Халқаро савдо ярмаркаси якунланди

Автор: Суғд Ҳақиқати Категория: ВИЛОЯТ ЯНГИЛИКЛАРИ
Дата публикации Просмотров: 3173
Печать

Хужанд шаҳрида бӯлиб ӯтган «Суғд-2018» халқаро савдо ярмаркаси жумҳуриятнинг барча минтақалари, узоқ ва яқин мамлакатлардан келган ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилар, харидорлар ва сотувчиларни бирлаштирган тантанали тадбирга айланди. Халқаро сотув ярмаркаси ташкил этилган Спорт қасрига шинам расталар ӯрнатилган бӯлиб, унга озиқ-овқат, гӯшт, сут ва консерва маҳсулотлари, қуритилган мевалар, халқ ҳунармандчилиги намуналари, қурилиш, тӯқувчилик саноати маҳсулотлари, ичимликлар, сархил мева ҳамда сабзавотлар ва бошқалар жойлаштирилган эди. Ярмаркага иштирок этганлар маҳаллий ва чет эл ишлаб чиқариш ширкатлари фаолияти билан танишиш, маҳсулот сотиб олиш ва ҳамкорлик шартномаларини имзолаш имконига эга бӯлдилар.

 

«Суғд-2018» халқаро савдо ярмаркаси доирасида ӯтказилган алоҳида мажлисларда энг муҳим масалалар иштирокчилар томонидан муҳокама қилинди. «Марказий Осиё иқтидори–янги бозорларга мева ва сабзавот етказилиши режаси: йӯналиш ва имкониятлар» мавзусидаги масала муҳокамасида иштирокчилар фаоллик кӯрсатишди. Чунки Тожикистоннинг ширин-шакар мевалари ва сабзавотларига чет эл бозорлари, хусусан, Қозоғистон ва Россия бозорларида талаб борган сари ошиб бормоқда. Шуни ҳисобга олиб, мева экспорт қилувчилар маҳсулот сифатига ва уни чиройли қадоқлашга жиддий эътибор беришлари зарур.

Суғд вилояти Қишлоқ хӯжалиги бошқармаси бошлиғи Хайрулло Бобозода «Мева ва сабзавот экспорт иқтидори» мавзусида маъруза қилди.

–Суғд вилояти Тожикистоннинг қишлоқ хӯжалик ва саноат соҳаси ривожланган минтақаларидан бири ҳисобланади. 2016 йили 2016-2020 йиллар учун Тожикистон Жумҳуриятида импортнинг ӯрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт қилишга кӯмаклашиш давлат дастури қабул қилинди. Бу дастурнинг асосий мақсади давлат ташқи иқтисодий сиёсатини татбиқ этишга, ички ва ташқи бозорларда маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатга бардошлилигини оширишга ёрдам бериш, тайёр маҳсулотларнинг экспорт ҳажмини кӯпайтириш ва умумий импорт ҳажмида маҳсулот ва истеъмол хизмат кӯрсатилиши ҳиссасини камайтиришдир. Жумҳуриятда ӯтказилган ислоҳот натижасида, вилоятда қишлоқ хӯжалиги хӯжаликлари миқдори 68 мингдан ӯтди. 2017 йили сабзавот экилган умумий майдон 16117 гектар, маҳсулот етиштириш ҳажми 437,7 минг тонна эди. Йиғиштириб олинган ҳосилнинг 53,7 минг тоннадан ортиғи умумий маблағи 2,5 миллион АҚШ доллари эвазига мамлакат ташқарисига экспорт қилинди.

Бу давлат дастурини татбиқ этиш, харидорлар билан учрашувлар, ярмарка ва намойишлар ташкил этиш Суғд вилояти қишлоқ хӯжалиги маҳсулоти етиштирувчиларнинг экспорт имкониятларининг бундан кейинги ривожи учун ёрдам беришига ишонамиз,-деди Х.Бобозода.

«Суғд вилояти туризми-қудрати ва тараққиёт нуқтаси» мавзусига бағишланган йиғилиш ҳам жуда фойдали ва диққатга молик бӯлди. Зеро, бу йил Тожикистонда «Сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йили» эълон қилинганлиги ва бу муҳим соҳаларга эътибор кундан-кунга ошиб боряпти.

Йиғилишда «Зарафшон» Туризм ривожи ассоциацияси ижроия директори Жамшид Юсупов чиқиш қилиб, беш йилдан бери ушбу ярмарка ташкил этилаётгани, у нафақат қишлоқ хӯжалиги тараққиётига, балки бошқа соҳалар, жумладан, сайёҳлик имкониятларини таништиришга ҳам ёрдам беришини таъкидлади. Тожикистонда сайёҳлик тараққиёти имкониятлари жуда катта бӯлиб, улардан оқилона фойдаланиш катта даромад келтиради.

Шунингдек, суғдлик ёшлар ӯзларининг лойиҳалари билан тадбиркорлик сари қадам ташлаётганлари қувонарлидир. «StartAp– Чойхона V» деб номланган намойиш нуқтасида ёшлар ӯзларининг бир неча бизнес-лойиҳаларини қатнашчиларга таништиришди. Уларнинг лойиҳалари ички ва ташқи таҳлилчилар томонидан юқори баҳоланди.

«Суғд» озод иқтисодий минтақаси: тараққиётнинг энг муҳим масалалари» мавзусига бағишланган йиғилишда «Суғд» озод иқтисодий минтақаси жумҳуриятда шу йӯналиш бӯйича энг яхшилардан саналиши, ички ва ташқи тадбиркорлар ҳамда сармоя ӯтказувчиларни жалб этиш учун қулай имконият ва шароитга эга эканлиги таъкидланди.

Ярмаркада иштирок этган ички ва ташқи тадбиркорлар ҳамда ширкатлар ӯртасида 30дан ортиқ шартнома ва ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Анъанага кӯра, намойишга қӯйилган мол-маҳсулот билан танишувдан сӯнг, «Йилнинг энг яхши маҳсулоти» танлови якунланди. «Суғд-2018» Халқаро савдо ярмаркасида маҳаллий ва чет элларнинг «Saxovatbroller» МЧЖ, UzKoreaTradeLTD, “Martashspesadejda» МЧЖ, “Toremedfarm» МЧЖ, “Jasmincosmetics” МЧЖ, “Xon-Qizi” МЧЖ, “Europrint Kokand” МЧЖ, “Ал-нур инвест” каби бир қатор фаол корхона ва ширкатлари сертификат билан тақдирланди.

«Артуч», «Қолинҳои Қайроққум», «Темуриён», «Суғд-аквапласт», «Арча-мебел», «Зарафшон», Маркази савдои «Баҳор», «Нур-панел» ширкатлари фахрли ӯринларни эгаллаб, Диплом соҳиби бӯлишди.

Суғд вилояти Раиси ӯринбосари Анвар Яъқубий ярмарка якунида сӯзга чиқиб, шундай деди:

–Шарқда қадимдан икки киши савдолашиб, қӯлни қӯлга бериб келишишар ва бу ҳам шартнома ҳисобланарди. Замонлар ӯтиши билан бу шартномалар қоғозга қалам билан битила бошланди ва у ҳуқуқий ҳужжатга айланди. Мен Суғд халқаро бешинчи ярмаркасига дӯст мамлакатлардан 300дан ортиқ меҳмонлар ташриф буюрганидан хурсандман. Бу йил Ӯзбекистон ҳайъати янада кӯплиги ҳамкорликларимиз ривожланганини кӯрсатади. Бизларнинг иқтисодимиз бир-бирига яқин. Қӯшни мамлакат маҳсулотларининг бозоримизга кириб келиши соғлом рақобатни юзага келтирди.

Шунингдек, Жанубий Корея, Македониядан ҳам ярмаркага тараққиёт шерикларимиз ташриф буюришди. Уларга Суғд вилояти, Хужанд шаҳри жуда маъқул келгани қувонарлидир. Ҳаммадан муҳими, дӯстлик ва тараққиёт очиқ кӯнгилларсиз ва бир-бирига бӯлган ишончсиз бӯлмаганидек, очиқ эшикларсиз ривожланиш мумкин эмаслигини айтмоқчиман. Бизнес ва тараққиёт учун ишонч энг муҳим омилдир. Агар ишонч бӯлмаса, сармоя ӯтказиш ҳам бӯлмайди. Бир-биримизга бӯлган ишонч туфайли ярмаркада кӯнгилдаги натижаларга эришдик. 2014 йилдан бери бизга йӯлдош бӯлган россиялик анъанавий дӯстларимизга миннатдорчилик билдирамиз. Бу мамлакатнинг биз билан бир неча шартномалар имзолаган тадбиркор доираларига раҳмат айтамиз. Албатта, уларнинг сармоя ӯтказиши Хужанд шаҳри ва вилоятимиз тараққиёти учун муносиб ҳисса қӯшади.

Ӯз навбатида Россия Федерацияси Савдо ва саноат палатаси вакили Михаил Ключарев суҳбат давомида ӯз фикрларини шундай билдирди:

–Мен тӯрт йилдан бери Суғд ярмаркасида иштирок этаман. Мен билан бирга Россиядан олти ширкат ташриф буюрган. Бизнинг иш кенгашимиз Россиянинг 25дан ортиқ корхонасини бирлаштирган. Уларнинг ҳаммаси Тожикистон ширкатлари билан турли йӯналишларда ҳамкорлик қилишни исташади. «Суғд-2018» ярмаркасига бир нечта диққатни жалб этувчи лойиҳалар билан келдик. Улардан бири Хужанд шаҳрида электр транспорти-троллейбус линияларини тиклашдир. Хужанд борган сари ривожланиб бормоқда ва шунга кӯра, транспортга бӯлган талаб ҳам ошиб боради. Тожикистонда арзон электр қуввати кӯп ва электр транспортини тиклаш муҳим эканлиги кӯзга ташланади. Мутахассисларимиз бу йӯналишда шаҳар раҳбарияти ва тегишли ширкатлар билан ҳамкорликни йӯлга қӯя оладилар. Шунингдек, бизнинг ҳайъатимизда мева ва сабзавотни микротӯлқин усули билан қуритиш соҳасининг етук мутахассислари ҳам бор. Мевани қайта ишлаш ширкатлари уларнинг маслаҳатларидан фойдаланишлари мумкин.

Ӯзбекистон Жумҳурияти Тошкент вилояти Савдо ва саноат палатаси вакили Дилшод Менглиев ӯзбекистонлик тадбиркорлар Душанбе ва Хужанд шаҳрида ӯтказиладиган маҳсулот сотув ярмаркаларига доимий равишда ва фаоллик билан иштирок этишларини таъкидлади.

–«Суғд-2018» халқаро савдо ярмаркасида мамлакатимизнинг 40дан ортиқ ширкати Ӯзбекистон Жумҳурияти дипломатик корпуси вакиллари бошчилигида ӯз маҳсулотларини иштиркочилар эътиборига ҳавола этишди. Бу ҳам яхши ва дӯстона алоқаларимизнинг борган сари мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради. Шубҳасиз, бу ярмарка яхши савдо майдонидир. Тӯқимачилик маҳсулотлари ва автомобил эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқариш ширкатлари, химия саноати ҳамда бошқа иқтисодий соҳалар ӯз маҳсулотларини намойишга қӯйишди. Ишончли шериклар топишга ишончимиз бор. Шунингдек, Тожикистонда қӯшма корхоналар ташкил этиш истагида бӯлган ширкатларимиз ҳам бор. Бу иқтисодий ва савдо, сайёҳлик ва маданий ҳамкорликлар тараққиёти учун замин яратади,-деди Дилшод Менглиев.

Ӯзаро дӯстлик, ҳамкорлик ва иқтисодий муносабатларни янада мустаҳкамлаш руҳида ӯтган ушбу ярмаркада ҳар томонлама фойдали шартномалар имзоланди.

Ойдин СУЛАЙМОНОВА

психологическая помощь | как лечить простуду | крис картер секретные материалы | отзывы об отелях Бельгии и отзывы об автомобилях Citroen