Сада байрами-баҳор элчиси

Автор: Суғд Ҳақиқати Категория: ВИЛОЯТ ЯНГИЛИКЛАРИ
Дата публикации Просмотров: 3897
Печать

Сада-орий халқларнинг қадимий, мавсумий байрамларидан бири бӯлиб, шамсий йил ҳисобидаги Баҳман ойининг 10-куни ёки милодий йил ҳисобига мувофиқ, 30 январнинг тугаши ва 31 январ кунининг бошланишига тӯғри келади. Сада қиш фаслининг катта чилласи, яъни, 40 кундан кейин Ялдо кечасининг кириши, Меҳр (Митра)нинг улуғворлиги ва оташ-парастлик урф-одатларига ҳурмат сифатида кутиб олинади.

Бу байрамни нишонлаш асносида, олов ёқилгани учун «Олов байрами» ҳам деб аташади. Саданинг келиб чиқиши, унинг шарҳи тӯғрисида тарихий-адабий манбаларда турли фикрлар баён этилган. Бу байрамнинг Сада деб аталишига сабаб, у «юз» рақами, тожикчада «сад» сӯзидан олинган бӯлиб, Баҳман ойининг 10-кунидан Наврӯз киргунича 50 куну 50 тунни ӯз ичига олади.

 

Абу Райҳон Берунийнинг асарларида бизнинг аждодларимиз кеча ва кундузни алоҳида ҳисоблаб, улар биргаликда 100 кеча-кундузни ташкил қилиши келтирилган. Сада байрами катта чилланинг охирида қишнинг совуқ кунлари ӯтишининг рамзи, баҳор фаслининг келаётганидан хабар олиб келади. Сада кечасида халқ, хусусан, деҳқонлар яна бир марта ёруғлик ва иссиқлик Худоси-Митра (Меҳр)ни ёдга олиб, катта гулханлар ёқиб, унинг атрофида хурсандчиликлар қилардилар. Сада бахтиёрлик, ёруғликни ифода этиб, тантанали гулхан ёқиш маросими билан олдиндан баҳор фасли, Наврӯз келаётганининг хабарини етказади.

Тарихий манбалар ва археологик қазилмалар шундан гувоҳлик берадики,тожик халқининг аждодлари ва бошқа форсий халқлар орасида тахминан 10-12 минг йил олдин, «Аирйанам Ваеҷаҳ» («Фарохнои Ориёно») текисликларида Митра (Меҳр)га сиғиниш урф-одатлари ва муқаддас олов вужудга келгандир. Кейинчалик, шунинг замирида мавсумий байрамлар Ялдо кечаси ва Сада байрами осмон буржлари, Қуёш ва бошқа осмон жисмларининг ҳаракатига қараб аниқланган.

Қадимги эронликлар Сада номини ғорда туғилган Митранинг ғордан чиқиб келиши билан боғлайдилар. Сада куни Митранинг чилладан ташқарига чиқиши билан қиёсланади.

Бу байрам орийлар давридан қолган ёдгорлик ҳисобланиб, унинг пайдо бӯлишини Ҳушанг, баъзилар Фаридун ва ҳатто Ардашери Бобаконга нисбат беришади. Жумладан, Фирдавсий «Шоҳнома» асарида Сада байрамининг келиб чиқишини оловнинг пайдо бӯлиши билан боғлайди. Унда айтилишича, Ҳушанг яқинлари билан биргаликда катта бир илонни кӯради ва унга тош отади. Илон қочиб кетади, аммо отилган тош бошқа бир тошга урилиб, учқунлар сачрайди. Учқунлар қуруқ хасу хашакка тушиб, аланга кӯтарилади. Гӯёки, ӯша пайтдан бошлаб олов пайдо бӯлган эмиш.

Сада байрами орийлар замонидан бошлаб, ғазнавийлар ва салжуқийлар салтанати ва баъзи минтақаларда мӯғуллар истилосига қадар, сарой аҳли ва халқ орасида Меҳргон, Наврӯз байрамлари қаторида нишонланган.

ХII-ХIII асрлардан кейин руҳоний ва шоҳлар томонидан, халқнинг кӯплаб қадимий анъаналари жодугарлик, бутпарастлик саналган ва Сада ҳам шундай байрамлардан бири сифатида уни нишонлаш ман этилган.

Мустақиллик шарофати билан дунёдаги бир неча мамлакатлар қаторида Сада байрами бизнинг юртимизда ҳам нишонланади.

Шу куни оммавий дам олиш масканларида ҳунармандларимиз, рассомларнинг, деҳқонларнинг меҳнат маҳсуллари кӯргазмаси ташкил этилади. Байрамда ҳунармандлар қатнашчиларга миллий либосларни тикиш, зар билан тикиш, адрас-атлас тӯқиш, қуроқчиликнинг йӯл-йӯриқларини кӯрсатишади. Олийгоҳ талабалари ва болалар «Ошиқ ӯйнаш», «Оловдан сакраш», «Арқон тортиш», «Лаппар ӯйнаш», «Ланка ӯйнаш» каби қадимий халқ ӯйинларини намойиш этишади.

Кеча Бобожон Fафуров ноҳиясининг маданият уйи ҳовлисида Сада байрами кенг нишонланди. Унда Суғд вилояти давлат ҳокимияти ижроия органи вакиллари, ноҳия раиси, шаҳарча ва жамоат раислари, бободеҳқонлар, ноҳия аҳолиси иштирокидаги байрамда қишлоқ хӯжалиги маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилди. Шунингдек, анвойи мевалар, ҳунармандчилик маҳсулотлари–кашидадӯзлик, сӯзана, атласу адрас, тикувчилик намуналари билан безатилган бир нечта чодирлар тикилди. У ерда кӯпни кӯрган отахонлар, қӯли гул чевар онахонлар, адрасу атласбофлар тӯқиган маҳсулотларини шарҳлаб беришди.

–Барча юртдошларимизни қадимий Сада байрами билан табриклайман. Қаранг, бу байрамнинг пойи қадами билан бир неча кунлик қаттиқ совуқ ҳам четга сурилиб, ҳаво илиб қолди. Бугунги ташкил этилган қишлоқ хӯжалиги маҳсулотлари ярмаркасидан мева ва сабзавотларни бозор нархидан анча арзон харид қилдик. Илоҳим, жорий йил ҳам деҳқонларимиз учун баракали йил бӯлсину халқимиз дастурхонини нозу неъматлар билан таъминлашдан чарчашмасин,-дейди биз билан суҳбатда Исписор жамоати яшовчиси М.Муродова.

Юқорида таъкидлаганимиздек, Сада халқимизнинг қадимий байрамларидан бӯлиб, бу байрамни халқ орасида «Баҳор элчиси», деб ҳам атайдилар ва баҳор байрами-Наврӯзни кутиб олишга тайёргарлик кӯрадилар.

Бихалича АҲМЕДОВА,

Малоҳат МАҲКАМОВА

психологическая помощь | как лечить простуду | крис картер секретные материалы | отзывы об отелях Бельгии и отзывы об автомобилях Citroen