ТОЖИКИСТОН-ҚИРҒИЗИСТОН ЧЕГАРА МУНОЗАРАЛАРИ. АСЛИДА ТАЖОВУЗКОР КИМ?

Автор: Суғд Ҳақиқати Категория: Миллий хавфсизлик
Дата публикации Просмотров: 3401
Печать

  (Тожикистон Республикасининг Қирғизистон Республикаси билан чегара баҳсидаги мавқеининг моҳияти ва ҳуқуқий асослари ҳақида эксперт шарҳи) *** Тожикистон қонуний ерларининг қанча майдони айни пайтда Қирғизистонда турибди? 145 000 гектарми, 211 гектарми ёки 420 000 гектар? Тожикистон Қирғизистон билан чегара баҳсида қандай ҳуқуқий асосли ҳужжатларга таянмоқда? «1924-1932 йиллар ҳужжатлари» нимани англатади ва айнан нима учун улар ягона асос ҳисобланади? «1958-59 йиллар ҳужжатлари» нимани англатади ва «1989 йил ҳужжатлари»нинг моҳияти нимада? Қирғизистон томонининг далили ва уларнинг ҳуқуқий аҳамияти қандай? СССР Конституцияси иттифоқдош республикалар ўртасидаги чегараларни қандай тақсимлаган эди? Тожикистон ерлари қайси материаллар асосида Қирғизистон фойдаланишида турибди? Айнан қайси ҳудудлар «баҳсли ҳудудлар»ни ўз ичига қамраб олган? Қуйида Тожикистон Республикасининг Қирғизистон билан чегара баҳсидаги мавқеининг ҳуқуқий асослари ҳақида қўйилган саволларга батафсил жавоблар келтирилади. *** Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги қарийб юз йилдан буён давом этаётган чегара баҳси сўнгги йилларда мураккаб ва кескин хусусиятга эга бўлди. Томонлар мавқеи ва мурожаатларини ўрганиш, муаммони келтириб чиқарувчи сиёсий ва ахборот жараёнларини баҳолаш бу масала, нафақат, тартибга солиш босқичида тургани, балки кескинликни кўпайтириш жараёнида эканини кўрсатмоқда. Давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг мунозарани ҳал этишга воситачилик қилишга қўшилишлари УНИНГ МАҲАЛЛИЙ МАСАЛАДАН МИНТАҚАВИЙ ВА ХАЛҚАРО МУНОЗАРАГА АЙЛАНИШИ ИМКОНИЯТИНИ ЯНАДА ОШИРДИ. Собиқ Иттифоқ ҳудудида миллатлараро мунозараларни ҳал этиш тажрибаси аксар ҳолатларда шарқий ва ғарбий «воситачилар»нинг пайдо бўлиши бундай инқирозларнинг янада кенг миқёсда ва давомли бўлишига олиб келишини кўрсатади. Гарчи Тожикистон барча даража ва босқичларда муаммони тинч йўл билан ҳал этиш тарафдори эканлигини айтса-да, ушбу жараён истиқболлари давлатимиз ва жамиятимиз янада мураккаброқ вазиятга тайёр бўлиб туриши кераклигидан дарак бермоқда. Бундай прогноз ва истиқболлар билан жиддий сиёсий, ҳарбий ва ахборот тайёргарлиги қаторида, жамият турли қатламлари томонидан масала моҳияти, Тожикистон Республикасининг асил мавқеи ва манфаатларини англаб етиш энг муҳим эҳтиёжлардан бири саналади. Ахборот муҳити мониторинги ва аҳоли вакиллари билан мунтазам алоқалар аксарият фуқаролар юксак ватанпарварлик туйғусига эгалиги ва ўз мамлакати ҳудудини ҳимоя қилишга тайёр эканликлари, аммо қарама-қаршиликлар моҳияти, давлатлараро чегаралар билан боғлиқ мунозарали ҳолат пайдо бўлишининг сабаблари ва Тожикистон Республикасининг мазкур масала бўйича мавқеи ҳақида ишончли маълумотга эга эмасликларини кўрсатмоқда. Шуни ҳисобга олган ҳолда, жамиятнинг бу йўналишдаги хабардорлигини оширишга ёрдамлашиш мақсадида, Тожикистон томонидан ўз мавқеини асослаш учун берилган, қарама-қаршиликлар, далиллар, фактлар, ҳужжатлар ва хариталарга эга бўлган тарихий ва ҳуқуқий асосларнинг диққат билан қилинган таҳлили тақдим этилади (мазкур муаммонинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, маънавий ва географик қирралари муаллиф томонидан бошқа мақолаларда кўриб чиқилган). Шубҳасиз, шу пайтгача баъзи маҳаллий тадқиқотчилар, жумладан, ҳуқуқшунос Маҳмуд Абдуллоев томонидан Тожикистон мавқеини ҳуқуқий тушунтиришга эътибор қаратилган эди. Унинг материалларида қимматли ахборотлар ва бу борада турли фикрлар келтирилган. Бироқ, бизнинг тарихий ҳужжатларга асосланган мақоламизнинг асосий мақсади Тожикистон томонининг долзарб масала бўйича мавқеи ҳақида тўлиқ тасаввурни шакллантиришдан иборат. *** 1. ТОЖИКИСТОН ВА ҚИРҒИЗИСТОН ЎРТАСИДА ЧЕГАРА БАҲСИНИНГ САБАБЛАРИНИ ТУШУНТИРИШ Икки қўшни давлат ўртасидаги чегара мунозараларининг моҳияти шундаки, чегараларни белгиловчи расмий ҳужжатларга биноан, бугун Тожикистон Республикаси қонуний ҳудудининг 211 000 гектар ер участкаси Қирғизистон Республикасида турибди. 2022 йилнинг 23 сентябрида Тожикистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқида шундай маълумотлар айтиб ўтилди. Расмий маълумотларга кўра, бу ерлар «баҳсли участкалар» сифатида тилга олиниб, Бобожон Ғафуров ноҳияси (асосан, Хистеварз (Қистакўз) жамоати)нинг 84 000 гектар, Тоғли Мастчоҳ ноҳиясида (Андарак ўрмон ҳудуди) 66 000 гектар, Исфара ҳудудида (Сурх, Лаккон, Чилгази, Шаҳрак, Чоркўҳ ва Ворух жамоатлари) 61 000 гектарни эгаллайди. Шунингдек, Жаббор Расулов ва Спитамен ноҳияларида баъзи унчалик катта бўлмаган участкаларни эгаллайди (харита №14). 211 000 гектар ёки 2 110 квадрат километр ернинг миқёси ва географик кенглигини аниқ тасаввур этиш учун бу тахминан Исфара, Конибодом, Хўжанд шаҳарларининг умумий майдони ёки янги маъмурий бирликлари билан ДУШАНБЕ ШАҲРИНИНГ бир неча ҳудудларига тенг эканлигини қайд қиламиз. Яъни, мана шундай катта ҳудуд ҳақида гап кетаяпти! Агар бошқа давлатлар билан таққослайдиган бўлсак, Қирғизистон Республикаси томонидан ўзлаштирилган ерлар Люксембург майдонига тенг, Сингапур ёки Баҳрейн ҳудудидан қарийб икки баравар кўп. Тожикистоннинг қонуний ҳудуди ҳисобланган ушбу ерлар Қирғизистон томонидан сўнгги 90 йилда турли усуллар билан ўзлаштирилган ва айни пайтда фаол фойдаланилмоқда. Мазкур участкалар Тожикистон ҳудудига кирганлиги ҳақидаги маълумотлар Шўролар даврида ҳам маълум эди. Шу сабабли, бу ерда вақти-вақти билан маъмурий ва маиший баҳслар вужудга келарди. Бироқ 1991 йилгача иккала республика ҳам Шўролар Иттифоқи таркибида бўлгани учун ички чегаралар давлатлараро ҳисобланмас, уларни қайта кўриб чиқиш ҳақидаги ҳуқуқий баҳслар долзарб эмасди. Давлат мустақиллигига эришилгач, чегара чизиқларининг ҳуқуқий ва сиёсий мақоми буткул ўзгариб, икки мустақил давлат ўртасида чегараларни якуний тарзда ҳуқуқий расмийлаштириш зарурати юзага чиқди. Шунинг учун, Тожикистон давлатлар ўртасида чегаравий тақсимотни белгиловчи расмий ҳужжатлар асосида ўз давлат чегараларини аниқлаштирди ва ҚИРҒИЗИСТОНДАН ЎЗ ЕРЛАРИНИ ҚАЙТАРИБ БЕРИШИНИ ТАЛАБ ҚИЛМОҚДА. Умуман, бугунги кунда Тожикистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасида мазкур масала бўйича 200дан зиёд турли даражадаги учрашув ва сўзлашувлар ўтказилиб, Тожикистон-Қирғизистон давлат чегарасининг 606,79 километр умумий узунликдаги чизиқлари ўтишининг лойиҳавий тавсифи тайёрланган. Бу қарийб 62 фоизни ташкил қилади. Бироқ, Қирғизистон томони эришилган келишувларни имзолаш ва расмийлаштиришни ортга сурмоқда. Тожикистоннинг уларни имзолашга тайёрлиги Тожикистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 апрелда Исфара шаҳри Ворух жамоати аҳолиси билан учрашувидаги нутқида айтиб ўтилган эди. (харита №15). Чегара чизиқларининг қолган (39 фоиз) қисмида мураккаб ва ноаниқ вазият сақланиб қолмоқда. Бу ҳудудларда мунтазам аҳоли ўртасида маиший масалалар, ичимлик ва суғориш сувидан фойдаланиш, турар жой участкалари ва қишлоқ хўжалиги экинлари, табиий захиралар ва қабристон бўйича низолар юз бериб, баъзан қон тўкилишигача бориб етади. Сўнгги йилларда имзоланган аниқ чегара участкалари ва иншоотлари мақоми ва фойдаланиш тўғрисидаги икки томонлама келишувга риоя этмаслик вазиятни мураккаблаштириб, уни янада беқарор қилмоқда. 2021 йили Қирғизистоннинг 2009 йилдаги ер ижараси тўғрисидаги шартномадан чиққанлиги яна бир мисол бўлиб, бу ўзаро ишончга путур етказмоқда. Бундан ташқари, 1999 йили Қирғизистон томони янги Боткен вилоятини таъсис этган бўлиб, «баҳсли ҳудудлар»нинг катта қисмини қамраб олади. «Боткен вилоятининг алоҳида мавқеи тўғрисида» (2021 йилнинг 10 сентябридан 113-рақамли) қонуннинг қабул қилиниши билан мазкур ҳудуд ўзига хос ҳарбий-мудофаа районига айланиб, чегара чизиғидаги маиший ва ижтимоий мунозараларга ҳарбий-сиёсий тус беради. Қонуннинг 14-моддаси бу минтақада (яъни, Тожикистоннинг қонуний ерларида) қирғиз аҳолиси ва аҳоли яшаш нуқталари сони турли иқтисодий ва ижтимоий имтиёзларни бериш орқали мақсадли равишда ошириб борилишини назарда тутади. Қирғизистон Республикасининг 2022 йил 20 октябрда қабул қилган янги қонуни эса, ушбу шаҳарчалар аҳолисини умумий қуроллантиришни назарда тутади. Бундай вазиятлар муаммолар ҳал этилишига ҳисса қўшиш ўрнига, оддий ҳодисаларнинг навбатдаги кенг миқёсли қуролли мунозарага айланиб кетиши эҳтимолини оширади. Икки қўшни давлат ўртасидаги чегара баҳсининг асосий моҳияти ҳам шунда. 2. «ДАВЛАТЛАРАРО ЧЕГАРАЛАРНИ БЕЛГИЛОВЧИ РАСМИЙ ҲУЖЖАТ» НИМА? Тожикистон ва Қирғизистон ўртасида чегара муаммосида вужудга келган қарама-қарши масалалардан бири – бу ҳужжатлар ҳақидаги баҳслар. Ушбу масаланинг аҳамияти шундаки, айнан, ҳужжатлар сўзлашувлар ЙЎНАЛИШИНИ АНИҚЛАШТИРИШ, томонларга ўз мавқеининг асослилиги ва қатъиятлилигини белгилаш имконини беради. Айнан ҳужжатлар тарихий ҳақиқатни аниқлаш, келишув ва аниқ хулосаларга келишга имкон яратади. Яъни, «тасдиқловчи ҳужжат»сиз самарали сўзлашувлар олиб бориш ва адолатни тиклаш имконсиздир. Бироқ бугунги жараён томонларда ҳужжатлардан фойдаланиш масаласи бўйича катта қарама-қаршиликлар мавжудлигини кўрсатмоқда. Шунинг учун, «тасдиқловчи ҳужжат» ёки икки мамлакат ўртасида давлат чегарасини белгиловчи расмий-ҳуқуқий материалларни танлаш делимитация ва демаркация жараёнини тартибга солишда энг муҳим нуқталардан саналади. Етарлича тарихий ва ҳужжатли-ҳуқуқий асосга эга бўлган Тожикистон мавқеига биноан, ЧЕГАРАНИ БЕЛГИЛАШ МАСАЛАСИДА ДАВЛАТЛАРАРО ДАРАЖАДА БАРЧА РАСМИЙ ТАСДИҚЛАШ ЖАРАЁНИДАН ЎТГАН ҲУЖЖАТГИНА «ИККИ ДАВЛАТ ЎРТАСИДА ДАВЛАТ ЧЕГАРАСИНИ БЕЛГИЛОВЧИ ҲУЖЖАТ» САНАЛАДИ. Яъни, турли йилларда алоҳида шахслар, ҳамжамиятлар, хўжаликлар, шаҳарлар, ноҳиялар, комиссиялар ва ҳоказолар томонидан ердан вақтинча ёки доимий фойдаланиш ҳақида тузилган, давлат ва давлатлараро тасдиқлаш жараёнидан ўтмаган ҳужжатлар ЭЪТИРОФ ЭТИЛИШИ ВА «ДАВЛАТ ЧЕГАРАСИНИ БЕЛГИЛОВЧИ ҲУЖЖАТ» СИФАТИДА ХИЗМАТ ҚИЛИШИ МУМКИН ЭМАС. БИР ТОМОНЛАМА ТАРТИБДА қабул қилинган, бироқ иккала давлат зарур жараёнларидан ўтмаган расмий ҳужжатлар давлатлараро чегараларни белгилаш учун асос сифатида хизмат қила олмайди. Бу – Тожикистон томонининг ҳуқуқий асосланган, қатъий ва ақл-идрокка асосланган мавқеи. Тожикистон қатъиятининг амалий зарурати Қирғизистон фойдаланаётган «баҳсли ерлар»нинг катта қисми (ўша 211 000 гектар) сўнгги 90 йил мобайнида оддий фуқаролар ёки маҳаллий мансабдор шахсларнинг ўзаро ҳаракатлари (1), колхозлар ва совхозлар ўртасида ер захираларини алмашиш (2), жамоатлар, районлар ва вилоятлар раҳбарларининг оғзаки келишувлари (3), соҳа вазирликлари ва идораларининг қарорлари (4), ер олди-сотдиси (5), қўшма комиссиялар протоколлари (6), расмий идоралараро ёки давлатлараро ижара (7) ва ҳоказо ҳужжатлар орқали ижарага берилганига асосланган. Яъни, бу ерлар қирғизларга турли даражада ваколатли бўлмаган жисмоний ва ҳуқуқий шахслар томонидан берилган. Ер ҳудудидан фойдаланиш тўғрисидаги баъзи маъмурий ва маҳаллий ҳужжатлар Қирғизистон томонининг бу баҳсдаги «далил»ларидан бири саналади. Бироқ жисмоний шахслар, фермер хўжаликлари, ноҳиялар ва ердан фойдаланиш бошқармалари ўртасида имзоланган ушбу ҳужжатларнинг бирортаси Шўролар даврида ҳам, давлат мустақиллигига эришилганидан кейин ҳам зарур ҳуқуқий жараёнлардан ўтмагани Тожикистон мавқеининг устун жиҳатидир. Яъни, ТОЖИКИСТОН ВА ҚИРҒИЗИСТОН ЎРТАСИДА ДАВЛАТ ЧЕГАРАСИНИ БЕЛГИЛОВЧИ РАСМИЙ ҲУЖЖАТ СИФАТИДА ТАН ОЛИНМАГАН. Шунинг учун, гарчи бундай материаллар ер қурилиши, участкалардан вақтинча фойдаланишга асосланган бўлса-да, бироқ улардан бирортаси ҳам давлатлараро ҳужжатнинг ҳуқуқий кучига эга эмас. Демак, улардан чегараларни ўзгартириш ва белгилаш учун асос сифатида фойдаланиб бўлмайди. Тожикистоннинг «тасдиқловчи ҳужжатлар» масалалари бўйича мавқеининг моҳияти шунда. Бироқ Қирғизистон томони масаланинг бундай қўйилиши ёки ушбу ҳақиқатни тан олишдан манфаатдор эмас. Чунки муаммога, айнан, ҳуқуқий нуқтаи назардан қараш ушбу ерлар тўлиқ Тожикистонга тегишли эканлигини исботлайди. Шу тарзда, Қирғизистон томони хўжаликлар ўртасида ер алмашиш (1), ердан вақтинча фойдаланиш (2) ёки ташкилотлар таъсис этиш (3) билан боғлиқ турли даврлардаги ҳар хил кўринишдаги ҳужжатларни асос сифатида тақдим этмоқда. Бунинг устига, Қирғизистон Тожикистон ҳисобидан қўлга киритган ерларга ҳуқуқий асос беришга ҳаракат қилмоқда. Қарама-қаршилик шунга асосланган: Биринчидан, ушбу ҳужжатларнинг бирортаси ҳам икки мамлакат ўртасида давлат чегарасини белгиловчи расмий ҳужжат мақомига эга эмас. Иккинчидан, агар Тожикистон бундай «асослаш» ёки масалани ҳал этиш усулига рози бўлса, «баҳсли ерлар»нинг катта қисми Қирғизистонга ўтади. Бундай ҳолат тарихий ҳақиқатга ҳам, ҳуқуқий асосга ҳам, Тожикистоннинг миллий манфаатларига ҳам тўғри келмайди. Икки мамлакат ўртасида ҳужжатлар ва ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлардан фойдаланиш тўғрисидаги баҳсларнинг моҳияти шу билан боғлиқ. 3. СССР КОНСТИТУЦИЯСИ РЕСПУБЛИКАЛАР ЎРТАСИДАГИ ЧЕГАРАЛАРНИ ҚАНДАЙ БЕЛГИЛАГАН ЭДИ? Чегараларни белгиловчи ҳужжатларни давлат томонидан эътироф этилишининг ҳуқуқий асоси шундаки, улар СССР Конституцияси моддалари доирасида қабул қилинган ва тасдиқланган бўлиши керак. Чунки Иттифоқ таркибига кирувчи республикалар давлат чегараларини ўзгартириш учун СССР Конституцияси дастлаб ушбу республикалар розилигини, сўнгра Шўролар олий давлат ҳокимияти тегишли қарори қабул қилинишини талаб қиларди. Фақат шу ҳолатда ҳужжат республикалар ўртасида чегарани белгиловчи расмий ҳужжат мақомини олиши мумкин эди. Бундай талаб СССРнинг 1924, 1936 ва 1977 йилларда қабул қилинган барча конституцияларида ўз аксини топган бўлиб, бу унинг муҳимлигини кўрсатади. Хусусан, Шўролар Иттифоқининг 1924 йилнинг 31 январида қабул қилинган Конституциясида республикалар ўртасида чегараларни ўзгартиришни тартибга солиш фақат ушбу давлат ваколатига тааллуқли бўлиб, «ИТТИФОҚДОШ РЕСПУБЛИКАЛАР РОЗИЛИГИСИЗ УЛАРНИНГ ЧЕГАРАЛАРИ ЎЗГАРТИРИЛИШИ МУМКИН ЭМАСЛИГИ» белгилаб қўйилган эди. СССРнинг 1936 йил 5 декабрда қабул қилинган Конституцияси 14-моддаси «д» банди ҳам республикалар чегараларини ўзгартириш ва тасдиқлаш тўғрисидаги масалани Шўролар Иттифоқи ваколатига киритган. Унинг 18-моддасида аниқ кўрсатилган: «ИТТИФОҚДОШ РЕСПУБЛИКАЛАР ЎЗЛАРИНИНГ КЕЛИШУВИСИЗ УЛАРНИНГ ЧЕГАРАЛАРИ ЎЗГАРТИРИЛИШИ МУМКИН ЭМАС». СССРнинг 1977 йил 7 октябрда қабул қилинган Конституциясининг 73-моддаси 2-бандига биноан, ушбу давлат таркибидаги республикалар чегараларини ўзгартириш ва тасдиқлаш тўғрисидаги масала ҳам фақат Шўролар Иттифоқи ваколатига кирган. 78-модда республикалар ўртасидаги чегара фақат ушбу республикалар розилиги билан ўзгартирилиши ва СССР ваколатли органлари томонидан тасдиқланиши мумкинлигини кафолатлаган. Ўз чегараларини ўзгартиришга республикаларнинг қатъий розиликлари тўғрисидаги мана шундай қаттиқ талаб Тожикистон ССР Конституциясига ҳам киритилган эди. Хусусан, Тожикистон ССРнинг 1929 йилдаги Конституцияси 2-моддаси Тожикистон ССР ҳудуди унинг розилигисиз ўзгартирилиши мумкин эмаслигини белгилайди. Тожикистон ССРнинг 1931 йил (29-модда), 1937 ва 1978 йиллар (15-модда)даги Конституциялари ҳам Тожикистон розилигисиз давлат чегараларини ўзгартириш имконсиз эканлигини белгилаб қўйган. Республикалар чегараларини ўзгартириш тартиби ҳақида мана шундай талаблар Қирғизистон ССРнинг Конституциясида ҳам бор эди. Республика чегараларини ўзгартиришнинг шундай тартиби Қирғизистон ССР Конституциясига ҳам киритилган эди. Шу тарзда, Шўролар даврида республикалар ўртасида чегараларни ўзгартириш ва белгилашга қуйидаги талаблар мавжуд эди: 1. Республикалар ҳокимияти олий органлари тегишли қарорлари қабул қилиниши (ҳар томондан алоҳида тарзда); 2. Чегараларни ўзгартириш тўғрисидаги қарорни томонлар келишуви билан қабул қилиш; 3. Республикалар қарорларини СССР давлат ҳокимияти олий органи томонидан, яъни Шўролар Иттифоқининг олий қонунчилик органи қарори билан тасдиқлаш. Ушбу конституцион ҳужжатларни ҳисобга олсак, Тожикистон ва Қирғизистон мавжудлигининг бутун даврида фақат 1924-1927 ва 1932 йиллардаги миллий-ҳудудий бўлиниш тўғрисидаги ҳужжатлар барча зарур жараёнлардан ўтган. Ва фақат ушбу ҳужжатлардан ҳуқуқий нуқтаи назардан давлат чегарасини белгиловчи сифатида фойдаланилиши мумкин. 4. ТОЖИКИСТОН ТОМОНИНИНГ ТАСДИҚЛОВЧИ ҲУЖЖАТЛАРИ, УЛАРНИНГ ҲУҚУҚИЙ МАВҚЕИ Қирғизистон Республикаси билан чегара бўйича сўзлашувларда Тожикистон томони фақат давлатлараро жараёнларнинг барча босқичларидан ўтган ва икки мамлакат ўртасида чегараларни белгиловчи сифатида эътироф этилган ҳужжатларга таянади. Шунинг учун, Тожикистон «1924-1927, 1932 ва 1936 йиллар ҲУЖЖАТЛАРИ»га таянади. Бунинг асоси ва зарурати қуйидагича: 1. «1924-1927, 1932 ва 1936 йиллар ҳужжатлари» Тожикистон ва Қирғизистон ўртасида давлат чегаралари расман тасдиқланган ҳужжатларнинг ягона пакети ҳисобланади. 2. Кўрсатилган ҳужжатлар СССР таркибида республикалар ўртасида чегараларни аниқлаш бўйича барча белгиланган конституцион республика ичкариси ва давлат жараёни ва ҳуқуқий расмийлаштиришган тўлиқ ўтган ягона ҳужжатлар ҳисобланади. 3. Шўролар Иттифоқи даврида ҳамда Тожикистон ва Қирғизистон давлат мустақиллигини қўлга киритганидан кейин, яъни 1932 йилдан шу пайтгача ушбу икки давлат ўртасида давлат чегарасини аниқловчи бирорта ҳужжат давлатлараро, республика ва СССР давлат даражасида белгиланган тартибда қабул қилинмаган. 4. Агар Ўрта Осиё республикалари учун таъсисий ҳужжат ҳисобланган 1924-1927 йиллар ҳужжатлари инкор қилинса, ЧЕГАРАЛАР ҲОЛАТИ АМАЛИЙ ТАРЗДА ШЎРОЛАР ИТТИФОҚИ ТАШКИЛ ЭТИЛГУНГА ҚАДАР БЎЛГАН ТАРИХИЙ ҲОЛАТГА ҚАЙТАДИ. Яъни, унда гап Бухоро амирлиги ва Россия қироллиги, ундан ҳам ўтиб, Хива ва Қўқон хонликлари чегаралари ҳақида кетиши мумкин. Бундай ҳолатда, иккала томон чегара бўйича сўзлашувлар аҳамиятини йўқотиб, жараённинг бориши тўлиқ ўзгаради. Шу тарзда, Тожикистон диққат қаратаётган «1924-1927 ва 1932 йиллар ҳужжатлари» икки қўшни давлат ўртасида давлат чегарасини аниқлашда ягона зарурий ва ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. УШБУ ҲУЖЖАТЛАРНИНГ МОҲИЯТИ НИМАДА? «1924-1927 ва 1932 йиллар ҳужжатлари» деганда Ўрта Осиёнинг 1924-1927 йиллардаги миллий-ҳудудий чегаралари ва уларнинг якуний тасдиқланиши ҳақидаги ҳужжатлар назарда тутилади. Маълумки, Қирғизистон Республикаси 1927 йилнинг 15 апрелигача мухтор вилоят, 1936 йилнинг 5 декабригача мухтор республика сифатида РСФСР (Россия Шўролар Федератив Социалистик Республикаси) таркибига кирарди. Шунинг учун, иттифоқдош республика мақомини олишда (1936 йили) бу республика 1924-1927 ва 1932 йилларда тасдиқланган чегараларда шаклланган эди (Харита №6). Тарихий-архив материалларни диққат билан ўрганишнинг кўрсатишича, 1924 йилнинг 24 ноябрида миллий-маъмурий тақсимот ва янги республикаларни ташкил этиш режасини татбиқ этиш мақсадида, «Ўрта Осиё бартараф этувчи комитети» ташкил этилган бўлиб, у 1925 йилнинг 17 мартигача техник ва уларни тақсимлаш бўйича ҳужжатларни тайёрлаш ишларини тугатди. Шунга асосланган ҳолда, 1925 йилнинг 29 сентябрида таркибига Тожикистон мухтор республика сифатида кирган Ўзбекистон ССР МИК Президиуми Ўзбекистон ССР ва Қирғизистон «Қорақирғизистон мухтор вилояти» сифатида таркибига кирган РСФСР ўртасидаги давлат чегарасини тасдиқлади. 1925 йилнинг 9 ноябрида МИК Президиуми РСФСР ва Ўзбекистон ССР ўртасидаги чегарани комитет томонидан кўрсатилган ҳудудларда эътироф этди ва тасдиқлади. Шу тарзда, 1924 йил тақсимоти барча белгиланган жараёнлардан ўтди ва улар географик жойлашувини мустаҳкамлаган ҳолда, қонуний кучга эга бўлди (Харита №13). Яъни, Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара улар Ўзбекистон ва РСФСР таркибида мухтор бирликлар сиифатида мавжуд бўлган даврдаёқ расмийлаштирилган эди. Хўжанд ҳудудидаги чегаранинг бир қисми 1929 йили Ўзбекистон таркибидан чиққан даврда расмийлаштирилган. Бу жараёнда РСФСР ва Ўзбекистон чегаралари ўзгармаган (Хариталар №16, 18, 17). Мурғоб минтақасига доир қарор ҳам Ўрта Осиё республикаларини ташкил этиш жараёнида якуний тасдиқланган. Тоғли Бадахшон мухтор вилоятини ташкил этиш билан бир қаторида, ушбу ноҳия 1925 йилнинг 2 январидан Тожикистон таркибига киради. Қирғизистонлик баъзи экспертларнинг: «Агар биз 1924-1929 йиллар ҳужжатларига таянадиган бўлсак, унда Мурғоб Қирғизистон ҳудудининг бир қисми ҳисобланади», - деган гаплари мутлақо асоссиз саналади. Аксинча, айнан кўрсатилган ҳужжатларга мувофиқ, Мурғоб Тожикистон Республикасининг таркибий қисмига айланди ва чегаранинг бу қисми республика ва СССР олий қонунчилик органи даражасида тегишли жараёнлардан ўтди. Мурғоб билан боғлиқ масала, «1924-1927 йиллар ҳужжатлари»га мувофиқ, якуний тарзда ҳал қилинган. Тожикистон АССРнинг 1929 йили Ўзбекистон ССР таркибидан чиқишида Помир Тожикистон ССР таркибидаги Тоғли Бадахшон мухтор вилоятига айлантирилди. Кейинчалик, 1936 йил Конституциясида ҳам ТБМВ Тожикистон Шўролар Социалистик Республикасига кириши кўрсатилган. (Харита №19). Шу тарзда, Помир (ТБМВ) қисмининг Тожикистонга тааллуқли эканлиги конституцион қоидалар асосида ҳал этилган ва тақсимлаш предмети бўла олмайди. Муҳим фурсат шуки, 1925 йили республикалар чегаралари тасдиқлангани ҳамоно Қирғизистон томони (РСФСР таркибида) Сулюкта ва Исфарадаги чегараларга қарши норозилик билдирди. Ушбу масала кўриб чиқилиши натижасида, СССР олий қонунчилик органи қарори билагн Сулюкта РСФСР (Қирғизистон) таркибига кирди, Исфара эса Тожикистон ҳам бир қисми бўлган Ўзбекистон ССР таркибида қолди. Яъни, Исфара (Ворухгача ерларни қамраб олиш билан) Тожикистоннинг бир қисми бўлиб қолди. (Харита №20). Томонлар розилиги билан эришилган мана шундай қўшма қарор 1927 йилнинг 4 майида СССР МИК томонидан якуний тарзда тасдиқланган. (Харита №3). Мазкур қарор Ўзбекистон ССРнинг 1927 йил 23 майидаги МИК Президиуми ва Қирғизистон АССРнинг 1927 йил 7 июндаги МИК Президиуми томонидан маълумот сифатида қабул қилинган (№27). Тегишли қарор Ворух 3,5 минг аҳолиси билан Исфаранинг таркибий ва ажралмас қисми сифатида тўлиқ Тожикистон Республикасига тааллуқли эканлигини белгилаб қўйганди. Ушбу расмий ҳужжатлар ва уларга бириктирилган картага биноан, кейинчалик қайси ҳудудлар ўзлаштириб олингани, Ворух жамоатининг Тожикистон Республикасидан ажралиб қолишига нима олиб келгани аниқ бўлади. (Ворух сурати 1-рақамли харитада кўрсатилган). Шўролар Иттифоқи Халқ Комиссарлари Кенгашининг 1947 йилда Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасидаги чегараларни тасдиқлаш тўғрисидаги қарори Ворухнинг ҳақиқатдан ҳам Тожикистонга тааллуқли эканлигини тасдиқловчи яна бир далилдир. СССР Кадрлар Бош бошқармаси томонидан нашр этилган расмий харитада Халқ Комиссарлари Кенгашининг қарорларига биноан, Ворух Тожикистон ҳудуди таркибида ифодаланган. (9, 10, 11-хариталар). РСФСР ва Ўзбекистон ССР СССРнинг ўша даврдаги қонунчилигига тўлиқ мувофиқ тарзда, республикалараро чегараларни белгилашиб, шу орқали чегаралар билан боғлиқ масалага нуқта қўйишганди. Бу ҳужжатлар пакетини сўзлашувлар жараёнида «1924-1929 йиллар ҳужжатлари», дея атайдилар. (1, 2, 4, 5, 6, 7, 8-рақамли хариталар). Шубҳасиз, ҳужжатлар, хариталар ва архив материаллар 1925 йили (Ўзбекистон ва РСФСР таркибида) Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегаралар расмий тасдиқланганидан кейин Қирғизистон томонининг расмий илтимоси бўйича Қирғизистонга Тожикистоннинг қонуний ерлари ҳисобидан бир нечта бўлим ва аҳоли яшаш нуқталари берилганидан гувоҳлик беради. Жумладан: 1. 1926 йилнинг 10 сентябрида умумий майдони 180 минг гектар бўлган Баксо-Исфана ва Чапкулук бўлими. (21, 24-рақамли хариталар). 2. 1927 йилнинг 8 июнида 14 минг гектар майдонга эга Сулюкта тош-кўмир ҳовузи. 3. 1932 йилннинг 1 январида 15 минг гектар майдонга эга Замбуруч мавзеси ҳудуди, жумладан, Замбуруч, Жар, Жизгон ва Чуянчи қишлоқлари. (22, 23-рақамли хариталар). Табиийки, агар Шўролар Иттифоқи даражасида зикр этилган участкаларнинг Қирғизистонга берилгани ҳақида расмий ҳужжатлар мавжуд бўлган ҳолатда Тожикистон томони ҳеч қандай даъво қилмайди. (25-харита). 5. 1924-1927 ЙИЛЛАР ҳУЖЖАТЛАРИНИНГ АСОСЛИЛИГИ ВА ҚОНУНИЙЛИГИНИНГ ҚЎШИМЧА ИСБОТЛАРИ Қўшни мамлакатларнинг баъзи экспертлари ва хорижий мутахассислар «1924-1929 йиллар ҳужжатлари»ни шарҳлар эканлар, ушбу ҳужжатлар Тожикистон ва Қирғизистон РСФСР ва Ўзбекистон ССР таркибида бўлган даврда қабул қилинганини айтишади. Жумладан, бундай масала Қирғизистон 1936 йили иттифоқчи республикага айлангани муносабати билан кўтарилади. Бироқ шуни қайд қилиш жоизки, Шўролар Иттифоқи қонунчилигига кўра, Тожикистон Ўзбекистоннинг таркибидан чиққани ва 1929 йили иттифоқдош республикага айланганидан кейин чегара тақсимоти бўйича барча тасдиқланган ҳужжатлар Тожикистонга мерос бўлиб ўтган. (4, 5, 6, 1-рақамли хариталар). 1936 йилнинг охирида Россия таркибидан чиққанидан кейин Қирғизистон Республикаси ҳам РСФСР таркибидаги, яъни 1927 йилгача тақсимотдаги ўз чегараларини мерос қилиб олди ва расман эътироф этди (22, 23-рақамли хариталар). Бундан ташқари, агар Қирғизистон томони зикр этилган минтақа ва аҳоли яшаш нуқталарини бериш тўғрисида эслатиб ўтилган қарорлар натижасида чегараларни белгилашда «1924-1932 йиллар ҳужжатлари» тўғрилигини инкор қиладиган бўлса, мантиққа таянган ҳолда, Тожикистон уларни қайтариш тўғрисидаги масалани ўртага қўйиши мумкин. Бу ҳолатда, «баҳсли ерлар» ҳудуди учта участканинг 209 000 гектарини қўшиш орқали 211 000 гектардан 420 000 гектарга ошади. Шунинг учун, тегишли ҳужжатлардан воз кечиш Қирғизистон томонининг манфаатига хизмат қилмайди. Икки республика ўртасида чегаралар чизиғи ҳам ушбу қарорларга илова харитасида аниқ кўрсатилган. Айнан шунинг учун, Тожикистон томонининг нуқтаи назаридан «1924-1927 йиллар ҳужжатлари» Тожикистон ва Қирғизистон ўртасида давлат чегарасини аниқлаш учун ягона қонуний асос ҳисобланади. «1924-1932 йиллар ҳужжатлари» асослилигининг салмоқли исботи шундаки, 1989 йилдаги чегара мунозарасидан кейин Тожикистон ССР Вазирлар Кенгаши ва Қирғизистон ССР Вазирлар Кенгашининг талабларига кўра, 1990 йили СССР Олий Кенгашининг республикалар ўртасида чегараларни аниқлаш бўйича махсус комиссияси ташкил этилган. Мазкур масалани ўргангач, комиссия фақат «1924-1932 йиллар ҳужжатлари» эътироф этилиши ҳамда Тожикистон ва Қирғизистон ўртасида чегараларни аниқловчи сифатида фойдаланилиши мумкинлиги ҳақидаги якуний хулосага келди. Бироқ Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси тарихий архивларидан ушбу республикалар ташкил топган вақтда чегара қисми қўшимча ҳужжатлари ва СССР Олий Кенгаши махсус комиссиясининг 1990 йилги материалларини олиш сўзлашувлар ва чегараларни аниқлаш жараёнида муҳим вазифалардан бири саналади. 6. МАЪМУРИЙ ЧИЗИҚМИ ЁКИ ДАВЛАТ ЧЕГАРАСИ? (Қирғизистон томони таянаётган 1932 йилдан кейинги ҳужжатлар мақомининг ҳуқуқий шарҳи) Муҳокама жараёнида Қирғизистон томони 1932 йилдан 1991 йилгача ва икки мамлакат мустақиллиги даврида тайёрланган бир қатор ҳужжатларга таянмоқда. Ушбу ҳужжатларнинг бир қисми ерни алмашиш ва вақтинча фойдаланиш ҳақидаги маҳаллий ва маъмурий сўзлашувлар, бир қисми эса – чегара баҳсларини ҳал этиш бўйича турли комиссиялар иши натижасида ишлаб чиқилган. Икки мамлакат ўртасида ердан фойдаланишда юзага келаётган муаммоларни ҳал этиш учун қўшма комиссия ташкил этилган бўлиб, улар мавжуд баҳсларни тартибга солишга ҳаракат қилмоқда. Икки халқ дўстлиги ва улар ягона СССР таркибида яшаганликларини ҳисобга олган ҳолда, ушбу комиссиялар иши жараёнида Тожикистоннинг баъзи қонуний ерлари Қирғизистонга ижарага, вақтинча фойдаланиш учун берилган эди. Бироқ муҳими шундаки, 1932 йилдан кейин ва Шўролар Иттифоқи парчалангунча давлат чегарасини белгиловчи биронта ҳужжат белгиланган тартибда тасдиқланмаган. Шунинг учун, Қирғизистон томонидан давлат чегарасини белгиловчи ҳужжат сифатида фойдаланилаётган барча материаллар ҳеч қандай ҳуқуқий кучга эга эмас. Қирғизистон томони Тожикистон билан чегара сўзлашувларида далил сифатида ҳужжатларнинг учта пакетини тақдим этаётган бўлиб, уларнинг асослилиги қуйидагилар билан боғлиқ. 1. 1949 ЙИЛ ҲУЖЖАТЛАРИ ПАКЕТИ: Ушбу ҳужжатлар 1949 йилгача икки томонлама комиссиялар томонидан тартиб берилган протокол ва хариталарга эга. 1930 йилдан вақти-вақти билан Тожикистон томонидан Қирғизистон вақтинча фойдаланиш учун берилган ерларни расмийлаштириш муҳокама мавзуси саналади. Қирғизистон Вазирлар Кенгашининг Тожикистон Вазирлар Кенгашига 1949 йилдаги расмий мактуби асосий акт бўлиб, унда Қирғизистон ҳукумати Тожикистоннинг аниқ участкаларини ўз ҳудудига қўшишни расман сўрайди. Демак, МАКТУБНИНГ ЎЗИ ВА ҚИРҒИЗИСТОН ҲУКУМАТИНИНГ ТОЖИКИСТОН ҲУКУМАТИГА РАСМИЙ МУРОЖААТИ УШБУ ЕРЛАР ТОЖИКИСТОНГА ТЕГИШЛИ ЭКАНЛИГИ ВА БУ МАКТУБ БИЛАН ҚИРҒИЗИСТОН ҲАМ УШБУ ФАКТНИ ТАН ОЛГАНИНИ ИСБОТЛАЙДИ. Бироқ Тожикистон ССР Вазирлар Кенгаши ўзининг расмий жавобида СССР Конституциясига (1936 йил) қарама-қарши ҳолатни топди ва республикалар чегараларини ўзгартириш фақат Шўролар Иттифоқи олий қонунчилик органининг ваколати эканлигини қайд қилди. Бошқача қилиб айтганда, Тожикистон ўз ерларини бериш ҳақида Қирғизистоннинг илтимосини рад қилди. 1949 йил ҳужжатлари пакети Тожикистон томонидан тан олинмади, тегишли тасдиқлаш жараёнидан ўтмади. 1949 йил ҳужжатларининг Шўролар Иттифоқи давлат органлари томонидан тан олинмаганининг бошқа исботи шундаки, агар 1950 йилгача чегара чизиқлари икки республика хариталарида 1924-1927 ва 1932 йиллар ҳужжатлари бўйича кўрсатилган бўлса, 1950 йилдан кейин ушбу хариталарнинг баъзиларида икки республика чегаралари шартли равишда кўрсатилган ҳамда чегара чизиқлари карталарда қўшма комиссиялар ишлари натижаси давлат томонидан тасдиқланганидан кейин кўрсатилиши қайд қилинган. Бироқ СССР мавжудлиги охиригача 1949 йилнинг зикр этилган ҳужжатлари давлат томонидан тан олинмаган ва тасдиқланмаган. Айнан шунинг учун, Тожикистон томони ЧЕГАРА БЎЙИЧА СЎЗЛАШУВЛАРДА УЛАРДАН РЕСПУБЛИКАЛАР ЎРТАСИДАГИ ЧЕГАРАНИ БЕЛГИЛОВЧИ ҳУЖЖАТ СИФАТИДА ФОЙДАЛАНИЛИШИНИ ТЎҒРИ ВА ҚОНУНИЙ, ДЕБ ҲИСОБЛАМАЙДИ. Барча чегара можаролари конституцион жиҳатдан Тожикистонга тегишли ҳудудларда содир бўлмоқда. Мутлақо мантиқий савол туғилади: ким ўз Ватанини ва ўз заминини ҳимоя қилмоқда, ким эса тажовузкор? Бу саволларнинг жавобини ҳуқуқшунослар, сиёсатчилар, ҳарбийлар ва дипломатлар ҳукмига ҳавола қиламиз. Азиз муштарийлар, ўзингиз ҳаққоний баҳони берасиз, деган умиддамиз. 2. 1958-1959 ЙИЛЛАР ҲУЖЖАТЛАРИ ПАКЕТИ: Ушбу ҳужжатлар Тожикистон ССР Вазирлар Кенгаши ва Қирғизистон ССР Вазирлар Кенгашининг 1958 йил февралидаги қарори билан ташкил этилган «Тожикистон ССР ва Қирғизистон ССР ўртасида сув-ер масалаларини ҳал этиш бўйича» икки томонлама комиссия томонидан тайёрланган. Комиссиянинг асосий вазифаси икки мамлакат чегара чизиқларини белгилаш ва ифода этиш эмас, балки Исфара ва Боткеннинг аниқ участкалари ва чегара ноҳияларида сув, ер, ўтлоқлардан фойдаланиш бўйича баҳсларни ҳал этишдан иборат бўлган. 1959 йилнинг 17 мартида иккинчи қўшма комиссия ташкил этилиб, у Қирғизистоннинг Лайлак райони ҳамда Тожикистоннинг Ғончи, Нов ва Конибодом каби чегара ноҳиялари ўртасидаги ҳудудни аниқлаши керак эди. Қўшма комиссия аъзоси, Тожикистон ССР Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари Георгий Кошлаков комиссиянинг вазифаси икки республика бутун чегараси бўйича чегара чизиқларини аниқлаш эмас, балки бир мамлакат ҳудудида сув ва ердан тўғри фойдаланиш масаласини ҳал этишдан иборат эканлигини қайд қилганди. 1949 йилнинг муваффақиятсиз тажрибасига қарамай, 1958-1959 йиллар Қирғизистон томони Тожикистоннинг Исфара ноҳияси ва Қирғизистоннинг Боткен райони ҳокимлари (ушбу районлар раҳбарлари биринчи ўринбосарлари имзоси остида) ўртасида «шартнома»ни имзолаш орқали бегона ерларни «пастдан» ўзлаштиришни бошлади. Кейин бу ҳужжатни Ленинобод ва Ўш вилоятлари раҳбарлари (биринчи котиблар даражасида) имзолашди. Ўша даврда Боткен вилояти мавжуд эмасди, Тожикистон бу ерда Ўш вилояти билан чегарадош эди. Ушбу ҳужжатларда зикр этилган ерлар бир мамлакат (СССР) ҳудуди сифатида тилга олинган. Расмий «1924-1932 йиллар ҳужжатлари»га қарамасдан, Тожикистоннинг Исфара ноҳиясининг баъзи ерлари Ўш вилоятининг Боткен районига фойдаланишга берилган. Кейинги босқичда, 1959 йили Қирғизистон Вазирлар Кенгаши зикр этилган ерларни Қирғизистонда қолдирган ҳолда,Тожикистон Вазирлар Кенгашига комиссиялар иши натижалари ҳамда районлар ва вилоятлар даражасида эришилган келишувларни тан олиш орқали расмий мактуб йўллади. Бироқ ўша йилнинг ўзидаёқ Тожикистон Вазирлар Кенгаши расмий мактуб билан Қирғизистон Вазирлар Кенгашининг илтимосини СССР ҳокимиятига йўналтирган ҳолда, рад этди. Шунинг учун, 1958-1959 йиллар комиссияларининг якуний ҳужжатлари Тожикистон томонидан тан олинмади ва ДАВЛАТ ЧЕГАРАСИНИ БЕЛГИЛОВЧИ ҲУЖЖАТ мақомини олиш учун Тожикистон ҳамда СССР даражасида давлатнинг зарурий жараёнларидан ўтмади. Комиссия иши якуни Қирғизистон томони манфаатига эканлиги сабабли, 1961 йилнинг 30 мартида унинг ҳужжатлари Қирғизистон Олий Кенгаши Президиуми томонидан бир томонлама тартибда тасдиқланган. Аммо улар Тожикистон томонидан фақат Исфара шаҳри ва Ленинобод вилояти ҳокимияти маҳаллий органлари раҳбарлари даражасида тасдиқланган. Бироқ, чегара ҳуқуқий мақомини тасдиқловчи ҳужжат иккала республика раҳбарлари қарори қабул қилинганидан кейин СССР Олий Кенгаши томонидан тасдиқланиши керак эди. Шунинг учун, зикр этилган ҳужжатлардан чегара бўйича сўзлашувларда асос сифатида фойдаланиш ноқонуний ва ҳуқуқий кучга эга эмас. 1989 ЙИЛ ҲУЖЖАТЛАР ТЎПЛАМИ: Қирғизистон томони ҳам таянадиган ҳужжатлар тўплами Тожикистон ССР Вазирлар Кенгаши ва Қирғизистон ССР Вазирлар Кенгаши қарорлари билан 1989 йил можароларидан сўнг давлат чегарасини белгилаш учун тузилган икки томонлама комиссия ишининг натижасидир. 1958 йилда чегара ҳудудларида сув-ер низоларини ҳал қилиш учун тузилган комиссиядан фарқли ўлароқ, 1989 йилда тузилган комиссиянинг вазифаси ИККИ ДАВЛАТ ЧЕГАРА ЧИЗИҒИНИ УНИНГ БАРЧА ДАВОМИЙЛИГИ БЎЙИЧА АНИҚЛАШ эди. Бир неча ойлик ишлардан сўнг бу комиссия ҳақиқатан ҳам кўпгина чегарадош ҳудудларнинг ҳолатини батафсил тасвирлаб берди. Тожикистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг 2022 йил 23 сентябрда эълон қилинган маълумотларига кўра, тожик томони бу масалада мойиллик кўрсатиб, 1924-1932 йиллар ҳужжатлари билан бир қаторда ушбу харита ва ҳужжатлардан иш материали сифатида фойдаланишга рози бўлган. Лекин асосий муаммо шундаки, айнан шу комиссия чегара чизиғини 1924-1927 ва 1932 йиллардаги расмий чегаралардан катта фарқ билан чизган. Натижада, “баҳсли ерлар”нинг бир қисми Қирғизистон ҳудудига бириктирилиб, Тожикистоннинг қонуний ерларидан Қирғизистон ҳудудида 10та анклав ташкил этилган. Қирғиз томони ушбу комиссия ишининг натижаларини олий қонунчилик даражасида ўз мамлакати фойдасига тасдиқлаган. Бироқ Тожикистон Республикаси Олий Кенгаши тарихий-ҳуқуқий асосларни , яъни “1924-1932 йиллар ҳужжатлари”ни инобатга олган ҳолда давлат чегараси чизиғини аниқлаштириш бўйича ишларни давом эттиришни топшириб, комиссия ишининг натижаларини қабул қилмади ва тасдиқламади. Шу тариқа, СССР ва Тожикистон ССР конституцияларига мувофиқ 1989 йил тузилган комиссиянинг якуний ҳукми давлат тартибидан ўтмади ва давлат чегарасини белгиловчи ҳужжат сифатида кучга кирмади. Тожикистон ССР Вазирлар Кенгашининг 1991 йил 23 апрел қарори билан янги комиссия тузилди, унинг вазифаси ҳам тожик-қирғиз чегарасидаги низоларни кўриб чиқишдан иборат эди. Тожикистон Ташқи ишлар вазирининг БМТ Бош Ассамблеяси йиғилишидаги нутқи, Тожикистон, Қирғизистон расмийларининг интервюлари ва ОАВ маълумотларига кўра, томонлар 2006 йилда давлатлар ўртасидаги чегарани “1924-1927 ва 1989 йиллар ҳужжатлари”га мувофиқ белгилашга келишиб олгани маълум бўлди. Шундан келиб чиқиб, 2016 йилгача умумий чегаранинг 519,9 километри белгиланган. Ушбу минтақаларга доир Шартнома лойиҳаси тайёрланди, бироқ номаълум сабабларга кўра имзоланмади. Шунингдек, турли тожик ва қирғиз оммавий ахборот воситалари манбаларидан маълум бўлишича, комиссия 2021 йилдан бошлаб, яна иккинчи марта давлат чегарасини белгилашда айнан “1924-1927 ва 1989 йиллар ҳужжатлари”дан фойдаланган ва шунга мувофиқ умумий чегаранинг 80 километри белгиланган. Бундан мантиқан, иккала томон ҳам юқорида зикр этилган ҳужжатлар талабларини инобатга олган ҳолда шартнома тузиб, чегарани белгилашни ниҳоясига етказишлари мумкинлиги келиб чиқади. Чунки муаммонинг бошқа муқобил ҳуқуқий ечимлари мавжуд эмас. 7. “МАВЖУД ЧЕГАРАЛАР” ЁХУД МУСТАҚИЛЛИК ДАВРИ ҲУЖЖАТЛАРИ БИЛАН ЎЙИН Тожикистон ва Қирғизистон давлат мустақиллигини қўлга киритганларидан сўнг, 1991 йилдан бошлаб, чегара баҳслари янги босқичга чиқди. Энди икки мустақил давлат ўз чегарасини икки мустақил давлат ўртасидаги чегара сифатида белгилаши ва тан олиши керак эди. Тожикистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси бир-бирининг мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини расман тан олди, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида келишув имзолади. Бироқ икки томон ўртасидаги ҳужжатлар бўйича амалий келишмовчиликлар давом этиб, кескин ва можаровий тус олмоқда. Ушбу босқичда Тожикистон чегара музокараларида аввалгидек давлат чегараларининг асосини белгиловчи “1924-1927 ва 1932 йиллар ҳужжатлари”га асосланади. Қирғизистон томони ўзининг “тасдиқловчи ҳужжатлари”га мустақиллик давридаги бир қатор ҳужжатларни қўшиб қўйди, бу эса вазифани янада мураккаблаштирмоқда. Қирғизистон Президенти БМТ минбаридан туриб таъкидлаганидек, Қирғизистон Республикасининг мавқеи 1991 йил 8 декабрдаги “Мустақил Давлатлар ҳамдўстлигини ташкил этиш тўғрисидаги битим”, 1996 йил 12 июлдаги “Тожикистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасидаги муносабатлар асослари тўғрисидаги келишув”, 1991 йил 21 декабрдаги Олмаота декларацияси, МДҲ Низоми, 1994 йил 15 апрелдаги Москва декларациясига асосланади. Ушбу ҳужжатлар МДҲга аъзо давлатлар ўртасидаги муносабатларни белгиловчи асосий ва муҳим ҳужжатлар ҳисобланади, бироқ улардан давлат чегарасини белгиловчи ҳужжат сифатида фойдаланиш ноқонунийдир. Шу сабабли, Тожикистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасида ушбу ҳужжатлардан фойдаланиш ғоят мунозарали, чунки рўйхатга киритилмаган ҳудудларда давлат чегарасининг ўзи мавжуд эмас. 8. ҚИРҒИЗИСТОННИНГ “ТАСДИҚЛОВЧИ ҲУЖЖАТЛАРИ”НИНГ НОҚОНУНИЙЛИГИ НИМАДА? 1991 йил 8 декабрдаги «Мустақил Давлатлар ҳамдўстлигини ташкил этиш тўғрисидаги битим” ушбу халқаро ташкилотнинг таъсис ҳужжати бўлиб, МДҲнинг тамойиллари, йўналишлари ва фаолият кўлами, тузилмалари ва мақсадлари, шунингдек, давлатлар ўртасидаги муносабатлар тизимини белгилайди. Халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан, ушбу битимнинг предмети давлатлар ўртасидаги низоларни ва чегара масалаларини ҳал қилиш эмас. Халқаро келишувларнинг мақоми тўғрисидаги Вена конвенцияси (1969 йил 23 май) талабларига мувофиқ ушбу ҳужжат ўз мазмунига кўра, давлат чегараларига доир баҳсларни тартибга солиш ва ҳал қилиш учун ҳуқуқий асос сифатида тан олиниши ва ундан фойдаланиш мумкин эмас. Айнан, шунинг учун ҳам, Тожикистон томони ушбу ҳужжатлардан фойдаланишдан бош тортди. Бу ҳақда Тожикистон Республикаси Ташқи ишлар вазири 2022 йил сентябр ойида БМТ Бош Ассамблеяси йиғилишида айтиб ўтди. Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарининг баёнотига кўра, Тожикистон Республикаси Конституциясининг 10-моддаси ва Вена конвенциясининг халқаро келишувлар мақоми тўғрисидаги «Рacta sғnt seқvanda» (“Келишувларга амал қилиш лозим”) тамойили эълон қилинган 26-бандига мувофиқ, Тожикистон томони расман тан олинган халқаро ҳужжатларга, шу жумладан, МДҳ таъсис шартномасига амал қилади. Бироқ, халқаро келишувларнинг мақоми тўғрисидаги Вена конвенциясининг (1969) 31-моддаси 1-бандига кўра, “келишув мазмуни фақат ўз объекти ва мақсади доирасидагина талқин қилиниши керак”. Бу ҳолатда МДҲни ташкил этиш келишув (1)нинг номи ва унинг биринчи банди (2) келишувнинг предмети айнан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигини ташкил этиш эканлигини таъкидлайди. Унинг мақсади аъзо давлатларнинг ўзаро муносабатлари усулларини белгилашдир. Шунинг учун, бу келишувни чегара баҳсларини ҳал қилиш масаласида қўллаган ҳолда ўз фойдасига талқин қилиш нотўғри. Бундан ташқари, ушбу келишувнинг ажралмас қисми бўлган МДҲни ташкил қилиш тўғрисидаги 1991 йил 21 сентябрдаги баённомага мувофиқ, МДҲни ташкил қилиш тўғрисидаги келишувни амалга ошириш учун уни бажаришнинг аниқ механизми ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши керак. Келишув дастлаб фақат учта давлат (Россия, Украина ва Белоруссия) томонидан ишлаб чиқилган ва имзоланганлиги сабабли, таркибий баённома кейинги ўзгаришларни инобатга олган ҳолда, уларга қўшилган давлатлар келажакда мамлакатлар ўртасида турли йўналишлардаги муносабатларни тартибга солувчи ҳужжатлар ишлаб чиқилишини назарда тутган. Бироқ амалда мазкур келишув асосида аъзо давлатлар ўртасидаги чегара масалаларини тартибга солувчи бирорта ҳам ҳужжат ишлаб чиқилмаган ва қабул қилинмаган. Тожикистоннинг мавқеи, яъни МДҲнинг таъсис шартномасидан воз кечиши амалий нуқтаи назардан тўғри. Кўпгина халқаро ташкилотларда уларнинг аъзолари ўртасида чегара можаролари ва урушлар давом этаётганлиги сабабли, имзоланган келишувлар чегара масалаларини тартибга солмайди ва ҳал қилмайди. Шунингдек, МДҲ келишуви ва ушбу ташкилотга аъзолик ҳам Озарбайжон ва Арманистон, Россия ва Украина, Россия ва Грузия, Ўзбекистон ва Қирғизистон ва бошқалар ўртасидаги чегара мунозараларини ҳал қилмаган ва ҳал қилмайди, чунки буни таъминлаш келишув ваколати ва мақсадига мос эмас. Қирғиз томонининг ўзи МДҲ келишувига амал қилмаяпти, унинг СССР парчаланиб, МДҲ ташкил этилаётган даврда Тожикистон тасарруфида бўлган Олой водийсидаги ижарага олинган 63 000 гектар ерни 2004 йилда қайтариб беришни талаб қилиши бу ҳақиқатнинг далилидир. Масалан, Хитой, ҳиндистон ва Покистон Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо. Мазкур ташкилотга аъзо давлатлар ҳам таъсис шартномасида бир-бирининг ҳудудий яхлитлиги ва расмий чегараларини тан олади. Лекин ШҲТга аъзоликнинг ўзи бу давлатлар ўртасидаги давлат чегаралари масалалари ва можароларни тартибга солмайди. ШҳТга аъзолик ушбу давлатлардан чегарадаги можароларни дўстлик ва шериклик руҳида ҳал этишни талаб қилади, аммо бу масалани тўғридан-тўғри тартибга солмайди ва ҳал қилмайди. Буни муайян масалалар бўйича икки томонлама келишувлар даражасида ҳал қилиш мумкин. Қирғизистон томони фойдаланган яна бир ҳужжат, яъни “Тожикистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасидаги давлатлараро муносабатлар асослари тўғрисида”ги шартнома ҳам икки қўшни мустақил давлат ўртасидаги муносабатларнинг усулларини белгилаб беради ва шу билан бирга, икки давлат ўртасидаги давлат чегаралари масалаларини тартибга солмайди ва ҳал қилмайди. Икки давлат ўртасидаги дўстона ва тинч муносабатларни кўзда тутувчи ушбу ҳужжат чегара мунозараларини тинч йўл билан ҳал қилиш учун қулай сиёсий асос бўлиб хизмат қилиши мумкин. Шу билан бирга, ушбу дўстлик ва ҳамкорлик шартномаларининг мазмуни ва меъёрлари Қирғизистоннинг тожик ерларини дўстона тарзда қайтаришини, уруш ва можароларга киришмаслигини талаб қилади. Ёхуд келишувнинг “бир-бирининг ҳудудий яхлитлигини тан олиш ва ҳурмат қилиш”га урғу берилган 5-банди Қирғизистондан Тожикистоннинг ўз чегараларидаги ҳудудий бирлигини тан олишни, эгаллаб олган ерларни қонуний соҳибига қайтаришни талаб қилади. Бироқ, бу ҳужжатлар чегаранинг муайян баҳсли минтақаларида чегара чизиғини белгилаш учун асос бўла олмайди. Қирғизистон томони тақдим этган МДҲ Низоми, Олмаота декларацияси ва Москва декларацияси ҳам худди шу сабабларга кўра, музокараларда қарор қабул қилиш жараёнида қўлланилмайди. Қирғизистон томони ушбу ҳужжатларда таянадиган асосий нуқта улардаги “мавжуд чегаралар” атамасининг қўлланишидир. Яъни, бу ҳужжатларнинг аксарияти давлатлар бир-бирининг чегараларини “мавжуд чегаралар” доирасида Шўролар Иттифоқи парчаланган ёки МДҲ ташкил этилган пайтда тан олишларини назарда тутади. Жумладан, МДҲ Низомининг 3-моддаси 3-бандида “давлат чегараларининг дахлсизлиги”, “мавжуд чегараларни тан олиш” ва “ҳудудларни ноқонуний эгаллаб олишдан сақланиш” каби тушунчалар кўрсатилган. Мазкур ҳужжатнинг асл нусхасида бўлгани каби, бу иборалар “давлат чегараларининг дахлсизлиги”, “мавжуд чегараларни тан олиш” ва “ноқонуний қўлга киритилган ҳудудлардан воз кечиш” шаклида берилган. МДҳнинг 1991 йил 8 декабрдаги таъсис шартномасининг 5-моддасида “мавжуд чегара”(“мавжуд чегаранинг дахлсизлиги”) тушунчаси қўлланилади. Икки давлат ўртасидаги Давлатлараро муносабатлар тўғрисидаги шартноманинг биринчи ва бешинчи бандларида бир-бирининг “чегара дахлсизлиги” ва “ҳудудий яхлитлигини тан олиш” каби принципларга алоҳида урғу берилган. Аммо томонлар “мавжуд чегаралар” тушунчасини турлича талқин қилишади. Қирғизистон томони буни ўз манфаати йўлида талқин қилиб, “мавжуд чегаралар” Шўролар Иттифоқи парчаланган пайтда унинг мустақил ворис давлатлари ўртасида пайдо бўлган чегаралар, деб ҳисоблайди. Қирғизистон Республикасининг фикрига кўра, бу ҳақиқат мавжуд факт асосида тан олиниши керак. “Мавжуд чегаралар” иборасини шундай тушуниш билан Тожикистоннинг ҳозир Қирғизистон ихтиёрида бўлган деярли барча ерлари назарий жиҳатдан Қирғизистон Республикасида қолади. Тожикистон томонининг фикрига кўра, ФАҚАТ ЎРНАТИЛГАН ТАРТИБДА ДАВЛАТ ДАРАЖАСИДАГИ ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТЛАР ДОИРАСИДА ТАСДИҚЛАНГАН ЧЕГАРА “МАВЖУД ЧЕГАРА” ДЕБ ТАН ОЛИНИШИ КЕРАК. Шунинг учун Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги “мавжуд чегаралар” фақатгина “1924-1927 ва 1932 йиллардаги ҳужжатлар” доирасида белгиланган чегаралардир. Тожикистоннинг бундай позицияси ҳуқуқий, шунингдек, амалий ва сиёсий нуқтаи назардан мамлакат манфаатларидан келиб чиқади, зеро, агар Тожикистон СССР парчаланиши давридаги бошқа ҳужжатлар ёки амалда шаклланган чегараларни тан олса, тожик ерларининг кўп қисми Қирғизистон ихтиёрига ўтиши мумкин. Жумладан, Ворух анклав, деб ҳисобланадики, бу ҳолатга Тожикистон ҳеч қачон рози бўлмайди. Шу муносабат билан, Тожикистон Республикаси “мавжуд чегаралар” тушунчасини ақл билан англаш тарафдоридир. Қирғизистон томони урғу бераётган “мавжуд чегаралар” тушунчасига келсак, таъкидлаш жоизки, бу тушунча ҳеч қандай ҳуқуқий ҳужжатда очиб берилмаган. МДҳнинг бошқа ҳужжатларида “чегара”, “давлат чегаралари”, “давлатлар ўртасидаги чегаралар” тушунчалари ҳам қўлланилади. Хўш, қирғиз томонининг фикрича, чегара масалаларини ҳал қилишда қайси ибора ва атамаларни, гарчанд уларнинг барчаси ҳеч қандай изоҳсиз, аниқ келтирилмаган бўлса-да, асос қилиб олиш керак? Кўп йиллик музокаралар жараёни шуни кўрсатадики, Қирғизистон томони фақат ўз манфаатларини кўзлаган ҳолатларда “мавжуд чегаралар” тушунчасига таянади. Масалан, 2003 йил музокараларида Қирғизистон ижара муддати тугаши муносабати билан Олой водийсида (Мурғоб) 50 йилга (1942 йилдан) фойдаланиш учун Тожикистонга ижарага берилган 63 000 гектар ерни қайтариб беришни талаб қилган. Тожикистон томони хайрихоҳлик кўрсатиб, 2004 йилда бу ерларни Қирғизистонга қайтариб берди. Бу жараёнда минтақа аҳолисига Қирғизистон фуқаролигини олиб, бу давлатга кўчиб ўтиш ҳуқуқи берилган эди. Айрим экспертлар Тожикистоннинг бу амалини бир томонлама ён бериш, деб ҳисоблайди. Аммо бу мисол учта муҳим нуқтага ишора қилади: 1. Тожикистон қўшнилар билан икки томонлама келишувларга амал қилиб, 152 минг гектар қирғиз ерларини ижара муддати тугаши билан ҳеч қандай шартларсиз қайтариб берди. 2. Қирғизистон томони келишувларга кўра қайтариб бериши лозим бўлган тожик ерларига нисбатан бундай амалларни бажармади. 3. Зикр этилган ерлар СССР парчаланиб, МДҲ ташкил этилган даврда Тожикистон ихтиёрида эди. Шундай экан, “МДҲ ташкил этилган пайтдаги мавжуд чегаралар” тушунчасига таянадиган бўлсак, Олой водийси Тожикистонга тегишли ва Қирғизистон уни қайтариши керак. Бу ҳолат шуни кўрсатадики, унга нисбатан талаб қўйилган тақдирда қўшни томон “мавжуд чегаралар”ни тан олмайди, лекин ўз манфаатлари йўлида уларни асос сифатида қўллайди. Қирғизистон томони “ҳужжатлар баҳси” билан биргаликда Ворух айрим хариталарда оролча сифатида белгиланганлигини кўрсатиш учун “хариталар бўйича баҳс”ни ҳам илгари сурмоқда. Албатта, йиллар давомида айрим тадқиқот, ҳарбий ва сиёсий институтлар томонидан давлатлараро чегаралар ҳолатини турлича акс эттирувчи хариталар чиқарилди. Қайд этиш жоизки, давлат чегарасининг расмий чизиғи топографик харита билан эмас, балки давлатлараро ҳужжатларнинг имзоланиши билан белгиланади. Қолаверса, Шўролар давридаги аксарият хариталарда, хусусан, Туркистон ҳарбий округининг юқори аниқликдаги хариталарида Ворух ҳеч қачон анклав бўлмаган ва Тожикистон ҳудуди сифатида белгиланган. Шўролар Иттифоқи давридаги худди шу каби ҳарбий хариталарда 1975 йилгача Хожаи Аъло ва Ворух оралиғида Аксай аҳоли пункти бўлмаганлиги аниқ кўрсатилган. Шунингдек, 1975 йилга қадар аҳоли миқдори ва фуқаролик ҳолати қайди бўйича архив ҳужжатларда Аксай қишлоғи фуқароси сифатида бирорта ҳам шахс қайд этилмаган. Бу ҳолат Қирғизистон томонидан ушбу ерларнинг забт этиб олингани ва уларда аҳоли пунктлари қурилгани тарихини яққол акс эттиради. Бундан ташқари, 1960-1980 йилларда Тожикистонга қарашли ерлар ҳудудида ерларни ўзлаштириш мақсадида ноқонуний равишда Аксай, Ак-Татыр, Кок-Таш, Равват-Ковут, Карабак, Чонтала, Достук, Минбулак, Жаны-Жер, Кулунду, Максат, Социализм, Арка, Борбордук деб номланган қирғиз аҳолиси истиқомат қиладиган, айни пайтда можароларга сабаб бўлаётган аҳоли пунктлари ва инфратузилмалари пайдо бўлди. 9.” ҲУЖЖАТЛАР БИЛАН ЎЙИН” ҚАНДАЙ СОДИР БЎЛМОҚДА? Бу иборани қўшни давлат вакилларининг хатти-ҳаракатларига нисбатан қўллашдан мақсад шундан иборатки, музокаралар жараёнида Қирғизистон томони, нафақат бу масала, балки “таянч ҳужжат” бўйича ҳам ўз позициясини доимий равишда ўзгартириб туради. Сўнгги ўн йиллик мобайнида Қирғизистон давлат комиссиялари у ёки бу “баҳсли минтақа”даги ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ёки доимий равишда ўзгариб турадиган раҳбарлар ва комиссия аъзоларининг шахсий хоҳиш-истаклари билан боғлиқ ҳолда турли ҳужжатларга таяниб келмоқда. Қирғизистон Республикасининг бундай принципсиз позициясини “ҳужжатлар билан ўйин”, деб аташ керак. Масалан: 1. Қирғизистон томони қўшма комиссиянинг 2011 йил 4 февралдаги 10-сонли Баённомасига асосан, 1989 йилдаги икки томонлама комиссия материалларини Қирғизистон Республикаси расман тасдиқлаганлиги сабабли, улар Қирғизистон билан давлат чегарасини ажратиш учун ягона ҳужжат ва ҳуқуқий асос сифатида қаралишини таъкидлади. (Тожикистон томонидан тан олинмаган ва қонуний кучга эга бўлмаган материал) 2. Томонлар ҳуқуқий гуруҳлари йиғилишининг кейинги баённомаларида (2011 йил 19 ноябрдаги 11-сон ва 2012 йил 11 февралдаги 12-сон) қирғиз томонининг давлат чегарасини делимитация қилишнинг ҳуқуқий асоси сифатида 1958-1959 йиллардаги икки томонлама комиссия ва 1989 йил қарорларидан фақат зарур ҳоллардагина фойдаланишни таклиф қилиши қайд этилган. 3. Қирғиз томони 2013 йил 22 июлдаги 16-сонли баённомага мувофиқ, 1991 йил 8 декабрдаги МДҲ ташкил этиш тўғрисидаги битим, 1991 йил 21 декабрдаги Олмаота декларацияси, 1994 йил 15 апрелдаги Москва декларацияси, МДҳ Низоми ҳамда Тожикистон Республикаси ва Қирғизистон ўртасидаги давлатлараро муносабатлар асослари тўғрисидаги шартномани чегараларни ажратишни белгиловчи асосий ҳужжатлар сифатида ҳисобга олишини баён қилди. 4. 2021 йил 1 майдаги Баённомада қирғиз томони яна “1924-1927 йиллар ҳужжатлари” ва “1989 йил ҳужжатлари”дан фойдаланишга рози бўлди. 5. 2022 йилда қирғиз томони давлат чегарасини тасвирлаш учун барча мавжуд материаллар ва ҳужжатлардан фойдаланишни таклиф қилди. Бироқ, қўшни томоннинг ҳужжатларга бўлган муносабатлари асосан саралаш характерида бўлиб, уларнинг позицияси ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ёки гуруҳ раҳбари ва аъзолари алишган чоғда сезиларли даражада ўзгаради. 1924-1927 йиллар ҳужжатлари билан ишлашда икки томонлама стандартлар сиёсати ёки “мавжуд чегаралар”ни нисбий тушуниш қирғиз томонининг салбий муносабатларига яққол мисол бўла олади. Давлат раҳбарияти ва давлат чегара комиссияси аъзоларининг тез-тез алмашиб туриши, мамлакат сиёсий йўналишининг доимий ўзгариб туриши, ҳужжатларга нисбатан иккиюзламачилик, имзоланган келишувларнинг бажарилмаслиги, сиёсий вазият ва ички сиёсий кучлар мувозанатига қарамлик “ишончли шерик” муаммосига ва музокараларда “ваколатли томон” инқирозига олиб келди. Бошқача қилиб айтганда, бугунги кунда қўшни давлатда долзарб масалаларни конструктив ҳал этиш имконини берадиган малакали жамоа йўқ. ҳозирги вазият ва чегараларнинг ҳозирги ҳолати Қирғизистон Республикасидаги тез-тез ўзгариб турадиган сиёсий муҳит ва ички зиддиятларнинг қарамига айланди. Бунда қўшни давлат томонидан аниқ қарор қабул қилиш ва унинг бажарилишининг кафолати ғоят шубҳали ва кўпинча имконсиздир. Бунинг яна бир тасдиғи Қирғизистон ҳукумати томонидан 2006 йилда Тожикистон билан тузилган шартноманинг денонсация қилинишидир. *** Шу тариқа, Тожикистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасидаги чегара баҳсининг ҳуқуқий ва ҳужжатли томонининг таҳлили шуни кўрсатадики, бу можаро инқироз босқичида турибди. 10. ХУЛОСА, ЁХУД ТОЖИКИСТОН НИМА УЧУН “ТАЖОВУЗКОР-ДАВЛАТ” БЎЛА ОЛМАЙДИ? Мақоламизнинг асосий мақсади Тожикистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси билан чегара можароларидаги позициясини оммага тушунтириш, аҳолининг турли қатламлари ўртасида вазиятга доир яққол тушунчани шакллантириш бўлганлиги сабабли, хулоса қилиб айтганда, Тожикистоннинг позицияси ҳар биримиз англашимиз керак бўлган умумлаштирилган пунктлар шаклида тақдим этилган. 10.1. ЧЕГАРА БАҲСЛАРИДА ИККИ ТОМОННИНГ МАҚОМИ Қирғизистон баҳсли, деб атайдиган 211 000 гектар ер Тожикистон Республикасининг қонуний ҳудуди ҳисобланади. Бу можарода Тожикистон ер эгаси ва ўзининг қонуний ҳуқуқларининг ҳимоячиси сифатида чиқмоқда. Аммо бу баҳсда қирғиз томони Тожикистон Республикаси ерларини қайтаришдан бош тортаётган давлатдир. Яъни, ТОЖИКИСТОН ҲАҚ ТОМОН, ҚИРҒИЗИСТОН ЭСА ҚАРЗДОР ТОМОН ҲИСОБЛАНАДИ. Бу можарода томонларнинг роли ва позицияси Тожикистон ичида ҳам, ундан ташқарида ҳам аниқ тушунтирилиши керак. 10.2. БУ БАҲСДАГИ ҲАҚИҚАТ ВА ВОҚЕЛИК Кўриниб турибдики, 211 000 гектар ер Тожикистонга тегишли эканлигини барча расмий ва тарихий ҳужжатлар тасдиқламоқда. Бироқ, айни пайтда бу ерлар турли сабабларга кўра ҳозир Қирғизистон назоратида. Лекин ТАРИХИЙ ҲАҚИҚАТ ВА ҲУҚУҚИЙ АДОЛАТ ТОЖИКИСТОН ТАРАФИДА. Ушбу статус-квони англаш ва тан олиш керак. 10.3. ИККАЛА ТОМОННИНГ МАҚСАД ВА МАНФААТЛАРИ Юқорида зикр этилган фикрларни , чегарадаги можаро ва музокараларни инобатга олган ҳолда, тожик томонининг интилишлари ва манфаати ўз аждодий ерларини қайтаришдан иборат. Бироқ, бу жараёнда Қирғизистоннинг саъй-ҳаракати, мақсади ва манфаати Тожикистоннинг ушбу ерларини ўз назоратида ушлаб туриш ва ниҳоят, РАСМИЙ ЭГАЛИК МАҚОМИНИ ҚЎЛГА КИРИТИШ. Бошқача қилиб айтганда, Қирғизистоннинг позицияси ўзгаларнинг ерларини қайтариб бермаслик ва тамоман ўзлаштириб олишдир. 10.4. “ТАЖОВУЗКОР ДАВЛАТ” ВА “БОСҚИНЧИ ДАВЛАТ” ИБОРАЛАРИ ТЎҒРИСИДА Чегара баҳсида Тожикистон томони ҳеч қандай ҳолатда ТАЖОВУЗКОР ДАВЛАТ, ДЕБ ТАН ОЛИНМАЙДИ, зеро, Тожикистон Қирғизистоннинг қонуний ҳудудига бостириб кирмайди, аксинча, ўз қонуний ерларини қайтаришни талаб қилади. Ҳатто куч ишлатиш йўли билан қайтарган тақдирда ҳам, на ҳуқуқий, на тарихий нуқтаи назардан, Тожикистон тажовузкор давлатга айланмайди, чунки ҲЕЧ БИР ДАВЛАТ ЎЗ ҲУДУДИГА “ТАЖОВУЗ” ҚИЛМАЙДИ ЁКИ ЎЗИНИ-ЎЗИ “БОСИБ” ОЛМАЙДИ. Бинобарин, бу баҳсда Тожикистоннинг эгаллаб олинган ҳудудини қайтариш ёки озод қилиш борасидаги позицияси адолатли асосга эга. Лекин қонуний ерларини Тожикистонга қайтаришни хоҳламаётган Қирғизистон, барча мантиқий қоидаларга кўра, ТАЖОВУЗКОР ДАВЛАТДИР. *** Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара можароларининг моҳиятини шундай соддалаштирилган тарзда тушунтириш мутахассислардан ташқари жамиятнинг турли қатламлари ва мамлакатнинг ҳар бир фуқароси бу ҳақда ишончли ҳужжатлар ва далиллар асосида аниқ маълумотга эга бўлиши, ўз мамлакатининг принципиал позициясининг тўғрилигига қатъий ишониши учун зарур: 1. 211 000 гектар ер фақат Тожикистонга тегишли; 2. Тожикистон Қирғизистоннинг бирор-бир минтақасига даъвогар эмас; 3. Тожикистон айни пайтда қўшни давлат тасарруфида бўлган ўз ерларини қайтариб олишни хоҳлайди; 4. Қирғизистон томони ўзлаштириб олган ўзгаларнинг ерларини қайтаришдан бош тортмоқда ва уларни ўз ҳудудлари сифатида расман олиб қолмоқчи; 5. Тожикистон бу можарода “тажовузкор” давлат эмас, балки ўз ерларини йўқотган жабрланувчи томон; 6. Бу можарода ҳақиқат ва адолат бутунлай Тожикистон томонида; 7. Давлатнинг бу борадаги позицияси Тожикистон миллий манфаатларига тўла жавоб беради; 8. Ушбу баҳсда гап Тожикистон томонидан қўшни давлат ерларига бостириб кириш ва эгаллаб олиш ҳақида эмас, балки Ватан заминини ҳимоя қилиш ва озод қилиш ҳақида боряпти. Бу бутун жамият англаши керак бўлган муқаддас ҳимоя позициясидир. Тожикистоннинг ушбу нозик мавзудаги позицияси ҳақидаги аниқ ва қатъий фикрлар аҳолининг ватанпарварлик руҳини шакллантириш ва жамиятнинг Ватан чегараларини ҳимоя қилиш йўлида давлат атрофида жипслашиши учун зарур замин яратади. Табиийки, масаланинг моҳиятини билмасдан ва фақат ҳис-туйғуларга таянган ҳолда бирор нарсани узоқ муддатда қўллаб-қувватлашни таъминлаш ғоят мушкул. Зеро, ҲАР БИР ИШОНЧ МАНТИҚ ВА МУСТАҲКАМ ПОЯ УСТИГА ҚУРИЛАДИ.


Абдулло РАҲНАМО, халқаро масалалар бўйича эксперт.

психологическая помощь | как лечить простуду | крис картер секретные материалы | отзывы об отелях Бельгии и отзывы об автомобилях Citroen