси, унинг туркийча шеърларининг шуҳрати Мулло Жомийнинг форсча шеърлари шуҳрати билан тенг».

Тарихчининг Навоий ижодини унинг устози Жомий ижоди билан бир қаторга қӯйиши тӯғри эди. Чунки Навоий буюк шоир ва олим устози Мавлоно Абдураҳмон Жомий даражасига етган шогирдгина бӯлиб қолмай, баъзи жиҳатлар бӯйича ҳатто устозидан ӯтган шогирд ҳам эди. Воқеан, Жомий муаммо жанри ҳақида тӯртта қӯлланма ёзган бӯлишига қарамай, бу жанр бӯйича Навоий яратган «Муфрадот» («Муаммо ҳақида рисола»)га тан бериб, уни ӯғли Зиёуддин Юсуфга дарслик сифатида тақдим этганини эслашнинг ӯзи кифоядир.

Юқоридаги фикрлардан қуйидаги хулосаларга келиш мумкин:

1. Улуғ ӯзбек шоири ва мутафаккири Амир Алишер Навоий шахсияти, ҳаёти ва ижоди талқинлари унинг ӯз давриданоқ бошланган ва бу фаолиятни биринчи бӯлиб тожик олим ва шоирлари бошлаб берган.

2. Навоийга замондош бӯлган ва ундан кейинги яқин даврда яшаган тожик илму адаб аҳли Амир Алишерни ҳаётда қандай бӯлса ӯшандай тасвирлаш билан бирга, унинг ижоди ва асарларига ҳам ҳаққоний баҳо беришган.

3. Тожик мумтоз шоир ва олимларининг Навоий ҳақидаги талқинларида улуғ ӯзбек шоирига устозу шогирдликдан фахрланиш, унинг камолотида тожик адабиёти ва илми хизматига ишора қилиш ҳамда Амир Алишерни ҳам улардан ажрат-масликни исташ акс этади.

4. Талқинларда Навоийнинг улуғвор ишлари ва ӯлмас асарларини намуна қилиб кӯрсатиш, унинг шахсияти ва ижодий фаолиятини чуқур ӯрганишга даъват ҳамда унга бӯлган муҳаббат ва ворисийликни сӯндирмасликка чорлаш ҳам кӯзга ташланади.

Абдусалом АБДУҚОДИРОВ,

филология фанлари доктори,

профессор

СУРОҒА

Маҳаллаи 20, бинои Кохи матбуот, 6 ошёна

E-mail: Этот адрес электронной почты защищен от спам-ботов. У вас должен быть включен JavaScript для просмотра.

Телефон: