Мураббийсан, табиат!

Автор: Суғд Ҳақиқати Категория: Спорт ва ёшлар
Дата публикации Просмотров: 3560
Печать

Саёҳат, сайёҳ сӯзларига “Ӯзбек тилининг изоҳли луғати” (Москва “Рус тили” нашриёти 1981)да қуйидагича шарҳ берилган: “Саёҳат – дам олиш, ҳордиқ чиқариш ёки дунёни кӯриш, ӯрганиш мақсадида қилинган сафар. Дунё саёҳати. Илмий саёҳат. Туристик саёҳат.

Сайёҳ – 1. Саёҳат қилувчи; саёҳатчи.

2. Экскурсия қатнашчиси; экскурсиячи; экскурсант.

Буюк олим М.В.Ломоносов шундай деган эди: “Дунёни кӯз ёки китоб воситасида кӯриш мумкин”. Дарҳақиқат, кӯп ӯқиган кӯп билади деганларидек, кӯпни кӯрган ҳам кӯп билади. Дунё халқлари қадим-қадимдан саёҳат қилишни хуш кӯради. Сабаби ҳаммага маълум. Ӯзга юрт ҳавоси, кӯрмаган жойлар, маданий ва меъморий ёдгорликлар томошаси, дунё гӯзалликларидан баҳраманд бӯлиш, завқланиш, турфа халқлар ҳаёти билан танишиш, урф-одатларини кузатиш, саёҳат қилинган диёрнинг илм-фан аҳли билан танишиш, бу, бир тарафдан, инсонга олам-олам шодлик ато этса, иккинчи томондан, сайёҳнинг маданияти юксалади, маънавий дунёқараши бойийди. “Бирни кӯриб фикр қил, бирни кӯриб зикр қил” деганларидек, саёҳатчи ӯз сафари давомида ранг-баранг хулосалар чиқаради.

 

Тожикистон Жумҳурияти Президенти, Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси–Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмон ӯзининг Тожикистон Жумҳурияти Олий мажлисига йӯллаган Паёмида 2018 йилни мамлакатда “Сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш йили”деб эълон қилди. Қайси мамлакатга сайёҳ кӯп келса, бу ӯша мамлакатнинг хушҳаво, бой, шу юрт аҳолисининг меҳмоннавоз эканлигидан, меҳмонларга қулай шароитлар муҳайё этилганлигидан дарак беради. Бизнинг ватанимиз худди шундай мамлакатлар сирасига киради десак, ҳеч муболаға бӯлмайди. Юртимиз–тоғли ӯлка. Мен Хужанд–Душанбе йӯналишидаги табиат гӯзалликлари ҳақида фикр юритмоқчиман. Чунки пойтахтга тез-тез бориб тураман. Истаравшанга яқинлашаверган сари ҳавонинг мусаффолигидан ӯзингизни қушдек енгил ҳис қила бошлайсиз. Шаҳристонга қараб бораверсангиз, ҳақиқий эртакларда тасвирланган табиат манзаралари сизни ӯзига маҳлиё этади. Қояларнинг ӯшшайиб-ӯшшаймай туриши, яшил маликалар–арчаларнинг фусункорлиги, тӯрт унсурнинг бири–сувларнинг зилоллиги, айниқса, ширинлигини айт-майсизми?! Йӯловчи ӯзини жаннатда юргандек ҳис қилади. Ӯша ҳудудларда яшовчиларни билмадим-у, мен учун Шаҳристон–афсонавий сеҳрли ӯлка. Олий ӯқув юрти таҳсили, аниқроғи, биринчи курсдан иккинчига ӯтган йилимиз, яъни 1989 йили ёзда домла Ҳ.Мирҳайдаров раҳбарлигида бир ой халқ оғзаки ижоди намуналарини йиғиш практикасини ана шу ноҳияда ӯтказганмиз. Шаҳристонликларнинг бағрикенглиги, қӯнган хонадонимизнинг саховатпешалиги, табиатнинг мӯъжизавий кучини сезган бӯлсам ҳам, ёшлигим туфайли, шекилли, унча эътибор бермаган эканман. Чунки ёш билан ақл бир–бирига қарама-қарши тушунчалардир. Ёш ӯтган сари бутун оламга зиё тарқатувчи ой сингари ақл тӯлиб бораверар экан. Қанийди, ӯша дамларда ҳозирги ақлим бӯлганда эди! Йиллар мендан узоқлашаверган сари ӯша пайтлар, беҳиштмонанд гӯзалликлар бот-бот хаёлимга келаверади. Ӯша ерда яшайдиган курсдошларимга, одамларга ҳавасим келади. Бир умр шундай мусаффо ҳаво, дардга дармон сувлар, улкан тоғлар–уларнинг ҳамроҳи. Душанбега равона бӯлиб, шу ерга етганимда эса, юрагим бошқача ҳаприқади. Иложи бӯлса, тушиб қолсам-у, ҳаётни шу жойда давом эттирсам ёинки ҳаволаридан кӯп-кӯп захира қилиб олсам-у, тӯйиб-тӯйиб нафас олиб юрсам.

Сайр ҳам саёҳат, саргардонлик ҳам саёҳат, дейди донишмандлар.

Сайру саёҳат қилиш-менинг жони дилим. Билмайман, бу нарса дадамдан юққанми ё онамдан. Дадам жуда кӯп юртларда бӯлганлигидан, қишлоққа меҳмон келгудек бӯлса, у кишини дарров топишиб, ҳамсуҳбатликка муносиб кӯришар экан. Онам эса Наманган вилоятининг Чуст шаҳрида туғилганликлари учун Фарғона водийсини, тақдир тақозоси билан Тошкент, Душанбе шаҳарлари, Суғд вилоятининг Зафаробод, Деваштич (Ғончи) ноҳияларида яшаганлиги учун шу ҳудудларни яхши билади. Юрган–дарё, ӯтирган–бӯйрада.

Бир неча марта Шаҳристонга дам олишга ҳам бордик. Боришда бошим кӯкка етгунча хурсанд бӯлиб бораман. Маза қилиб ҳордиқ чиқариб, худдики онадан қайта туғилгандай бӯлиб, яна бу ерларга қачон келар эканман деган ӯйда ортга қайтаман. Қанчалик қийин бӯлмасин, баланд қояларга чиқиб, атрофни кузатганман. Булутлар билан, чӯққилар билан сирлашгим келган. Уларга ҳеч кимга айта олмайдиган дил изҳорларимни билдирганман. Кӯкнинг бағрида чегара билмай қанот қоқаётган қушларга ҳавас билан боққанман.

Ӯзбек адабиётининг машҳур вакили, зуллисонайн шоир Мир Алишер Навоийнинг “Лайли ва Мажнун” достонидаги қаҳрамонларнинг севги фожиаси заминида табиат ва жамият бир-бирига қарама-қарши қӯйилади. Яъники Лайлига ҳар томонлама муносиб Қайсни одамлар мажнун (телба) деб атайди. У тоғ-тошларга чиқиб кетади. Ваҳший ҳайвонлар уни ӯз паноҳига оладилар. Жамият рад этди. Табиат ӯз бағрига олди. Шу тариқа табиатнинг поклиги, беғуборлиги, мураббийлиги жамиятнинг чиркинлиги билан муқояса қилинади. Инсоният оламида шундай онлар бӯладики, ҳақиқатни айтишга истиҳола қиласиз. Айтсам тилим куяди, айтмасам дилим. Айтсангиз, ӯзингизнинг зарарингиз учун ишлаган бӯласиз, фақат бу билан чекланмай, одамлар орасида ҳам ажабтовур ҳам кӯриниб қоласиз. Инсонлар борки, яшашидан мақсад–фақат манфаат. Шуларни чӯққиларда танҳо қолиб кундаликка ёзгим келган. Тоғларнинг кӯрки–арчаларни, у ердаги ӯт-ӯланларни, гулу чечакларни жон-дилим билан суяман. Улардан тараладиган хушбӯй ҳидлар кишини сархуш қилади. Ҳамма-ҳаммаси, умуман, табиат тугаб бораётган куч-қувватимни, ирода-иймонимни қайта бахш этгандек ҳис этаман ӯзимни. Лекин баъзи кимсаларнинг ҳатти-ҳаракатларига ҳайрон ҳам қолганман. Уларнинг дам олишга боришдан мақсадлари фақат овқатланишми-ей ёки айрим эркаклар жойларидан жилмай тӯйганларича оқидан отишадими-ей. Ёки чӯққиларга чиқишга қийналишармикин?!

Бу йилдан умидим жуда катта. Юқорида қайд этганларимнинг мушкулини осон қилиш ва хорижий сайёҳларни ҳам Ватанимизнинг шундай оромбахш гӯшаларига жалб этиш мақсадида замонавий дам олиш масканлари, унда тоғ чӯққиларига олиб чиқадиган эскалаторлар, бир тоғдан иккинчи тоққа олиб ӯтувчи канат йӯллари, ундаги электр мосламалардан фойдаланишни, авиақат-новлар, тезюрар электр поездлари юртимнинг сӯлим жойларига олиб боришини орзу қиламан. Мавжуд дам олиш бинолари анча таъмирталаб ва жаҳон стандартлари даражасида эмас. Ҳамма-ҳаммаси мутасаддилар томонидан кӯриб чиқилиб, қайта қурилса, сайёҳлик ишларига маъсул кишилар туризми ривожланган мамлакатларга бориб, уларнинг иш тажрибасини ӯрганиб, ӯзимизга татбиқ этсалар, Ватанимизнинг чет эллардаги вакиллари–элчи жанобларимиз реклама ишларини кӯнгилдагидек олиб борсалар, хорижлик сайёҳлар ҳам бизнинг юртимиз гӯзалликларидан баҳраманд шоҳиди бӯлар эдилар. От ва туяларда сайр қилиш ҳам йӯлга қӯйилса, нур устига нур бӯларди.

Муаззам ОЙМАТОВА

психологическая помощь | как лечить простуду | крис картер секретные материалы | отзывы об отелях Бельгии и отзывы об автомобилях Citroen